Disney OpenAI’га 1 млрд доллар сармоя киритади
Бу қизиқ
−
12 Декабрь 1032 2 дақиқа
OpenAI Walt Disney билан уч йиллик лицензия шартномасини имзолади. Энди ChatGPT Images ва Sora фойдаланувчилари Disney, Marvel, Pixar ва Star Wars оламига мансуб 200 дан ортиқ персонажлардан тасвирлар ва видеороликлар яратишда фойдаланиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, Disney OpenAI’га 1 миллиард доллар инвестиция киритади. Бу ҳақда OpenAI’нинг расмий сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, Walt Disney Sora видеороликлар яратиш платформасининг контентни лицензиялаш бўйича биринчи йирик ҳамкори бўлади. OpenAI платформаси фойдаланувчилари яратган видеолар тўплами эса Disney+ сервисида томоша қилиш учун тақдим этилади.
“Технологик инновациялар кўнгилочар индустрияни доимий ўзгартириб боради, ажойиб ҳикояларни яратиш ва тарқатиш учун янги имкониятлар очади. OpenAI билан ҳамкорлик орқали биз генератив сунъий интеллект ёрдамида бу имкониятларни масъулиятли ва ўйланган ҳолда кенгайтирамиз, шу билан бирга яратувчилар ва уларнинг асарларини ҳурмат қиламиз ва ҳимоя қиламиз”, дейди The Walt Disney Company бош директори Роберт Айгер.
2026 йилнинг бошидаёқ илк видеороликлар пайдо бўлиши режалаштирилган. Юқорида тилга олинган қаҳрамонлардан ташқари, улар орасида Микки Маус, Золушка, Симба, Муфаса, Лило ва Стич, Дэдпул, Грут, Темир одам ва бошқалар бўлади. Бироқ битим студия актёрларининг ташқи қиёфаси ва овозларидан фойдаланишга тааллуқли эмас.
“Disney – бу ҳикоя яратиш бўйича жаҳон андозаси ва биз Sora ҳамда ChatGPT Images ажойиб контентни яратиш ва идрок этиш имкониятларини кенгайтириши учун ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз”, дейди OpenAI бош директори Сем Альтман.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг “Time” журнали сунъий интеллект яратувчиларини 2025 йил учун “Йил одами” деб топгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь