Катта Исроил ғояси ёхуд кейинги нишон Туркия

Таҳлил

image

Ҳамма тинчлик истаяпти, фақат, Исроилдан ташқари. Тель-Авивдан келаётган жангга чорловлар Яқин Шарқ минтақасини беқарорлаштиришда давом этяпти. Америка ва Эрон сулҳ тузиш бўйича музокаралар олиб бораётган бир пайтда, Байрут қамал остида қолмоқда. Эроннинг сулҳ шартлари қаторида бўлган “Ҳизбуллоҳ”га ҳужум қилмаслик шарти Нетаняҳу томонидан очиқчасига рад этилди ҳамда барча ракета ва снарядлар Ливанга йўналтирилди.

Маълумингизки, шу йилнинг 7 апрель куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан икки ҳафталик ўзаро ўт очишни тўхтатиш бўйича сулҳга эришилганини эълон қилганди. Режага кўра, 10 апрелдан бошлаб можарони бутунлай тўхтатишга йўналтирилган музокаралар бошланиши керак эди. Аммо Исроилнинг ҳаракатлари шуни кўрсатмоқдаки, мутлақ тинчлик ўрнатилишига ҳали эрта.

Исроил тўхтамайди

Бир ойдан ошиқроқ вақт мобайнида давом этган уруш ҳаммани ҳолдан тойдирди. Урушнинг уччала иштирокчиси ҳам етарлича зарар кўрди. Урушдан чиқишга шайланиб қолган АҚШ раҳбари 5 апрель санасида навбатдаги 48 соатлик ультиматумни Эронга йўллади ва ўт очишни тўхтатмаса бутун цивилизацияни йўқ қилиш билан қўрқитди.

“7 апрель – Эронда электр станциялари ва кўприклар куни бўлади. Барчаси бир вақтнинг ўзида портлайди. Бундай нарса ҳали ҳеч қачон бўлмаган!!! Бўғозни очинг, лаънати телбалар, акс ҳолда жаҳаннамга равона бўласиз, фақат кутинг!”, дея ўдағайлаган Оқ уй раҳбари.

“Бу кеча бутун цивилизация йўқ қилинади ва ҳеч қачон қайта тикланмайди. Мен бундай бўлишини хоҳламайман, лекин, эҳтимол, шундай бўлади. Аммо бизда золим режимни ўзгартириш имкони туғилади.” деб ёзади Трамп ўзининг “Truth Social” тармоғида.

Геноцид таҳдиди халқаро майдонда ҳар қанча эътирозлар билан қарши олинмасин, бу гал иш берди ва 7 апрелдан 8 апрелга ўтар кечаси Покистон воситачилигида томонлар икки ҳафталик биринчи босқич сулҳига эришганини эълон қилди.

Бутун дунё бу келишувни Яқин Шарққа тинчликни қайтарувчи дастлабки қадамлар деб қарай бошлаган эди. Аммо бу можарода учинчи томоннинг ҳам борлиги консенсусга келишни янада мураккаблаштирмоқда. Билиб турганингиздек, гап Исроил ҳукумати ҳақида кетмоқда. Вашингтон ва Теҳрон ўртасида асосий воситачи сифатида чиққан Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф вақтинчалик сулҳ Ливанда ҳам амал қилишини таъкидлаган бўлса-да, ҳали келишув сиёҳи қуриб улгурмасдан, Исроил мудофаа кучлари Ливаннинг жанубий ҳудудларига ва Байрут атрофига кенг кўламли ракета ҳужумларини бошлади.
”Икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш Ливанни ўз ичига олмайди”, дейди Нетаняху.

8 апрель эрта тонгда Исроил ҳарбийлари Ливаннинг жанубий ҳудудлари бўлмиш Тир ва Набатия шаҳарларига ҳаво ҳужумларини уюштирди. Ҳужумлар оқибатида бир неча қишлоқлар вайрон бўлди, камида 254 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Қайд этиш жоизки, 8 апрель куни Исроил Мудофаа вазирлиги Ливанда февраль ойининг охиридан бери энг йирик операцияни ўтказганини маълум қилди. Ўн дақиқа ичида бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳудудларга зарбалар берилган.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху ўзининг Х саҳифасида Исроил “Яқин Шарқдаги террорга барҳам бериш учун” қуруқлик ва ҳаво ҳудудидаги операцияларини давом эттиришини, Исроилнинг Ливанга ҳужум қилишдан асосий мақсади “Ҳизбуллоҳ”ни бутунлай йўқ қилиш эканлигини айтган.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган шиа парамилитар гуруҳи “Ҳизбуллоҳ”га нисбатан бўлаётган бундай босимлар ўз навбатида Теҳронни ҳам сулҳга ишончсизлик билдиришига ва Ҳормузни очишдан бош тортишига олиб келмоқда. Шубҳасиз, Ҳормузнинг очилмаслиги ўз навбатида АҚШнинг асосий талабларидан бири бажарилмаслигини англатади ва агар томонлар бу тарзда зиддиятни давом эттирса, мустаҳкам тинчлик битимини имзолаш учун икки ҳафта камлик қилиши табиий.

Шу ўринда савол пайдо бўлади. Исроилнинг мақсади чиндан терроризмга қарши курашми ёки қасддан урушни тугашига тўсқинлик қилишми? Агар мақсад можарони чўзиш бўлса, бундан унга нима фойда бўлиши мумкин?

Исроилнинг бугунги ҳаракатлари “ўт очишни тўхтатиш” тушунчасини масхара қилишдек кўринмоқда. Таҳлилларга кўра, Исроил учун асосий стратегик масала — Яқин Шарқда ҳарбий-сиёсий устунликни сақлаб қолиш. Бу йўлда Эрон энг жиддий ва тизимли рақиб сифатида кўрилади. Шу сабаб, Тель-Авив сулҳни стратегик якун эмас, балки вақтинчалик пауза сифатида қабул қилаётгани сезилмоқда.

Аслида, бу ёндашув Исроилнинг узоқ муддатли сиёсий мақсадлари билан ҳамоҳанг: минтақада потенциал гегемон сифатида шаклланиш ва ўзига таҳдид бўлиши мумкин бўлган кучларни жиловлаш. Эроннинг ядровий дастури, минтақадаги прокси тармоқлари ва идеологик таъсири Исроил учун нафақат хавф, балки стратегик тўсиқ сифатида баҳоланади.

Натижада, бугунги вазият оддий ҳарбий қарама-қаршилик эмас, балки Яқин Шарқ келажаги учун курашга айланмоқда. Ва бу курашда сулҳ — фақат вақтдан ютиш воситасига ўхшайди.

Катта Исроил концепцияси

Яқин Шарқдаги қонли тўқнашувлар шунчаки чегара дахлсизлиги ёки “Ҳизбуллоҳ” ва “Ҳамас” каби гуруҳларни йўқ қилиш амалиёти эмаслиги кундан кун аён бўлиб бормоқда. 2026 йил апрелига келиб, минтақадаги ҳарбий ҳаракатлар кўлами шунчалик кенгайдики, эндиликда таҳлилчилар Тель-Авивнинг узоқ муддатли ва ўта хавфли стратегияси — “Буюк Исроил” (Greater Israel) ғояси ҳақида очиқ гапира бошладилар. Агар Эрон бу курашда мағлуб этилса ёки нейтралланса, Исроилнинг кейинги нишони ким бўлади? Бу саволга жавоб излаган кўплаб экспертлар нигоҳи Анқарага — Туркияга қаратилмоқда.

“Буюк Исроил” ёки “Erets Yisrael Hashleima” ғояси — бу шунчаки радикал диний оқимнинг орзуси эмас, балки Исроилнинг ўнг қанот сиёсатчилари ва сионистик доираларнинг асосий мафкуравий йўналишидир. Тарихий, диний манбалар ва “Нилдан Фротгача” (From the Nile to the Euphrates) тушунчасига таянадиган ушбу ғоя Исроил давлати чегараларини ҳозирги ҳудудлардан бир неча баробар кенгайтиришни назарда тутади. Бу лойиҳа Миср, Иордания, Сурия, Ливан, Ироқ, Саудия Арабистонининг бир қисми ва энг муҳими, Туркиянинг жануби-шарқий ҳудудларини қамраб олади.

