Дунёдаги энг йирик айсберг 67 фоиз майдонини йўқотди
Бу қизиқ
−
05 Декабрь 2050 3 дақиқа
Арктика ва Антарктика илмий-тадқиқот институти (ААИТИ) олимлари деярли 40 йилдан бери кузатиб келаётган A23a айсберги ўзининг дастлабки майдонининг 67 фоизини йўқотди ва шу билан бирга дунёдаги энг йирик айсберг мақомини ҳам бой берди. Унинг майдони 1370 квадрат километргача қисқарган. Бу ҳақда ААИТИ хабар берди.
Мутахассисларнинг айтишича, охирги 3 ой ичида A23a яна 22 фоизга кичрайган ва биринчи ўринни D15A айсбергига бўшатган. Шунга қарамай, ҳануз улкан бўлиб қолаётган А23а Жанубий океанда, Жанубий Георгия оролидан 230 километр шимоли-ғарбда тоза сувда сузишни давом эттирмоқда.
A23a айсберги 1986 йилда Фильхнер шельф музлигидан ажралиб чиққан. Ўша пайтда унинг майдони 4170 квадрат километр бўлган. У 30 йилдан ортиқ вақт давомида Уэдделл денгизида саёзликда қолган, кейин эса Антарктида қирғоқлари бўйлаб бурила бошлаган.
2023 йилнинг июлида А23а’нинг ойига 150 километр тезликда ҳаракатлана бошлагани маълум бўлган. Бироқ 2024 йил августида у океан гирдобига тушиб, тўхтаб қолган. ААИТИ тадқиқотчилари айсберг Антарктика атрофини айланиб ўтувчи оқим таъсирида тўлиқ емирилгунча айланиб туради, деб тахмин қилган, аммо бу содир бўлмаган.
Орадан бир неча ой ўтиб, 2024 йил декабрида муз массаси гирдобдан чиқиб кетишга муваффақ бўлган. Ўша пайтда айсберг Лондондан икки баравар катта бўлиб, деярли 1 триллион тонна вазнга эга эди. У Жанубий океанда Атлантика жанубида жойлашган Британияга қарашли Жанубий Георгия оролига томон суза бошлаган. Британиялик олимлар орол билан тўқнашув эҳтимоли борлигини тахмин қилган, аммо охир-оқибат ҳаракат йўналиши ўзгарган ва айсберг қирғоқ чизиғидан узоқдан ўтган.
Март бошида А23а Жанубий Атлантикадаги Жанубий Георгия ороли яқинида саёзликка ўтириб қолган. Уч ой давомида у шу ерда турган пайтда майдони 7 фоизга қисқарган. Июнь бошига келиб унинг майдони 2730 квадрат километрга тенг бўлган. 2025 йил сентябрь ойида А23а’дан умумий майдони 800 квадрат километрдан ортиқ бўлган тўртта йирик бўлак ажралиб чиққан. Улар ҳозир мустақил айсберг сифатида мавжуд. 2025 йил декабрида эса А23а бўлакларга ажралган.
“А23а’нинг ҳаётий цикли ҳақидаги сценарий бизнинг прогнозларимизни тасдиқламоқда: шамол ва океан оқимлари таъсирида айсбергдан мунтазам равишда йирик бўлаклар ажралиб туради, бу эса майдоннинг қисқаришига ва унинг аста-секин емирилишига олиб келади. Муз гигантининг эриши Бутунжаҳон океани сатҳига таъсир кўрсатмайди. Жараён жуда секин кечади ва сув тенг тақсимланишга улгуради”, дейди мутахассислар.
Дунёнинг энг катта айсберги унвони энди майдони 3071 квадрат километр бўлган D15А’га ўтди. Бу кўрсаткич А23а’нинг ҳозирги ўлчамидан икки баравар катта. D15 2016 йил январида шельф музлигидан ажралган ва ҳозир Шарқий Антарктидадаги Малика Елизавета Ери қирғоқлари яқинида саёзликда турибди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Антарктидадаги Гектория музлиги икки ой ичида қарийб 50 фоизга қисқаргани, бу замонавий тарихда қайд этилган энг тез чекиниш бўлгани ҳақида хабар берилган эди.