Ғофур Раҳимовнинг жияни, Санжикнинг божаси “Равшан золотой” халқаро қидирувга берилди
Таҳлил
−
17 Апрель 7211 5 дақиқа
“Равшан золотой” лақаби билан танилган ўзбекистонлик Равшан Муҳитдинов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилди. Бу ҳақдаги эълон Интерпол сайтида пайдо бўлди.
Қайд этилишича, 1988 йилда туғилган Равшан Муҳитдинов Жиноят кодексининг 173-моддаси 3-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 242-моддаси 2-қисми (Жиноий уюшма ташкил этиш), 277-моддаси 3-қисми (Безорилик) билан айбланмоқда.
Айтиш ўринлики, Равшан Муҳитдиновнинг божаси “Real Sanjik” тахаллуси билан танилган Санжар Каримов уй можароси ортидан ҳибсга олинган эди. 10 апрель куни унинг иши бўйича биринчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Санжар Каримов Жиноят кодексининг 112-моддасининг (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми, 168-моддасининг (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ҳамда 273-моддасининг (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Равшан Муҳитдинов таниқли тадбиркор ва Халқаро ҳаваскор бокс ассоциациясининг (AIBA) собиқ президенти Ғофур Раҳимовнинг жияни ҳисобланади.
Муҳитдинов 2007 йилда (18 ёшида) Жиноят кодексининг бир нечта моддалари (жумладан, жиноий уюшма ташкил этиш) билан айбланиб, қидирувга берилган. У 12 йил давомида Ўзбекистондан ташқарида (асосан Истанбул ва Дубайда) истиқомат қилган.
2019 йилда унга нисбатан эълон қилинган қидирув бекор қилинди ва у Ўзбекистонга қайтиб келди. Хабарларга кўра, унга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар қайта кўриб чиқилиб, оқланган.
Ижтимоий тармоқларда Равшан Муҳитдиновнинг ўз тоғаси Ғофур Раҳимов билан молиявий масалаларда келишмовчилиги бўлгани ва бу низо ҳатто жисмоний тазйиқларгача бориб етгани ҳақида видеомурожаатлар тарқалган.
Баъзи ОАВ ва экспертлар уни МДҲ ҳудудидаги таъсир доирасига эга шахслар билан яқин алоқада деб ҳисоблашади, бироқ Муҳитдиновнинг ўзи берган интервьюларида бундай иддаоларни рад этиб, шунчаки тадбиркор эканини таъкидлайди.
2023 йилда Ўзбекистонда кўча безорилари ва уюшган жиноий гуруҳларга қарши олиб борилган “долзарб 40 кунлик” рейд тадбирларида ўнлаб авторитетлар қўлга олинганди ва ўша кезларда “криминал авторитет” сифатида кўриладиган “Равшан Золотой”ни қўлга олиш учун катта гуруҳ Туркияга кетгани ҳақидаги гап-сўзлар тарқалганди. Бироқ, ўша вақтда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев бу иддаоларни рад этиб, қидирилаётганлар орасида Туркияга қочганлар йўқлигини айтган эди.
18 ёшида Интерпол орқали қидирувга берилган Равшан Муҳитдинов 2009 йил сентябрь ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида Отатурк халқаро аэропортида ҳибсга олинган эди. Шундан сўнг, у 3 йил давомида Истанбулдаги Молтепа қамоқхонасида сақланган ва Ўзбекистон томони илгари сурган айбловлар ўз исботини топмагани учун озод этилган.
Қўшимча маълумотларга кўра, 2013 йил октябрда Бирлашган Араб Амирликларида такроран ҳибсга олинган “Равшан Золотой” 2013 йил декабрига қадар Дубайдаги Ал-Авир қамоқхонасида ушлаб турилган ва Ўзбекистон томони илгари сурган айбловлар ўз исботини топмагани учун озод этилган.
Ўша вақтда ОАВга интервью берган Равшан Муҳитдиновнинг отаси Баҳодир Муҳитдинов ўғлига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини орадан 12 йил ўтиб қайта кўриб чиқишни сўраб, Президент Шавкат Мирзиёев номига мактуб йўллаганини айтган.
Орадан икки ой ўтиб, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси терговчилари у билан боғланиб, ўғлига нисбатан эълон қилинган қидирув олиб ташлангани ва 12 йил муқаддам қўзғатилган тергов иши қайтадан кўриб чиқилаётганини маълум қилганини айтган. “Равшан Золотой”нинг отасига кўра¸ бўлиб ўтган жанжалнинг бошқа иштирокчилари ҳам ўғлининг жанжалга аралашмагани ҳақида кўрсатма берган.
2019 йилнинг 11 июлида “Равшан Золотой” Ўзбекистонга қайтди. Унинг Тошкентга қайтиши арафасида Ички ишлар вазирлиги сайтининг қидирувдаги шахслар рўйхатидан Муҳитдиновнинг исм шарифи олиб ташланган.
2019 йил 11 июль куни Ўзбекистонга қайтган Равшан Муҳитдинов орадан бир неча кун ўтиб, аниқроғи 24 июль куни яна мамлакатни тарк этди. Охирги вақтлар у Ўзбекистонда спорт ҳомийларидан бири сифатида кўрилмоқда. Муҳитдинов Париж олимпиадасида Ўзбекистон расмийлари билан кўриниш ҳам берган.
Муҳитдинов ижтимоий тармоқларда у қадар фаол эмас. У онда-сонда Instagram саҳифасида “сторис”лар жойлаб туради. Facebook'да эса бироз фаол. Facebook'даги маълумотларга кўра, Муҳитдинов Жаҳон Ногиронлар Хайрия Жамғармаси вице-президенти. Ҳозирги вақтда Туркиянинг Истанбул шаҳрида истиқомат қилади.
Равшан Муҳитдинов 2023 йилда ижтимоий тармоқларда қидирувда экани ҳақидаги хабарлар Тошкент шаҳар ИИББ томонидан рад этилганига шундай муносабат берган эди:
“Менинг тарихий Ватаним Ўзбекистон давлати. Ва ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳеч қандай қоидабузарлик ёки тушунмовчилик йўқлигини тасдиқловчи қисқа расмий жавоб! Самимий ташвиш қилганларга раҳмат”, деган Муҳиддинов.
Муҳитдинов Ўзбекистонни тарихий ватаним дейишидан англашилишича, у балки аллақачон бошқа мамлакат фуқаролигини олиб бўлган бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, “Равшан Золотой” ижтимоий тармоқларда кўпчилик унинг нима иш қилишига қизиқиши ҳақида ёзаркан шундай деган:
“Ишлаётганларга шароит яратиб бераман. Лекин, мен бу ерга узоқ ва машаққатли йўлдан келдим. Ҳақ Таолонинг менга берган мансаби жуда катта меҳнат ва энг машаққатли ишим. Негаки, ҳар куни турли тоифадаги одамларни – олийжаноб ва сотқинларни учратиб қоламан, улар ҳар куни менинг йўлимдан боришга, номимни туҳмат билан ва ҳар томонлама ҳақорат қилишга уринмоқдалар. Бугунги куним учун, дастурхоним, ноним учун кўнглим тинч. Ҳеч кимга тегмай, бировникини тортиб олмасдан шу кунга етганимни биламан. Мен бу дунёда ҳамма ўз чўққиларига бир хил йўл билан, ҳеч кимга зарар етказмасдан эришишини истардим”, деб жавоб берган.
Live
Барчаси