Вашингтонда мушт, Мюнхенда киноя: Алиевлар оилавий “ҳужум”га учради
Таҳлил
−
24 Февраль 7276 8 дақиқа
Нафақат Кавказда, Европада, балки жаҳон миқёсида ўтган ҳафта Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев оиласи билан мухолифат ўртасида юзага келган кескинлик диққат марказида турди. Мамлакат биринчи хоними ва вице-президенти Меҳрибон Алиеванинг журналистнинг саволига нисбатан номутаносиб жавоби, Президент Илҳом Алиевнинг эркин матбуотга нисбатан кескин фикри ва бундай ғалвалар фонида кулибгина турган Лейла Алиеванинг чеҳраси, ҳеч қанча ўтмай АҚШда Алиев мухолифларининг калтакланиши шулар жумалисидан.
Этимологиясига кўра “Оловлар юрти” маъносини берувчи Озарбайжонда эса сиёсий ҳарорат гоҳ минтақа миқёсида атрофни аланга олдиради, гоҳ ҳаммаси ҳеч нима бўлмагандай давом этади. Ички масалаларда эса расмий Баку барқарорлик ва тараққиётни таъкидлар экан, мухолифат мамлакат дохилида ҳам, хорижда ҳам ўз овозини эшиттиришга уринмоқда. Бу қарама-қаршилик баъзан дипломатик йўлакларда, баъзан эса меҳмонхоналар қаршисида намоён бўлади.
Мюнхендаги саросимали саволлар
Германиянинг Мюнхен шаҳрида 13-15 февраль кунлари 2026 йилги хавфсизлик конференциясига борган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бошчилигидаги делегация, хусусан мамлакат биринчи хоними ва вице-президенти Меҳрибон Алиева, Иқтисодиёт вазири Микойил Жабборов ва Президент ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев озарбайжонлик журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Эмин Ҳусайновнинг кескин саволлари остида қолди.
Ҳусайновнинг энг кўп шов-шувларга сабаб бўлган суҳбатдоши мамлакат биринчи хоними ва биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева бўлган. У журналистнинг демократия ҳақидаги саволини эътиборсиз қолдириб, Озарбайжонда демократия қай даражада эканини айтишдан қочган ва Ҳусайновнинг шахсиятига нисбатан кескин гаплар гапирган.
“Аёл киши кийимида элчихона ичида яширинган сизмидингиз? Сизга фақат соғлиқ тилайман”, деган Алиева.
Ҳусайнов эса аёл кийимида бўлмаганини айтиб, вице-президентнинг мамлакатдаги воқеалардан тўлиқ хабардор эмас эканлигини гапирган. Бу гап ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Давлатга яқин нашрлар воқеани провокация сифатида баҳолади, мустақил майдон эса уни эркин матбуот билан муносабатларнинг рамзий кўриниши, деб талқин қилди.
Мана шу нуқтада онаси провокацияга учраётган Лейла Алиеванинг тиржайган чеҳраси тармоқда мемларга сабаб бўлди. Шундай қилиб, Озарбайжоннинг биринчи рақамли оиласи Мюнхендан бўғиқ кайфиятда қайтган бўлиши эҳтимолга анча яқин. Этика нуқтаи назаридан бу мемларни кўрсатмасликка қарор қилдик.
Меҳрибон Алиева ҳамда Эмин Ҳусайнов билан юз берган ҳолат кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг Озарбайжондаги Baku TV нашри биринчи хоним Ҳусайновга қилган шамасида нима демоқчи бўлганини изоҳлашга уринди.
Унга кўра, балки ёш авлодга бегона бўлган бу савол орқали Меҳрибон Алиева кўпчиликка Эмин Ҳусайновнинг ўтмишдаги элчихона саргузаштларининг баъзи лаҳзаларини эслатмоқчи бўлган. 1979 йилда Бакуда туғилган Эмин Ҳусайнов Кооператив, Иқтисодий ва Баку давлат университетларида таҳсил олган. У журналист ва фаол ҳолда ишлаган. 2014 йил август ойи бошида солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбланган Эмин Ҳусайнов ўзи бошқарган Мухбирлар эркинлиги ва хавфсизлиги институти офисида тинтув ўтказилгани ҳақидаги хабарни олгач, дарҳол АҚШ элчихонасига борган ва у ерда яширинишга ҳаракат қилган. Бироқ элчихона америкалик ҳарбий аёлга уйланган Ҳусайновнинг бу илтимосини рад этган.
“Август ойи бошида Ҳусайнов Бакудаги АҚШ элчихонасида бўлиб ўтган тадбирга боради ва элчихонанинг муваққат ишлар вакили Дерек Хоган билан ёлғиз қолади. Элчи Ричард Морнингстар бир неча ҳафта олдин Бакуни тарк этган эди. Манбаларга кўра, Эмин Хоганга қоғоз топширади. “Менга қандай ёрдам бера оласиз? Мен ҳибсга олинишим мумкин”, дейди. Хоган ёрдам бера олмаслигини айтади”, дейилади хабарда.
