Ака, бу бўлган-ку! Қозоғистонда яна конституция ўзгариши айтилди
Олам
−
20 Январь 4820 6 дақиқа
Қозоғистон Республикаси Конституцияси матнида бир қатор ноаниқликлар ва хатолар мавжуд бўлиб, улар ҳуқуқшунослар ва тилшунослар томонидан бартараф этилиши керак. Янада аниқ айтганда, Конституция яна ўзгаришлар ёқасида. Бу ҳақдаги муждани мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 20 январь куни Қизилўрдада бўлиб ўтган Миллий қурултойнинг V йиғилишидаги чиқишида берди.
“Конституциямиз матнида айрим хатолар борлиги аниқланди. Ўз вақтида терминологик ва услубий ноаниқликларга йўл қўйилган. Конституциявий ислоҳот доирасида бу бўшлиқларни ҳам тўлдиришимиз керак. Бу ишларга нафақат ҳуқуқшунослар, балки тил соҳасидаги малакали мутахассислар ҳам жалб этилади”, дейди у.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, конституциянинг муқаддимаси алоҳида эътиборга лойиқ бўлиб, уни миллий қадриятларни тўлиқ акс эттирадиган ва замондан қатъи назар ўз долзарблигини сақлаб қоладиган тарзда қайта ёзиш керак.
Унинг қўшимча қилишича, янги муқаддимада қозоқ заминидаги цивилизация ва давлатчилик тарихи чуқур илдизларга эга эканлиги айтилиши керак.
“Бу билан биз Қозоғистон Буюк даштдаги буюк давлатларнинг меросхўри эканини кўрсатишимиз керак”, дейди Президент.
Шу муносабат билан Президент Қозоғистонда конституциявий комиссия тузишни топширди, у мамлакатнинг асосий қонунига бўлажак ўзгаришлар – бир палатали парламентга ўтиш, вице-президент лавозимини жорий этишни тайёрлайди, шунингдек, унинг ёрдамида референдум санасини белгилайди.
Тўқаевнинг таъкидлашича, 2022 йилги референдумда фуқаролар конституцияга ўзгартиришлар киритиш тарафдори бўлганида, асосий қонунда 33 та модда ўзгарган, ҳозир эса ўзгаришлар янада кенг кўламли. Давлат раҳбари бу жараённи янги конституция қабул қилиш билан қиёслаш мумкинлигини айтди.
“Шунинг учун конституциявий комиссия тузишга қарор қилдим. Эртага махсус фармонга имзо чекаман”, дейди у.
Тўқаевнинг таъкидлашича, комиссия таркибига 100 дан ортиқ киши киради ва унга Конституциявий суд раиси раҳбарлик қилади. Унинг сўзларига кўра, комиссия барча таклифларни ўрганиб чиқади ва шундан сўнг расмийлар умуммиллий референдум ўтказиш муддатларини белгилайди.
Тўқаев Миллий қурултой йиғилишида, шунингдек, парламентни беш йилга сайланадиган 145 нафар депутатдан иборат Қурултой деб аташни таклиф қилаётганини таъкидлади. Давлат раҳбари давлат маслаҳатчиси лавозими тугатилишини маълум қилди.
“Барча ўзгаришлар конституцияда қайд этилиши керак”, дейди Тўқаев.
Аввалроқ Тўқаев вице-президент лавозимини жорий этиш тарафдори бўлган, ўтган йилнинг сентябрь ойида икки палатали парламентдан бир палатали парламентга ўтиш билан ислоҳот ўтказишни таклиф қилган эди. Ўшанда у ислоҳотни муҳокама қилиш камида бир йил давом этишини, 2027 йилда эса референдум ўтказилиши мумкинлигини айтганди. Унинг аниқ санаси маълум қилинмаган.
Ўзгариб, ўзгартирилиб йиртилмаган Қозоғистон конституцияси
Қозоғистон Республикасининг амалдаги Конституцияси 1995 йил 30 августда умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган. Мустақил Қозоғистоннинг биринчи Конституцияси эса 1993 йилда қабул қилинган эди.
1995 йилдан буён Бош қомусга жами 6 марта (йирик пакетли) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган:
• 1998 йил — Президент ва Парламент аъзоларининг ваколат муддатларига ўзгартириш киритилди;
• 2007 йил — Президентлик бошқарувидан парламент-президентлик тизимига ўтиш элементлари киритилди ва Парламент роли кучайтирилди;
• 2011 йил — Навбатдан ташқари президентлик сайловларини ўтказишнинг конституциявий асослари белгиланди;
• 2017 йил — Президентнинг айрим ваколатлари Парламент ва Ҳукуматга ўтказилди;
• 2019 йил — Пойтахт номи Остонадан Нур-Султонга ўзгартирилиши муносабати билан ўзгартириш киритилди;
• 2022 йил — Энг йирик ислоҳот амалга оширилиб, референдум орқали Конституциянинг учдан бир қисмига ўзгартириш киритилди (президентлик муддати 7 йиллик бир марталик этиб белгиланди ва бошқалар).
2022 йил 5 июнда ўтказилган умумхалқ референдуми натижасида Қозоғистон Конституциясидан Биринчи Президент Нурсултон Назарбоевнинг мақоми ва имтиёзлари билан боғлиқ барча бандлар чиқариб ташланди.
Янгиланган Конституциядан қуйидаги асосий нормалар олиб ташланди:
“Елбасы” (Миллат етакчиси) мақоми — Конституциянинг бир неча моддаларида учрайдиган Назарбоевнинг “Елбасы” сифатидаги алоҳида мақоми ва дахлсизлиги ҳақидаги қоидалар бекор қилинди.
Чекланмаган марта сайланиш ҳуқуқи — Биринчи Президентга нисбатан қўлланилган “кетма-кет икки мартадан ортиқ сайланиш тақиқи тааллуқли эмаслиги” ҳақидаги имтиёз (42-модданинг 5-банди) олиб ташланди.
Мустақил Қозоғистон асосчиси мақоми — Конституциянинг 91-моддасидан Биринчи Президентни мустақил Қозоғистон асосчиси ва унинг асосий тамойилларининг ўзгармаслиги кафолати сифатида белгиловчи жумлалар чиқарилди.
Дахлсизлик ва алоҳида ваколатлар — Назарбоев ва унинг оила аъзоларининг жиноий жавобгарликдан умрбод дахлсизлиги ҳамда Хавфсизлик Кенгаши ва Қозоғистон халқи Ассамблеясига умрбод раислик қилиш ҳуқуқи Конституциядан олиб ташланди.
Ушбу ўзгаришлар натижасида “Биринчи Президент — Элбоши тўғрисида”ги алоҳида конституциявий қонун ҳам ўз кучини йўқотди.
Конституция янгилангач, 2022 йилнинг 20 ноябрь куни навбатдан ташқари бўлиб ўтган Қозоғистон Президенти сайловида 2019 йилдан буён мамлакат бошида турган Қосим-Жомарт Тўқаев 81,31 фоиз овоз тўплади. Қолганлар эса Тўқаевдан анча орқада.
Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Тўқаевга сайловда қатнашганларнинг 81,31 фоизи ёки 6 456 392 киши, “Овул” Халқ демократик партиясидан номзод Жигули Дайрабаевга 3,42 фоиз ёки 271 641 киши, “Ижтимоий ишчилар альянси” томонидан кўрсатилган Каракат Абденга 2,60 фоиз ёки 206 206 киши, Қозоғистон “Аманат” касаба уюшмалари ҳамдўстлигидан номзод Мейрам Кажыкенга 2,53 фоиз ёки 200 907 киши, “Миллий” социал-демократик партиясидан ўз номзодини кўрсатган, Нурлан Ауесбаевга 2,22 фоиз ёки 176 116 киши, "Қозоқ оналари - божхонага йўл" уюшмасидан Салтанат Турсынбековага 2,12 фоиз ёки 168 731 киши овоз берган. Овоз беришда қатнашганларнинг 5,8 фоизи ёки 460 484 киши барча номзодларга қаршилигини ифода этган.
Бунга Қосим-Жомарт Тўқаев 7 йилдан ортиқ президент лавозимини эгалламаслиги, конституцион ўзгаришларга содиқ қолишини бир неча бор таъкидлаган. Сўнгги бор у 2025 йилнинг “Al Jazeera” телеканалига берган интервьюсида мазкур масалага тўхталиб, шундай деган эди:
“2029 йилда мен истеъфога чиқишимни аллақачон эълон қилганман. Чунки бу халқимнинг ва шахсий талабим.
Президент Худонинг элчиси эмас. У ўз халқи томонидан сайланган давлат бошқарувчиси. Бизда эса бор-йўғи етти йилга”, деган давлат раҳбари.
2026 йилда кутилаётган Конституцион ўзгаришдан кейин унинг президентликдаги муддати ноллашиши қонунан чекланган, лекин ҳозирча бир нарса дейиш қийин.
Конституциянинг 42-моддасига биноан, Қозоғистон Президенти фақат бир марта 7 йиллик муддатга сайланиши мумкин. Қайта сайланиш қатъиян тақиқланган. Конституциянинг 91-моддасига киритилган қўшимчага кўра, президентлик муддати (7 йил) ва бир марталик чеклов ҳақидаги қоидалар ҳеч қачон ўзгартирилмайдиган (мутлақ) нормалар сифатида белгиланган. Ҳатто, келгуси конституциявий ислоҳотлар ёки референдумлар орқали ҳам бу бандни ўзгартириш тақиқланади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, 2026 йилда ҳеч қандай “ноллашиш” содир бўлмайди, деб ишонилади. Қосим-Жомарт Тўқаевнинг жорий президентлик муддати 2029 йилда тугайди ва у амалдаги Конституцияга кўра қайта сайланиш ҳуқуқига эга эмас. 2026 йилда конституциявий ўзгаришлар юз берган тақдирда ҳам, президентлик муддатига оид чекловлар дахлсиз қолдирилиши қонун билан кафолатланган.
Live
БарчасиТуркия ҳам “Тинчлик Кенгаши”га қўшилди
22 Январь