Бўлажак Испания қироличаси уч йиллик ҳарбий хизматга юборилди
Олам
−
21 Август 2023 13257 1 дақиқа
Испания маликаси Леонор уч йиллик армияга юборилди. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.
Манбада эълон қилинган расмларда бўлажак Испания қироличаси бошқа ҳарбий хизматчилар қатори форма кийган ва сочларини йиғиб олган ҳолда дарсларда қатнашаётгани, машқ бажараётгани ва ҳарбий усулда саломлашаётганини кўриш мумкин.

Айтилишича, Леонор дастлабки дарсларда ҳарбий ҳаётга мослашишга ёрдам берадиган модул бўйича ўқитилади. У кадет баталёнига жойлаштирилган бўлиб, ўн икки талаба билан бирга яшамоқда. Кейинроқ малика дастлабки машғулотлардан олиниб, асосий ҳарбий техника билан таъминланади.

“Бўлажак қиролича академиядаги ўқишни тугатгандан сўнг денгиз флотида ҳарбий тайёргарликдан ўтади ва Маринадаги ҳарбий-денгиз мактабида мичман (энг қуйи офицер) вазифасини бажаради, сўнгра уч йиллик таълимни Бош ҳаво кучлари академиясида якунлайди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, малика Леонор Де Тодос Лос Сантос Де Борбон Ортиз Испания қироли Филипп VI ва унинг рафиқаси Летисиянинг тўнғич қизи бўлиб, 2014 йилнинг 19 июнидан бошлаб Испания тахтининг вориси ҳисобланади.
Малика Леонор жорий йилнинг октябрь ойида 18 ёшга тўлади. Испания қонунчилигига кўра, бўлажак қиролича ҳарбий амалиёт ўтаган ва барча парламент монархияларида ҳарбий карерага эга бўлиши керак.