Ўзгидромет ҳароратни пасайтириб кўрсатадими?
Интервью
−
16 Май 26131 3 дақиқа
Сўнгги кунларда Ўзбекистон бўйлаб об-ҳаво ҳарорати сезиларли даражада кўтарилди. Баҳорнинг охирги кунлари бўлишига қарамай, ёзнинг жазирама ҳавоси аллақачон ўзини сездирмоқда. Аслида бундай аномал иссиққа нима сабаб бўлмоқда? Ва кейинги ҳафтада ҳаво ҳарорати қандай кўрсаткичда бўлади? QALAMPIR.UZ бу борада гидрометеорология мутахассисига саволлар билан юзланди.
Ўзгидромет мутахассисининг маълум қилишича, ушбу ҳаво массаларининг кириб келишига термик депрессия сабаб бўлмоқда. Бу асосан Ўрта Осиё ҳудудида кузатилади. Бу жараён оқибатида ҳаво ҳарорати кескин ортиб кетади. Чўл ҳудудларида, жанубий томонларда эса ҳарорат кўрсаткичи юқори бўлади.
14 майдан бошлаб республика ҳудудига жанубдан иссиқ тўлқинли ҳаво оқими кириб келишни бошлади. Бунинг ортидан 15-16 май кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 39-41 даражагача кўтарилиши маълум қилинди. Айрим жойларда, хусусан жанубда ва чўл ҳудудларида 42-43 даражагача кўтарилди. 17 майдан бошлаб иссиқ тўлқинлар чекинишни бошлайди ва натижада республиканинг катта қисмида, шимолий-ғарбий қисмда ҳаво ҳарорати пасаяди. Марказда ва шимоли-шарқий қисмда ҳаво ҳарорати юқорилигача сақланиб қолади. Ҳарорат 29-33 даражагача пасайиши кутилмоқда. Айрим жойларда баъзида шамол 20-22 м/с гача кучайиши мумкин.
QALAMPIR.UZ термометр ёрдамида ташқаридаги ҳаво ҳароратини ўлчаб кўрганида, у 45 даражадан юқорини қайд этди. Аммо Ўзгидромет берган хабарда бошқа маълумотлар акс этиб келмоқда. Бундай ҳолда кимга ишониш кераклиги борасида ташкилот мутахассисига юзландик.
“Ҳаво ҳароратини ўлчашнинг махсус стандартлари мавжуд. Ҳаво ҳарорати Бутунжаҳон Метеорология ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган регламентда кўрсатилган ҳолда ер сиртидан 2 метр баландликда ўрнатилган бутка ичидаги махсус термометр билан ўлчанади. Бунинг учун термометрга атрофдан ҳеч қандай таъсир бўлмаслиги керак, дейлик баланд бинолар, дарахтлар”.
“Одамларнинг баъзида ҳаво ҳарорати ҳаддан ташқари иссиқликка кўтарилганини айтиши бу аслида маълум бир жисм устидаги ҳарорат ҳисобланади. Ўзгидромет ҳамиша жаҳон миқёсида тан олинган ягона стандарт асосида иш кўради”, дейди мутахассис.
Сўнгги ўн йил ичида деярли барча май ойлари иссиқ бўлди. Ўзбекистоннинг бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ой 2001 йилнинг майида (меъёрдан 3−4 даража юқори), шимоли-ғарбий ва чўл зонасида эса 2021 йилнинг майида (меъёрдан 3,5−5 даража юқори) кузатилган.
Бу асрнинг энг совуқ ойи 2003 йилнинг майи (меъёрдан 2−3 даража паст) бўлган ва кузатувларнинг барча йиллари давомида 1934 йилнинг майида меъёрдан 4−6 даража паст бўлган.
Май ойида ойлик ёғингарчилик даражаси март ва апрель ойларига нисбатан тахминан учдан бирга, ёмғирли кунлар сони эса 2-3 марта кам. Май ойида ёмғир одатда қисқа муддатли, деярли ҳар доим момақалдироқ билан бирга келади.
Live
Барчаси