Божхона ва Солиқ қўмитасининг ходимлари пора билан ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида Божхона ва Солиқ қўмиталарининг ходимлари пора олаётганида ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилояти Божхона бошқармасининг “Навоий” чегара божхона пости инспектори хизмат мавқеидан фойдаланиб, Тошкент туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқаронинг 7 кг олтин қимматбаҳо металларини Қозоғистондан чегара божхона пости орқали декларацияда кўрсатмасдан ва божхона назоратидан яширган ҳолда ўтказиб бериш эвазига Чирчиқ шаҳрида 5 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозирда божхона ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.

Тошкент шаҳрида қайд этилган ҳолатда эса Шайхонтоҳур тумани Солиқ инспекциясининг шўъба бош инспектори хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ фаолиятини ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали тугатиб бериш эвазига 2500 доллари талаб қилган. Ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағини туман Солиқ инспекцияси биноси олдида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозирда бош инспекторга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Бошқа ҳолатда эса Миробод тумани Солиқ инспекциясининг маҳаллаларга бириктирилган солиқ инспекторлари шўъбаси инспектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ўзига бириктирилган ҳудудда фаолият юритувчи савдо дўконида солиқ текширувлари амалга оширмаслик ва келгусида ҳар қандай солиқ текширувлари тўғрисида олдиндан хабар бериб туриш эвазига 10 миллион сўм пулни ўзининг банк пластик картасига ўтказдириб олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятидаги чегара-божхона постларидан бирининг бошлиғи пора билан қўлга тушганди. Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳар Солиқ инспекцияси раҳбари эса тадбиркор аёлга шилқимлик қилгани ортидан ишдан олинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент пора ДХХ олтин Солиқ қўмитаси Божхона қўмитаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг