Давлат бошқаруви академияси қайта ташкил этилади
Жамият
−
13 Май 2025 6898 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қайта ташкил этилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 5 май куни қабул қилинган “Истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ҳамда уларни давлат бошқаруви ва хизматига самарали жалб этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради.
Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси этиб қайта ташкил этилади.
Академиянинг асосий вазифаларидан бири этиб давлат хизматчиларининг малакасини мунтазам ошириб бориш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, бошқарув кадрларини магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичларида ўқитиш белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг Васийлик кенгаши тузилади.
2025 йил 1 июлдан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат хизматчиларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ходимларнинг касбий ривожланиш эҳтиёжларига асосланган ҳолда ташкил этилади ҳамда малака оширишнинг анъанавий, муқобил ва мустақил шакллари жорий этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат бошқаруви академияси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси этиб қайта ташкил этилиши кўзда тутилаётгани хабар қилинган эди. Кейинроқ эса Жасур Шавкатович мазкур академиянинг ректори лавозимига тайинланди.
Live
Барчаси