Дунё озиқ-овқат инқирози остонасида
Олам
−
29 Март 2958 2 дақиқа
Мамлакатлар озиқ-овқат инқирози ёқасида турибди. Хусусан, дунёдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг 50 фоизи синтетик ўғитларга боғлиқ. Бу ҳақда таҳлилчи Лукас Экуаме огоҳлантириш билан чиқди.
Шимолий ярим шарда экиш мавсуми бошланмоқда, аммо ўғитлардан фойдаланиш имконияти максимал даражада чекланган.
Ҳормуз бўғозидаги муаммолар сабабли ўғит етказиб беришнинг қарийб 30 фоизи, суюлтирилган табиий газ (СТГ) етказиб беришнинг эса 20 фоизи тўхтаб қолган. Хитой ҳам экспортга чекловлар киритди, бу эса бозорнинг яна 30 фоизига хавф туғдирмоқда. Аксарият синтетик ўғитлар табиий газдан ишлаб чиқарилгани сабабли, унинг танқислиги ўз-ўзидан ўғитлар етишмовчилигига олиб келади.
“Financial Times” (FT) нашри ҳам дунё энг йирик озиқ-овқат инқирозларидан бирига дуч келиш хавфи борлигидан огоҳлантирмоқда.
Бунга Яқин Шарқдаги инқироз сабаб бўлиб, у ўғит етказиб беришни хавф остига қўйди ва энергия ресурслари нархининг кескин ошишига туртки бўлди. Бу вазиятда ривожланаётган давлатлар энг заиф бўлиб қолади. Шунингдек, Ҳиндистон, Бангладеш ва АҚШнинг аграр ҳудудлари ҳам хавф остида: у ерда фермерлар аллақачон газ, ёқилғи ва ўғит етишмовчилигига дуч келишмоқда.
Узилишларга Қатар ва Жазоирдаги ўғит ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг тўхтаб қолгани сабаб бўлган. Ҳормуз бўғозининг тўсиб қўйилиши вазиятни янада оғирлаштирди, чунки энергия нархларининг кўтарилиши маҳсулотларни ташиш, қайта ишлаш ва сақлаш харажатларини ошириб юборди.
Экспертларнинг фикрича, Яқин Шарқдаги давомли уруш дунёда озиқ-овқат нархларини кескин ошириб юбориши мумкин. Энг катта зарар маккажўхори етиштирувчиларга тегади, чунки бу экин азотли ўғитларга энг кўп эҳтиёж сезади. Ўз навбатида, омухта емнинг асоси бўлган маккажўхори нархининг ошиши чорвачилик ва паррандачиликда маҳсулот таннархининг қимматлашишига олиб келади.