Baku TV’нинг қўшимча қилишича, матбуот Ҳусайнов дипломатик корпусда яширинганини ёзган бўлса-да, элчихона 12 август куни раддия бериб чиқади. У ташқи қиёфасини бутунлай ўзгартириб, сочларини бўяйди ва бошқа кийимлар кияди. Бошқа бир манбанинг айтишича, Ҳусайнов, ҳатто одамлар уни танийдими ёки йўқми, билиш учун шу шаклда ташқарига чиқади.
Ниҳоят, 18 август куни озарбайжонлик таниши Эминни Швейцария элчихонаси яқинида тушириб қўяди. Эмин элчихона атрофидаги фуқаролик кийимидагилар полиция эканлигини тушунади. Улар билан инглиз тилида гаплашиб, алдашга ҳаракат қилади. Аввалига улар Ҳусайновни танимайди. Шундай қилиб, Эмин Ҳусайнов Швейцария элчихонасида тахминан 10 ой қолади. 2015 йил 13 июнда Озарбайжон ҳукумати билан музокаралардан сўнг у Швейцария Ташқи ишлар вазирлигининг юқори лавозимли дипломати Диде Буркхалтер ҳамроҳлигида ушбу мамлакатга учиб кетади.
Давлатга яқин ОАВ вакиллари “дежурний” саволлар билан Президентни кутиб олган бир пайтда, Ҳусайнов мустақил журналистлар номидан интервью сўради. Президент эса йўлидан тўхтамай: “Дунёда мустақил оммавий ахборот воситалари йўқ”, деди.
Шундан сўнг Ҳусайнов Президентни журналистдан мудохала қилишга уринаётган Иқтисодиёт вазири Микойил Жабборовга, кейинроқ толерант қарашлари билан Озарбайжон сиёсатида ажралиб турувчи Президент ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиевга юзланиб, мустақил оммавий ахборот воситалари номидан Илҳом Алиевга савол бергани, лекин у жавоб бермаганини айтган. Жабборов Ҳусайновнинг саволларига эътибор ҳам қилмаган бўлса, Ҳожиев уни эркин оммавий ахборот воситаси деб ҳисобламаслигини билдирган.
Алиев яна “ҳужум”га учради
Аммо ҳали Мюнхендаги бўҳронларга чап бериб улгурмаган Алиев жанобларини Вашингтонда “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи мажлисидан кейин яна ажойиб сюрпризлар кутиб турганди. Вашингтонда ҳам диққат марказидаги саҳна такрорланди.
Яъни, 19 февраль куни “Тинчлик кенгаши” йиғилишида иштирок этиш учун Америка Қўшма Штатларига борган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев тунаган меҳмонхона қаршисида сиёсий мухолифлар томонидан намойиш ўтказилди. Бироқ намойишчилар бу сафар шунчаки эътиборсизликка эмас, балки Алиевнинг қўриқчилари томонидан кучли қаршилик ва зўравонликка учради.
Норозилик акцияси иштирокчиларидан камида 2-3 нафари Президент Илҳом Алиевнинг қўриқчилари деб айтилаётган шахслар – қуролланган, басавлат, расмий кийинган эркаклар томонидан дўппослангани акс этган видео ижтимоий тармоқда яшин тезлигида тарқалди. Буни тармоқ фойдаланувчилари 2017 йилда айнан Вашингтонда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ташрифи муносабати билан намойишга чиққанларнинг дўппослангани билан солиштирмоқда.
Намойишчилар Озарбайжонда сақланаётган мустақил журналистларга, сиёсий маҳбусларга, хусусан, Озарбайжон Халқ фронти партияси раиси Али Каримлига ва Мусават партияси аъзоси, Алиевларнинг ашаддий танқидчиси Тофиқ Ёқублига озодлик берилишини талаб қилиб, норозилик билдирган. Шунингдек, улар қўлларида овоз кучайтиргич билан бир неча маротаба: “Сиёсий маҳбусларга озодлик”, “Диктатор”, деб бақирган. Сўнгра уларга нисбатан Президент қўриқлов хизмати тарафидан куч ишлатилиб, жароҳат етказилган.
“Мақсадимиз – Илҳом Алиев жойлашган меҳмонхона қаршисида сиёсий маҳбусларга озодлик сўраб, тинч намойиш ўтказиш эди. Бизнинг ҳеч қандай провакация қилиш ниятимиз йўқ. Биз Озарбайжон Халқ фронти партияси раиси Али Каримлига озодлик берилишини сўрадик. Илҳом Алиевга Озарбайжонда эътироз қилишнинг иложи йўқ. Биз эса ҳеч бўлмаса хорижда овозимизни эшиттиришни хоҳладик. Илҳом Алиевнинг қўриқчилари эса бунга қаттиқ жавоб қайтарди. Улар бизга зарар бердилар, менинг кийимимни йиртишди, мени дўппослашди”, деган намойиш иштирокчиларидан бири.
