Дўстликнинг янги даври
Таҳлил
−
24 Январь 6525 9 дақиқа
Сўнгги йилларда жаҳон саҳнасида Ўзбекистон Республикасининг тез-тез эсланиши одатий ҳолга айланди. Марказий Осиёнинг етакчи давлатларидан бири сифатида эътироф этилаётган Ўзбекистон, халқаро доирада ўзига хос мустақил ташқи сиёсат юритувчи, минтақавий барқарорликни таъминловчи ва ишончли ҳамкор сифатида мустаҳкам ўрин эгаллади. 38 миллион аҳоли – шубҳасиз, катта бозор дегани. Шу сабабдан ҳам дунёнинг энг қудратли давлатларидан тортиб, йирик трансмиллий ташкилотларигача бари ушбу бозорга кириш пайига тушган.
Шу жумладан, дунёнинг энг йирик иқтисодига эга бўлган АҚШнинг Ўзбекистон билан сўнгги йилларда олиб бораётган фаол алоқалари, албатта, эътирофга лойиқ. Ўзбекистоннинг сўнгги вақтларда халқаро майдонда олиб бораётган моҳирона ташқи сиёсати бугун унинг энг нуфузли доираларда ҳам доимий иштирокчисига айлантирди десак, муболаға бўлмайди. АҚШ билан яқинлашув эса Ўзбекистон учун ҳар томонлама манфаатли. Бундай катта сиёсий ўйинда қудратли дўстларнинг бўлиши бениҳоят муҳимдир.
Ҳархолда энди Ўзбекистон қудратли куч марказлари орасида кўринмас ўйинчи бўлиб қолаётгани йўқ. 22 январда Швeйцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган АҚШ раҳбари бошчилигида тузилган янги халқаро ташкилотнинг биринчи ташкилий саммитига Ўзбекистон Республикаси Президентининг таъсисчи аъзо сифатида таклиф этилгани ҳам мамлакатнинг халқаро саҳнада етакчи позицияни эгаллаётганидан дарак беради. Дональд Трамп бошчилигидаги Оқ уй маъмуриятининг Марказий Осиё билан қизиқиши ва минтақага интеграция қилиш йўлида “воситачи” сифатида Ўзбекистон танланилаётгани билдирилган алоҳида ишонч ва дўстлик рамзидир.
Муносабатлар тарихи
Совет Иттифоқининг парчаланишидан манфаатдор бўлган АҚШ ҳукумати Ўзбекистон мустақиллигини энг биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан эди. 1991 йил 25 декабрда Америка Қўшма Штатларининг 41-президенти Катта Жорж Буш бошчилигидаги маъмурият Ўзбекистоннинг мустақиллигини расман тан олди ва 1992 йил март ойида Тошкентда АҚШ элчихонасини очди. Айнан шу даврдан бошлаб йўлга қўйилган АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари аста-секин ривожлана бошлаган.
Аммо биринчи ҳукумат давридаги ёпиқ сиёсат ва АҚШда авж олган исломофобия оқибатида алоқалар унчалик ҳам яхши эмасди. Фақатгина 2001 йил 11 сентябрда бўлиб ўтган Нью-Йорк теракти ва ундан кейинги Афғонистонга йўналтирилган Вашингтоннинг босимлари АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида кенг доирада яқинлашувнинг бошланишига олиб келган эди. Бироқ, 2003-2005 йилларда постсовет республикалари – Грузия, Украина ва Қирғизистонда содир бўлган “рангли инқилоблар”дан сўнг муносабатлар сезиларли даражада совуқлашди ҳамда Ўзбекистонда АҚШ ва бошқа хорижий ташкилотларнинг таъсирини чеклашга қаратилган ҳаракатлар бошланди.
Шундай бўлишига қарамай Биринчи Президент Ислом Каримов даврида ҳам АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида кўплаб иқтисодий ҳамкорлик тармоқлари шаклланди ва ривож топди.
.jpg)
Жумладан, Каримовнинг 1996 йил июнь ойида АҚШга қилган ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга кўмаклашган муҳим воқеа бўлди. Ташриф чоғида икки томонлама ҳужжатлар мажмуи имзоланиб, Бухоро вилоятидаги газ конларини ўзлаштириш лойиҳасини маблағ билан таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан “Nyumont-Mayning” ва “Mitsui” корпорациялари ўртасида “Қизилолмасой” ва “Кўчбулоқ” руда конларини бирга ўзлаштириш борасида бир қатор келишувлар амалга оширилган эди.
1999 йилда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 282 млн АҚШ долларини ташкил этган эди. Ўзбекистон АҚШдан буғдой, халқ истеъмол моллари, асбоб-ускуналар сотиб олади. Экспорт эса асосан пахта толасидан иборат эди. АҚШдаги турли фирма ва компанияларнинг Ўзбекистон билан муваффақиятли ҳамкорлиги, делегациялар алмашуви икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга имкон берди. Қўшма лойиҳалар қаторидан, “Нюмонт-Майнинг” компанияси томонидан Зарафшон шаҳри яқинидаги олтин руда конидан фойдаланиш ҳам жой олган бўлиб, “Zarafshon Newmount” Ўзбекистон–Америка қўшма корхонаси Қизилқум чўлида қисқа муддатда замонавий корхона барпо этди. Шунга қарамай, 2000 йиллардан сўнг томонлар ўртасида узоқлашув иқтисодий алоқаларга ҳам салбий таъсир этди.
.jpg)
Дўстликнинг янги даври
2016 йилнинг сўнгида ҳокимиятга Шавкат Мирзиёевнинг келиши ортидан бошланган ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг жаҳонга очилиши ва халқаро доираларда танқидларга сабаб бўлаётган мажбурий меҳнатнинг тугатилиши нафақат АҚШ, балки бутун дунё билан кенг кўламда ҳамкорлик ишларини бошлаши учун замин яратди. Муносабатлардаги ижобий тенденциялар, биринчи навбатда, Ўзбекистон ички сиёсатининг ўзгариши ва Тошкентнинг прагматик минтақавий ташқи сиёсати билан боғлиқ эди. Натижада дипломатик алоқалар зичлиги сезиларли даражада ошди: Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мулоқот мунтазамлашди ва бу тизимли ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон нафақат ички ислоҳотлар, балки дипломатик ташрифлар орқали ҳам мамлакатни либераллаштиришга тайёрлигини кўрсата олди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Оқ уйга илк ташрифи 2018 йил 16 май кунида амалга оширилди. Бу Ўзбекистон Президентининг 16 йиллик танаффусдан сўнг АҚШга амалга оширган илк расмий ташрифи эди. Дональд Трамп билан учрашув чинакамига “Янги стратегик шериклик даври” бошланганини англатувчи тарихий воқеа бўлди. Ташриф давомида умумий қиймати 4,8 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган шартномалар пакети имзоланиб, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги келишувлар амалга оширилди.
2020 йиллардан бошлаб муносабатлар кўп даражали тузилмага айлана бошлади. 2021 йил 13 декабрда сиёсий маслаҳатлашувлар формати иқтисодиёт, хавфсизлик ва экологияни қамраб олувчи “Ўзбекистон–АҚШ стратегик шериклик мулоқоти”га айлантирилди. Унинг биринчи йиғилиши Тошкентда ўтказилиб, кенг қамровли ҳамкорликка асос солинди. Йиғилиш давомида, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёни, Америка инвестицияларини жалб қилиш ва савдо алоқаларини диверсификация қилиш муҳокама қилинди. Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, диний эркинликни таъминлаш ва сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги ютуқлар эътироф этилди. Таълим, соғлиқни сақлаш ва маданий меросни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик, хусусан, Ўзбекистонда инглиз тили ўқитилишини кенгайтириш масаласи алоҳида таъкидланди.
Шу ўринда Марказий Осиёни АҚШ билан боғловчи C5+1 форматининг аҳамиятини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. АҚШ учун C5+1’нинг аҳамияти Марказий Осиёда Россия ва Хитой таъсирини чеклаш орқали, ўз манфаатларини амалга ошириш бўлса, Марказий Осиё учун минтақавий ва глобал муаммоларни дунёнинг энг йирик иқтисодига эга давлат билан биргаликда ҳал этиш, ўзаро интеграциялашув ва илиқ муносабатлар орқали қўлловга эришишдир. Шу маънода ушбу саммит ҳар икки томон учун бирдек муҳим.
.jpg)
2015 йилдан буён вазирлар миқёсида ўтказилиб келинаётган йиғилишлар 2023 йилга келиб давлат раҳбарлари ўртасида ўтказиладиган, таъсири ва муҳокама мавзулари кенгайган янги анъанавий саммитга айлантирилди. 2023 йил 19 сентябрь куни Нью-Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида бўлиб ўтган С5+1 саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сардор Бердимуҳамедов ва АҚШнинг ўша пайтдаги етакчиси Жо Байден иштирок этган эди. Унда АҚШ–Марказий Осиё стратегик шериклигини ривожлантириш, савдо-иқтисодий имкониятлар соҳасидаги ҳамкорлик, уларнинг сиёсий мулоқотини кенгайтириш, АҚШ сармояси, Яшил ривожланиш, минтақавий хавфсизлик, трансчегаравий жиноятчилик ва гуманитар мавзулар муҳокама қилинган эди. Аммо бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу саммитлардан кўзланган асосий мақсад Марказий Осиёга ёрдам бериш эмас, унинг ҳудудида “анти-Америка” кучларининг таъсирини чеклаш ва АҚШ манфаатларига оғадиган келишувларга эришиш эди.
2024 йил 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Музаффар Мадраҳимов ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий Марказий ва Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Дональд Лу Вашингтонда Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги тўртинчи йиллик Стратегик шериклик мулоқотига (СПД) раҳбарлик қилишди. Музокаралар якунида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик форматини “Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқоти” даражасига кўтариш бўйича тарихий келишувга эришилди.
Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқоти (Энҳанcед Strategic Partnership Dialogue — ESPD) — бу икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг оддий дипломатиядан кўра анча юқори, ишончли ва кенг кўламли босқичга ўтганини англатувчи расмий мақомдир. Бу бир вақтнинг ўзида, АҚШ ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини техник ҳамда сиёсий жиҳатдан тўлиқ қўллаб-қувватлашини, АҚШ ҳукумати ўзининг йирик корпорацияларига (масалан, Boeing, GE, Air Products) Ўзбекистон бозорига кириш учун давлат кафолатларини тақдим этишини ҳамда ўзаро муддатли визасиз режимнинг жорий этилиши каби қатор имтиёзли алоқаларни йўлга қўйилишини англатади.
2025 йилда АҚШ ва Ўзбекистон муносабатлари ўтган барча йилга нисбатан ҳам анчайин самарали ва сермаҳсул бўлди десак адашмаган бўламиз. Аввалига, 21 февралда АҚШ давлат котиби Марко Рубио Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашиб, томонлар ўртасидаги аввалги келишувларга содиқлик, ресурслар ва Афғонистон масаласида яна бир бор музокаралар олиб борилган эди.
23 сентябрда БМТ бош ассамблиясининг 80-юбилей сессияси доирасида Мирзиёев ва Трамп ўртасида бўлиб ўтган учрашув икки давлат муносабатларида “тарихий бурилиш” сифатида баҳоланди. Икки давлат раҳбари ўртасида кўплаб мавзулар муҳокама қилинди ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Трамп томонидан юксак эътироф этилди. АҚШ корхоналаридан қилинган харидлар ва шартномалар Оқ уй рабарига хуш ёқиб, Ўзбекистон ва Президент Мирзиёев ҳақида қатор илиқ фикрларни билдириб ўтганди.
“Шу ой бошида мен Ўзбекистон Президенти Ҳурматли Шавкат Мирзиёев билан суҳбатлашган эдим. Бугун мен Президент Мирзиёевни "Боэинг" билан улкан битим имзолангани билан табриклайман! “Узбекистан Airways” 8 миллиард доллардан ортиқ маблағ эвазига 22 та "787 Dreamliner" самолётини харид қилади. Бу Қўшма Штатларда 35 000 дан ортиқ иш ўринларини яратади. Президент Мирзиёев – бир сўзли инсон ва биз бошқа кўплаб масалалар устида биргаликда ишлашда давом этамиз! Бу масалага эътиборингиз учун ташаккур”, деган Трамп.

2025 йилда бўлиб ўтган навбатдаги C5+1 саммити ҳам мазкур йилдаги энг муҳим сиёсий воқеалардан бири бўлди. 6 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтган C5+1 форматининг 10 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида икки томон муҳим минераллардан фойдаланиш, АҚШ ва Ўзбекистон савдо тармоқларини кенгайтириш бўйича келишувларга эришдилар.
2025 йил якунида Трамп ва Мирзиёев ўртасида бўлган телефон суҳбати ва унда Ўзбекистоннинг келгусида Маямида бўлиб ўтувчи G20 саммитига таклиф қилиниши ҳам шубҳасиз унинг халқаро доираларда, хусусан, АҚШ кўз ўнгидаги образи ўзгарганидан далолатдир. Энди Ўзбекистон дунё учун яқин иқтисодий ва стратегик ҳамкордир.
Янги 2026 йил ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсати учун муваффақиятли бошланди. Ғазо масаласидаги муаммоларни ҳал қилиш учун ташкил этилиши кўзда тутилган, лекин кейинчалик йирик халқаро ташкилот сифатида кўрила бошланган Тинчлик кенгашига таъсисчи аъзо сифатида таклиф этилиши, Ўзбекистоннинг жаҳон саҳнасида ўз “вазнига” эга бўлиб бораётганидан далолатдир. Бироқ, ҳали Ўзбекистоннинг янги ташкилот билан келгусидаги муносабатлари номаълумлигича қолмоқда. Доимий аъзо бўлиш учун тўланиши зарур бўлган 1 млрд АҚШ доллари миқдоридаги бадал тўлов ҳақида ҳали оғиз очилмади. Тушунарлики, бу янги тузилма ўз олдига қўйган мақсадларни қай даражада уддалай олади шунга боғлиқ. Айнан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатига хос бўлган сабрлилик ва “Етти ўлчаб, бир кес” мақолининг амалий татбиқ этилиши ҳам мақтовга арзигулик.
.jpg)
Иқтисодий соҳада ҳам Ўзбекистоннинг яқин дўстлари сафига АҚШ аллақачон кириб келиб улгурди. Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йил январь-декабрь ойларида республиканинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 81,2 млрд АҚШ долларига етди. Бу ўтган йилгига нисбатан 13928,4 млн АҚШ долларига ёки 20,7 % га кўп деганидир. АҚШ билан савдо айланмаси умумий миқдори қарийб 1,2 млрд доллар бўлиб, тахминан 900 млн доллар миқдорида маҳсулот импорт қилинган бўлса, 300 млн доллар суммали товарлар АҚШга экспорт қилинган.
Хуллас, АҚШ–Ўзбекистон алоқалари йил сайин тобора яхшиланиб бормоқда. Ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий яқинлашув АҚШ учун Марказий Осиёда ўз таъсирини сақлаб қолиш учун зарур бўлса, Ўзбекистон учун катта қўллов орқали жаҳон саҳнасига чиқиш деганидир.
Live
Барчаси