“Барселона” “Реал”ни мағлуб этиб, Суперкубокни қўлга киритди
Спорт
−
12 Январь 4744 1 дақиқа
Бугун, 11 январдан 12 январга ўтар кечаси Саудия Арабистонида Испания Суперкубоги финал учрашуви бўлиб ўтди. Унда “Барселона” “Реал Мадрид”ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди ва бош совринни қўлга киритди.
Учрашувнинг 36-дақиқасида Рафинья аниқ зарбаси билан ҳисобни очди ва “Барселона”ни олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлим якунланаётган паллада ўйин янада кескин тус олди. 45+2-дақиқада Винисиус Жуниор жавоб голини уриб, ҳисобни тенглаштирди. Орадан кўп ўтмай, 45+4-дақиқада Роберт Левандовский ўз имкониятидан унумли фойдаланиб, каталонияликларни яна ҳисобда олдинга чиқарди. Бироқ қўшимча дақиқаларда “Реал” ҳисобни яна тенглаштиришга муваффақ бўлди. 45+6-дақиқада Гарсия гол уриб, биринчи бўлимга нуқта қўйди.
Иккинчи бўлимнинг 76-дақиқасида Рафинья яна саҳнага чиқди ва навбатдаги голи орқали ҳисобни 3:2 кўринишига келтирди. Учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган 90+1-дақиқада Френки де Йонг қоидабузарлик учун қизил карточка олди. Шундан сўнг ҳисоб ўзгармади ва баҳс якунланди.
Шу тариқа, “Барселона” Испания Суперкубоги финалида 3:2 ҳисобида ғолиб бўлди ва кетма-кет иккинчи, умумий ҳисобда 16 марта ушбу совринни боши узра баланд кўтармоқда. Бу борада каталонияликларнинг энг яқин таъқибчиси “Реал Мадрид” ҳисобланади. Қироллик клуби 13 марта ушбу кубокни қўлга киритган.