Ё кўчиб кетади, ё қонун асосида яшайди – Президент аёлларга қўл кўтарадиганлар ҳақида (видео)
Жамият
−
07 Март 3943 2 дақиқа
Энди аёллар ва болаларга қўл кўтарадиган одам ё Ўзбекистондан кўчиб кетади, ё қонун асосида яшашга мажбур бўлади. Бу ҳақда кеча, 6 март куни Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтган байрам тадбирида сўз очди.
Шавкат Мирзиёев 8 март – Хотин-қизлар куни арафасида аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича янги фармон имзолади. Давлат раҳбари фармонни “онгни ўзгартирадиган, адолатни ўрнатадиган ҳужжат”, деб атади.
Президентнинг айтишича, энди хотин-қизлар ва болаларга қўл кўтарадиган шахслар учун икки йўл қолади: Ўзбекистондан кўчиб кетиш ёки қонун асосида яшаш.
“Энди хотин-қизлар ва болаларга нисбтан ҳар қандай зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларига қарши қатъий тизим асосида кураш олиб борилади. Албатта, вақт қисқа, лекин у фармонни ўқиган одам тушунади – жуда катта онг ўзгарадиган фармон, адолат пайдо бўладиган фармон. Аёлларга тазйиқ кўрсатиб, ёшларга қўл кўтарганлар ё Ўзбекистондан кўчиб кетади, ё қонун асосда яшашга мажбур бўлади. Агар ўқиган бўлсаларинг умрбод деб ёзиб қўйдим. Юристлар қарши бўлди, лекин мен ўзбек миллатида бўлиши мумкин эмас дедим. Янги Ўзбекистонда кўп миллатли халқимизга ярашмайди, деб шу ёзиб қўйди. Қатъий тизим асосида кураш олиб борамиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг фармони шунингдек, аёлларга ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши муросасиз муҳит яратишни мақсад қилган бўлиб, эндиликда бундай жиноятларни содир этганлар қонуний жавобгарликдан қочолмайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 март куни Президентнинг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони имзоланди. У билан Жиноят кодексида вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар ҳамда улар билан жинсий алоқа қилиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш билан боғлиқ жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар қуйидаги жиноятларни содир этганда уларга тегишинча умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгиланади.