Дин ишлари бўйича қўмита огоҳлантириш билан чиқди
Жамият
−
22 Май 52785 2 дақиқа
Дин ишлари бўйича қўмита фуқароларга мурожаат қилиб, уларни ҳар қандай ноқонуний йўллар билан ҳажга бормасликка чақирди.
Маълум қилинишича, қўмитага Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигидан хабарнома келиб тушган. Ушбу хабарномада рухсатномасиз ҳаж амалларини бажаришга ҳаракат қилиш тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши эслатилган.
Шунингдек, ушбу хабарномага Саудия Ички ишлар вазирлигининг махсус баёноти ҳам илова қилинган.
Қўмитага кўра, белгиланган тартибга мувофиқ Ҳаж амалларини бажариш учун зиёратчида “Ҳаж-2025” визаси бўлиши шарт. Саудия Арабистони ҳукумати қолган барча турдаги визалар – умра, туризм, бизнес, зиёрат ва бошқалар билан ҳаж тадбирини амалга оширишга қатъий йўл қўймайди.
Билдирилишича, ҳозирда айрим турфирмалар ва учинчи давлатлар орқали Ўзбекистон фуқароларини ҳаж зиёратига жўнатишга ҳаракатлар кузатилмоқда.
“Саудия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан амалга оширилаётган рейдлар натижасида ноқонуний равишда Ҳаж ибодатини амалга оширишга уринган шахсларга нисбатан жазо чоралари қўлланилади ва мамлакатдан депорт қилинади”, дейилади хабарда.
Ҳаж тадбири Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сон Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ўтказилади. Шунга кўра, Ҳаж тадбири Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади ҳамда бундай фаолият билан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди.
“Шундай экан, юртдошларимизни турли алдов йўллари билан ҳажга олиб боришни ваъда қилаётган фирибгарларга ишонмасликка чақирамиз”, дейилади қўмита хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 апрель кунидан бошлаб Саудия Арабистони рухсатномасиз ҳаж амалини адо этганлар ва бунга ёрдамлашганларга жарима ва депортация каби чораларни қўллаши ҳақида хабар берилган эди. Янги чораларга кўра, рухсатномасиз ҳаж ибодатини адо этаётган ёки адо этишга уринаётган шахсларга 20 000 Саудия риалигача (5,3 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима солинади. Шу билан биргаликда, Маккага рухсатномасиз ҳаж қилиш учун бостириб кирганлар, хоҳ у ерда яшовчилар бўлсин, хоҳ муддатидан ортиқ яшовчилар, депортация қилинади ва 10 йил давомида Саудия Арабистонига кириши тақиқланади.
Live
Барчаси