АҚШ-Россия музокаралари фонида Алишер Усмоновнинг бойлиги ошди
Олам
−
02 Май 9990 2 дақиқа
Жорий йил бошида АҚШ Президенти Дональд Трампнинг лавозимга қайтиши ва Украина бўйича музокаралар бошлангани фонида Россиянинг энг бой миллиардерлари умумий бойликларини қарийб 15 миллиард долларга оширишга муваффақ бўлди ва уларнинг жами мол-мулки 305 миллиард долларга етди. Бу ҳақда “Bloomberg Billionaires Index” (BBI) хабар берди.
Қайд этилишича, энг катта молиявий ўсишни USM холдинги (унга “Металлоинвест”, “Удоканская медь” ва “Мегафон” киради) асосчиси Алишер Усмонов қайд этган. Унинг бойлиги 3,6 миллиард долларга ошиб, 16,9 миллиард долларга етган ва у дунёдаги энг бой одамлар орасида 129-ўринни эгаллаган.
Ундан сўнг “Еврохим” ва СУЭК ҳаммуассиси Андрей Мельниченко келади. Унинг бойлиги 2,5 миллиард долларга ошиб, 22,7 миллиард долларга етган ва 88-ўринга чиққан. Доғистонлик сенатор Сулаймон Каримов эса 2,45 миллиард доллар фойда кўрган ва ҳозирда 311-ўринда турибди. Россиядаги энг бой миллиардер – “Норникель”нинг энг йирик акционери ва “Интеррос” холдинги президенти Владимир Потанин ҳам 2,2 миллиард долларга бойиб, 57-ўринга кўтарилган.
“Бироқ барча россиялик миллиардерлар учун йил боши муваффақиятли кечмади. 5 нафар миллиардернинг бойлиги камайган. Улар орасида энг катта йўқотиш Владимир Лисинга тегишли – у 2,3 миллиард доллар йўқотган (ҳозирги бойлиги 23,5 миллиард доллар). Ундан кейинги ўринларда Геннадий Тимченко (-1,57 миллиард), Михаил Фридман (-1,45 миллиард) ва Леонид Михельсон (-1,3 миллиард) турибди”, дейилади хабарда.
BBI рўйхатида Telegram асосчиси Павел Дуров ҳам бор – унинг бойлиги 12,6 миллиард доллар деб баҳоланмоқда (йил бошидан бери 1,6 миллиард долларга ўсган).
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қисман Усмоновга тегишли бўлган Deep Sea Mining Finance (DSMF) компанияси томонидан ижарага олинган Coco кемаси Папуа-Янги Гвинеянинг эксклюзив иқтисодий зонасида сув остидан ноқонуний руда қазиб олишда гумонланаётгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси