Деҳқончилик маҳсулотлари ҚҚСдан озод қилинади
Жамият
−
04 Сентябрь 9051 2 дақиқа
2026 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги корхоналари деҳқон ва фермерларга ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини (ғалла ва пахтадан ташқари) сотишда қўшилган қиймат солиғи ноль ставкада бўлади. Бу бўйича Президент Шавкат Мирзиёевга бугун, 4 сентябрь куни тақдимот қилинди.
Тақдимот пайтида сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳаси таркибий жиҳатдан ислоҳ қилиниб, самарадорликни ошириш чоралари кўрилгани таъкидланди. Унда айтилишича, пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари учун ажратилган, 160 минг гектар янги боғ ва токзор барпо этилган. Шунингдек, 1 миллиард долларлик 1500 та озиқ-овқат лойиҳаси ишга туширилган.
Давлат раҳбари шундай бўлса-да, қишлоқ хўжалигида ҳамон яширин иқтисодиёт улуши юқори эканини айтди. Етиштирилган маҳсулотнинг ҳаммаси ҳам ҳисоботларда қайд этилмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда қўшилган қиймат солиғи 12 фоизни ташкил этмоқда.
Шу сабабли Халқаро валюта жамғармаси, малакали хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида қишлоқ хўжалигини “соя”дан чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Унга кўра, келаси йил 1 январдан бошлаб, қишлоқ хўжалиги корхоналари деҳқон ва фермерларга ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини (ғалла ва пахтадан ташқари) сотишда қўшилган қиймат солиғи ноль ставкада бўлади. Шу билан бирга, маҳсулотни етиштиришда уруғ, ўғит, ёқилғи, транспорт, электр каби харажатлар учун ҳисобга олинган ҚҚСни қайтариб бериш амалиёти ҳам сақланиб қолади.
Президент матбуот хизматининг ёзишича, натижада фермер ва деҳқонлар ихтиёрида йилига 300 миллиард сўм маблағ қолади, яна 400 миллиард сўмлик солиқни қайтариб олиш имконияти бўлади.
“Бу енгилликлар соҳа вакилларининг шаффоф ишлашига туртки беради, жойларда йирик саноатлашган плантациялар ва қайта ишлаш корхоналарининг кўпайишига мустаҳкам замин яратади.
Мутасаддиларга бу янги тизимни деҳқон ва фермерларга тушунтириб, самарали йўлга қўйиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи ставкалари 2028 йил 1 январгача оширилмаслиги белгиланганди.
Live
Барчаси