Намойишни бостиришда Президент Қўриқлаш хизмати билан бирга АҚШ полицияси ҳам иштирок этган. Тинч намойишчиларга қарши зўравонликларни хаспўшлашга уринган Озарбайжоннинг АҚШдаги элчихонаси Алиевнинг Хавфсизлик хизматида намойишчиларни дўппослашдан бошқа бошқа чора қолмаганини айтиб чиқди.
“Бу гуруҳ, шунингдек, Озарбайжон раҳбариятига қаратилган номақбул сўзларни ишлатди. Президентнинг зирҳли машинасининг ҳаракатига тўсқинлик қилиш ёки жисмоний аралашиш жиддий хавфсизликка таҳдид солганини ҳисобга олган ҳолда, Президент Хавфсизлик хизмати дарҳол вазиятга аралашишдан бошқа чораси қолмади. Стандарт иш тартибларига мувофиқ хавфсизлик чоралари фақат хавфсизликни таъминлашга қаратилган”, дейилади элчихона баёнотида.
Алиевлар даври ва мухолифат чеҳралари
Яна бу мавзу глобал миқёсида кун тартибига чиқди, мустақил оммавий ахборот воситалари буни тинч намойишчиларга қарши ҳужум сифатида баҳоласа, Озарбайжондаги кенг миқёсидаги маҳаллий нашрлар митинг иштирокчиларини “радикал унсур” дея таърифлади. Хўш, отаси 10 йил, ўғли 23 йилдан бери бошқараётган Алиевлар Озарбайжонида мухолифат озодлик талаб қилаётган Али Каримли ва Тофиқ Ёқублилар ким?
Озарбайжонда сиёсий ҳокимият 1993 йилдан буён Алиевлар оиласи қўлида: аввал Ҳайдар Алиев, 2003 йилдан эса Илҳом Алиев. Расмий нуқтаи назар бу даврни барқарорлик, энергетик лойиҳалар ва мувозанат сиёсати билан изоҳлайди. Аммо мухолифат фикрича, узоқ муддатли ҳокимият марказлашуви сиёсий рақобатни чеклаб қўйган. Шу фонда икки исм тез-тез тилга олинади: Али Каримли ва Тофиқ Ёқубли.
Али Каримли – давомчилик ва даъво
Али Каримли – Озарбайжон Халқ Фронти партияси раҳбари, Озарбайжон тарихида энг демократик президент сифатида кўрилувчи марҳум Абдулфаз Элчибейнинг сиёсий давомчиси. У эркин сайловлар, сиёсий рақобат ва маҳбуслар озодлигини талаб қилиб келади.
Сўнгги йилларда у маъмурий босимлар ва чекловлар ҳақида гапирган. Айрим манбалар унинг ҳибсга олинишини давлат ҳокимиятини зўрлик билан эгаллашга қаратилган айбловлар фонида изоҳлайди, расмийлар эса барча чоралар қонун доирасида эканини таъкидлайди.
Озарбайжон мухолифатининг оёққа туриши давлат ҳокимиятини зўрлик билан эгаллаб олишга қаратилган айбловлар фонида Каримлиниг ўтган йилнинг ноябрь ойи охирларида ҳибсга олиниши билан боғлиқ.
Тофиқ Ёқубли – қамоқ ва қаршилик
Тофиқ Ёқубли – “Мусават” партияси фаоли ва ҳокимият танқидчиси. У бир неча бор ҳибсга олинган. Халқаро ташкилотлар айрим ҳолатларда уни “сиёсий маҳбус” деб атаган бўлса, расмий Баку буни рад этади.
Унинг очлик эълон қилгани, суд жараёнлари ва оила аъзоларининг фаоллиги жамоатчиликда баҳсларга сабаб бўлган. Вашингтонда Илҳом Алиевга қарши намойиш ўтказган ва хавфсизлик кучлари тарафидан калтакланганлар орасида Ёқублининг ўғли, иккинчи Қорабоғ уруши ғозийси Раҳим Ёқубли ҳам бор эди.
Эркинлик талаби ва давлат позицияси
Озарбайжон сўз эркинлиги ва демократия бўйича дунёда энг қуйи поғоналарда қолмоқда. Мухолифат – сиёсий плюрализм, эркин йиғилиш ва мустақил матбуотни талаб қилади. Ҳокимият эса хавфсизлик, барқарорлик ва қонун устуворлигини биринчи ўринга қўяди.
Оловлар юртидаги бу тортишув ҳали якунига етгани йўқ. Саволлар хорижда йўлакларда ҳам, майдонларда ҳам янграмоқда. Жавоблар эса вақт, сиёсий ирода ва жамиятнинг танловига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Live
Барчаси