БМТ энг яхши туризм қишлоқларини эълон қилди. Улар орасида ўзбек қишлоғи ҳам бор
Жамият
−
22 Ноябрь 24821 2 дақиқа
Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Омонхона қишлоғи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Туризм томонидан ўтказилган “Энг яхши туризм қишлоқлари” (Best tourism villages) лойиҳаси ғолиблари қаторида жой олди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, танловга Африка, Америка, Осиё ва Европa минтақаларидаги 65 та мамлакатдан 270 дан ортиқ номзод қабул қилинган. Омонхона қишлоғи лойиҳанинг “Ривожлантириш дастури” (Upgrade Programme)га киритилган. Ушбу глобал лойиҳа туризм қишлоқларига эътиборни кучайтириш, кичик қишлоқларнинг ўзгача маданияти, урф-одати ва табиат гўзалликларини сақлаб қолиш мақсадида амалга оширилади.
Омонхона қишлоғи ўзининг табиий манзаралари, шифобахш булоқлари, тарихи ёдгорликлари, номоддий маданий мероси ҳамда меҳмондўст аҳолиси билан машҳур ҳисобланади. Унга Ўзбекистоннинг туризм қишлоғи мақоми 2024 йилда берилган эди.
Маълумот учун, БМТ Туризмнинг “Энг яхши туризм қишлоғи” танлови 2021 йилдан бери ўтказиб келинади. Ушбу мақом экологик ва агротуризм соҳасида нуфузли кўрсаткичларга эга бўлган, шу жумладан, маданий ва табиат қадриятларини, органик озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳаёт тарзини сақлаб қолган қишлоқларга берилади ва дунё бўйлаб энг яхши туризм қишлоғи деб тан олинади.
Аввалроқ 2023 йил Навоий вилоятидаги Сентоб қишлоғи ҳам мазкур лойиҳа бўйича эътироф этилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ саёҳат ихлосмандлари орасида машҳур бўлган "CNN Travel" портали бутун дунёдаги энг яхши 50 та нон турини тақдим этганди. Улар орасида ўзбек нони ҳам жой олганди.
Live
Барчаси