Алишер Усмонов яна бир Германия нашрини судда ютди
Олам
−
28 Январь 2654 2 дақиқа
Россиялик миллиардер Алишер Усмонов Германиянинг “Frankfurter Allgemeine Zeitung” нашрига қарши туҳмат бўйича ишда ғалаба қозонди. Гамбург ер суди Алишер Усмоновнинг даъвосини қаноатлантириб, нашр томонидан бизнесмен ҳақида туҳмат деб топилган қатор даъволарни тарқатишни тақиқлади. Бу ҳақда Усмоновнинг матбуот хизматига таяниб, “РБК” хабар берди.
Қайд этилишича, суд қарори жорий йилнинг 23 январь куни эълон қилинган. Тақиқ бузилган ҳар бир ҳолат учун 250 минг еврогача жарима белгиланган. Агар жаримани ундириш имкони бўлмаса, ҳар бир қоидабузарлик учун олти ойгача маъмурий қамоқ, жами ҳисобда эса икки йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Алишер Усмонов вакилларининг маълум қилишича, суд FAZ нашрига бизнесмен гўёки ўз бойлигини “Кремль манфаатлари ёки топшириғи билан” ишлатгани, Ўзбекистонда Россия ҳокимияти манфаатларини норасмий тарзда ифода этгани, шунингдек, 2006 йилда “Коммерсантъ” газетасини сотиб олгандан кейин унинг таҳрир сиёсатига аралашгани ҳақидаги даъволарни тарқатишни тақиқлаган.
Бундан ташқари, адвокатларнинг билдиришича, Европа суд амалиётида илк бор суд Россия суди томонидан аввал ёлғон деб топилган мухолифатчи Алексей Навалнийнинг суриштирув материалларига таянилган даъволарни тарқатишни ҳам тақиқлаган. Хусусан, “У сизга Димон эмас” фильмида Алишер Усмонов гўёки Россиянинг собиқ президенти Дмитрий Медведев атрофидаги шахсларга кўчмас мулк топширгани ҳақидаги иддаолар назарда тутилмоқда.
Бизнесменнинг вакиллари ушбу қарорни Европа суд амалиёти учун муҳим прецедент деб атаган.
Маълумот учун, бу Германия судларида Усмонов фойдасига чиқарилган илк қарор эмас. Ўтган йил баҳорида Гамбург суди Германиянинг ARD телеканалига Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) судьяларни пора билан сотиб олгани ҳақидаги маълумотларни тарқатишни тақиқлаган эди.
2024 йилда эса худди шу суд АҚШнинг “Forbes” нашрига Алишер Усмонов Россия раҳбари Владимир Путиннинг “номинал шахси” бўлгани ва “унинг бизнес масалаларини ҳал қилгани” ҳақидаги баёнотларни тарқатишни тақиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Мюнхен шаҳри прокуратураси Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни бузиш гумони бўйича олиб борилган терговни тўхтатганди.
Live
Барчаси