Нега айнан Туркия? Охирги ойларда Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ўз чиқишларида Исроилнинг тажовузкорлигини шунчаки Фаластин билан чекланмаслигини, навбатдаги мақсад “Anadolu” тупроқлари эканини бир неча бор таъкидлади. Исроилнинг “Ҳизбуллоҳ”га қарши Ливанда олиб бораётган ва 2026 йил 8 апрелда янги босқичга чиққан ракета ҳужумлари стратегик жиҳатдан Туркия чегараларига яқинлашиш учун ташланган қадам сифатида баҳоланмоқда. Агар Эрон минтақавий ўйинчи сифатида сафдан чиқарилса, Туркия Исроилнинг гегемонлигига тўсқинлик қилувчи кейинги йирик исломий ва ҳарбий қудрат бўлиб қолади.

Тарихий далилларга назар ташлайдиган бўлсак, “Буюк Исроил” хариталари турли даврларда Исроил парламентида (Кнессет) ҳам, айрим сиёсатчиларнинг рамзларида ҳам кўриниш берган. Масалан, Исроил молия вазири Бецалел Смотричнинг ўтмишдаги чиқишларида Иорданияни ҳам ўз ичига олган харита акс этгани халқаро майдонда катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Бугун эса бу хариталар ҳарбий амалиётлар билан ҳаётга татбиқ этилаётгандек тасаввур уйғотмоқда. Исроилнинг 2024–2026 йиллардаги ҳарбий бюджети кескин ошиши ва АҚШдан олинаётган рекорд даражадаги (йилига 3,8 миллиард доллардан ортиқ) ҳарбий ёрдамлар айнан мана шу экспансия учун пойдевор вазифасини ўтамоқда.

Исроил учун Эрон — бу “қаршилик ўқи”нинг юраги. Агар келгусида сулҳ амалга ошмай, Эрон тўғридан-тўғри зарбага учраса, минтақадаги кучлар баланси бутунлай издан чиқади. Эроннинг мағлубияти Ироқ ва Суриянинг шимолидаги бўшлиқни келтириб чиқаради. Айнан шу ҳудудлар Исроилнинг “хавфсизлик камари” ниқоби остида ўз назоратига олишни истаган “Фрот ҳавзаси” ҳисобланади. Туркия учун эса бу бевосита миллий хавфсизликка таҳдиддир, чунки гап нафақат ер, балки минтақадаги сув ресурслари ва энергия йўллари устидан назорат ҳақида кетмоқда.

Бугун Яқин Шарқда шахмат тахтаси йиғиштириб қўйилиб, ўрнига омон қолиш ва ҳудудларни бўлиб олиш ўйини бошланган. Исроил ўзининг сионистик мафкураси асосида чизилган хариталарни амалга ошириш учун вақтдан унумли фойдаланмоқда. Дунё ҳамжамияти Ғазо ва Ливандаги инсоний йўқотишлар билан банд бўлган бир пайтда, Тель-Авив узоқ йиллик стратегик режасининг навбатдаги бандларига ўтмоқда. Энг дахшатлиси эса, Тель-Авивга дунёнинг энг қудратли давлати АҚШ ёрдам бермоқда. Исроил лоббисининг таъсири бугун нафақат Америка халқи онгида балки Оқ уй эшиклари ортида ҳам катта таъсирга эга бўлиб қолмоқда. Ким яҳудийларга қарши бир сўз гапирса “тошбўрон қилинмоқда”, обрўсизлантирилмоқда ёки йўқ қилинмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, “Буюк Исроил” ғояси шунчаки утопия эмас, балки аниқ молиявий, ҳарбий ва сиёсий қўллаб-қувватловга эга лойиҳадир. Эроннинг заифлашиши бу лойиҳанинг иккинчи босқичини бошлаб беради ва унда Туркия ўз ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун мисли кўрилмаган босимга дуч келиши муқаррар. Ҳозирча эса ракеталар садоси ва дипломатик музокаралар ортида янги Яқин Шарқ харитаси қон билан чизилмоқда. Бу харитада Туркия ва бошқа давлатлар учун жой қоладими ёки йўқ — буни яқин ойлар кўрсатади. Бир нарса аниқки Исроил ҳали тўхтамайди!


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Туркия Дональд Трамп Исроил Ливан Америка Ғазо Эрдоған Ҳизбуллоҳ Нетаняху Буюк Исроил Яқин Шарққа Катта Исроил концепцияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг