БМТ 2026 йилги бюджетини 500 млн долларга қисқартирмоқчи

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2026 йил бюджети бўйича қайта кўриб чиқишни якунлади ва харажатларни 500 миллион доллардан ортиққа қисқартириш таклиф қилинди. Бу ҳақда ташкилот Матбуот хизмати хабар берди.

Қайта кўрилган ҳисоб-китобларга мувофиқ, 2025 йилги бюджет билан солиштирганда харажатлар 15,1 фоизга, штат бирликлари эса 18,8 фоизга қисқариши кутилмоқда. Қисқартиришлар БМТнинг бутун дунё бўйлаб миссияларини таъминлайдиган ходимлар ва хизматларни молиялаштириб келаётган тинчликпарварлик операциялари бюджетига ҳам таъсир қилади.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш қисқартиришлар синчковлик билан ҳисобланган ва умумий эмас, балки мақсадли характерга эга эканини маълум қилган.

Молиялаштириш қисқаришидан тўғридан тўғри аъзо давлатларни қўллаб-қувватлайдиган дастурлар ва тадбирлар, айниқса, энг кам ривожланган, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ҳамда кичик орол давлатлари, шунингдек, Африка тараққиётига оид ташаббуслар ҳимояланган. Минтақавий иқтисодий комиссиялар катта ўзгаришларга дуч келмайди, Техник ҳамкорликнинг мунтазам дастури эса давлатларнинг ривожланишини қўллаб-қувватлашни мустаҳкамлаш мақсадида кенгайишда давом этади.

Қўшимча маблағлар асосан кўчмас мулк ҳисобидан тежаб қолиниши режалаштирилмоқда. Жумладан, 2027 йилга бориб БМТ Нью-Йоркдаги иккита ижарага олинган бинони тарк этади. Ушбу чоралар такрорланишни қисқартириш, сифатни ошириш ва мандатлардан келиб чиқадиган вазифаларни таъминлашга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Антониу Гутерриш БМТ Бош ассамблеяси арафасида ўтказилган матбуот анжуманида Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилишга чақиргани ҳақида хабар берилган эди. Гутерришнинг айтишича, Хавфсизлик Кенгашининг таркиби бугунги замонавий дунёга мос келмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

бюджет Антониу Гутерриш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг