БМТ сўнгги уч йил ичида Украинага оид илк резолюцияни қабул қилди
Олам
−
25 Февраль 5519 4 дақиқа
БМТ Хавфсизлик кенгаши АҚШ томонидан таклиф қилинган “Тинчлик йўли” резолюция лойиҳасини қабул қилди. Унга Кенгашнинг 10 аъзоси овоз берди, беш нафари эса бетараф қолди. Мажлис трансляцияси БМТ веб-сайтида олиб борилди.
“Америка Қўшма Штатлари ушбу резолюцияни қўллаб-қувватлаган кенгаш аъзоларига самимий миннатдорчилик билдиради ва Украинадаги уч йиллик можародан сўнг Кенгаш томонидан қабул қилинган илк резолюцияни олқишлайди. У можарога барҳам беришга қатъий чақиради”, деди АҚШнинг БМТдаги муваққат ишлар бўйича вакили Дороти Ши овоз беришдан кейин.
Хавфсизлик кенгашидаги овоз бериш БМТ Бош Ассамблеяси томонидан икки резолюция қабул қилингандан кўп ўтмай бўлиб ўтган. Улардан бирини Украина ва Европа давлатлари таклиф қилган (у ўзгартиришларсиз қабул қилинган), иккинчисини эса АҚШ (Албаниа, Аргентина, Венгрия, Грузия, Исроил ва Шимолий Македония ҳам қўшилган) илгари сурган бўлиб, унга учта тузатиш киритилган.
АҚШ Хавфсизлик Кенгашида айнан Бош Ассамблеяга тақдим этилган ҳужжатни овозга қўйган. Ушбу бир саҳифалик лойиҳа уч банддан иборат бўлиб, уларда қуйидагилар баён этилган:
Россия ва Украина ўртасидаги можарода ҳалок бўлганлар учун чуқур ҳамдардлик билдириш;
БМТнинг асосий мақсади халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда низоларни тинч йўл билан ҳал қилишдан иборат эканини таъкидлаш;
Можарони зудлик билан тўхтатишга қатъий чақириш ҳамда Украина ва Россия ўртасида барқарор тинчлик ўрнатишга даъват этиш.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили ушбу резолюцияни “тўғри йўналишдаги қадам” деб атаган.
“АҚШ томонидан Украина инқирози бўйича таклиф этилган резолюция лойиҳасини биз умуман олганда оқилона ташаббус, тинч йўл билан ҳал қилишга реал ҳисса қўшиш истагини акс эттирувчи тўғри йўналишдаги қадам сифатида баҳолаймиз”, деди у.
Мазкур мажлисда Россия иккита тузатиш киритишни таклиф қилди. Улардан бири аввал Бош Ассамблеяга тақдим этилган бўлиб, “можарони зудлик билан тўхтатиш” иборасига “шу жумладан, унинг асосий сабабларини бартараф этиш орқали” жумласини қўшиш эди. Иккинчи тузатиш эса “Россия ва Украина ўртасидаги можаро” жумласини “Украина атрофидаги можаро” билан алмаштиришни назарда тутган.
Европа давлатлари ҳам Бош Ассамблеяда илгари сурган тузатишларини Хавфсизлик кенгашида тақдим этди. Улар қуйидагиларни ўз ичига олган:
“Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги можаро” иборасини “Россия Федерациясининг Украинага тўлиқ босқини” деб ўзгартириш;
Аъзоларни “Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари, жумладан, унинг ҳудудий сувлари доирасидаги суверенитети, мустақиллиги, бирлик ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини” тасдиқловчи бандни киритиш;
“Украина ва Россия Федерацияси ўртасида барқарор тинчлик” иборасини “БМТ Низоми ва давлатларнинг суверен тенглиги ҳамда ҳудудий яхлитлиги тамойилларига мувофиқ адолатли, барқарор ва кенг қамровли тинчлик” ибораси билан алмаштириш.
Бироқ бешта тузатишнинг ҳеч бири қабул қилинмади ва натижада Хавфсизлик кенгаши АҚШ томонидан таклиф қилинган дастлабки лойиҳага овоз берди. Европа давлатлари овоз бериш вақтида бетараф позицияда қолди.

Ҳар иккала вариантга БМТга аъзо 193 мамлакатдан 93 таси овоз берган. АҚШ ва Россия Европа резолюциясига қарши чиққан 18 давлат қаторида бўлиб, улар орасида КХДР, Беларус, Венгрия ва Исроил ҳам бор эди. Хитой ҳам жумладан 65 давлат бетараф қолди. Шуниси эътиборга лойиқки, АҚШ ўз резолюцияси бўйича ҳам овоз бериш вақтида бетараф позицияда қолди, бунга Европа давлатларининг матнга киритган ўзгартиришлари сабаб бўлди. АҚШ варианти бўйича саккиз давлат қарши чиқди, 73 давлат эса бетараф қолди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 16-раундини расман қабул қилган эди. Янги пакет Россия иқтисодиётининг энергетика, савдо, транспорт, инфратузилма ва молиявий хизматлар каби асосий тармоқларига қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни ўз ичига олади, шунингдек, санкциялардан қочиш ва Россия дезинформациясига қарши курашни кучайтиради.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь