Австралия болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқлаган 1-давлат бўлди

Олам

image

Австралия дунёда биринчи бўлиб 16 ёшга тўлмаган шахсларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаган мамлакатга айланди. Мамлакат парламенти томонидан 2024 йил ноябрида қабул қилинган қонун бугун, 10 декабрдан бошлаб кучга кирди. Бу ҳақда “Evronews” хабар берди.

Ёшларни интернетдаги таъқиб, дезинформация ва ноқонуний контентдан ҳимоя қилишга қаратилган ушбу тақиқ кўпчилик йирик платформаларга тааллуқли бўлади, жумладан, TikTok, YouTube, Instagram, Snapchat, Facebook, Reddit ва X кабиларга. У WhatsApp мессенжерига, почта дастурларига, онлайн-ўйинларга ва ўқув лойиҳаларига татбиқ этилмайди.

Австралия Бош вазири Энтони Албанезе ушбу қонун болаларга нормал болалик ўтказишга ёрдам бериши, ота-оналарга руҳий хотиржамлик бахш этиши ва бошқа мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилишини айтган.

Тақиқ талабларига бўйсунмаслик ҳолатида платформалар 49,5 миллион Австралия долларигача жаримага тортилиши мумкин.

Канберра ҳукумати қадамларининг танқидчилари бундай чорани мутаносиб эмас, деб ҳисоблайди ва бу борада мамлакат Олий судига даъво аризаси ҳам киритилган. Кўпчиликнинг фикрича, ўсмирлар шунчаки назорати янада қийинроқ бўлган бошқа сервисларга ўтиб кетади, холос.

Бир қатор мамлакатлар, жумладан, Малайзия, Дания ва Норвегия ҳам шундай тақиқлар жорий қилиш нияти борлигини билдирган. Худди шундай чекловлар ғоясини Европа парламенти ҳам қўллаб-қувватлаган.

Германияда сўровда иштирок этганларнинг катта қисми (77 фоизи) бундай қонунни тўлиқ ёки қисман қўллаб-қувватлашини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси тайёрланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Австралия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг