Энди мактабларда 5 эмас, 10 баҳо қўйилади. Тожикистонда!

Олам

image

Тожикистондаги мактабларда жорий йилнинг 1 сентябрь кунидан бошлаб 10 баллик баҳолаш тизими жорий этилади. Бу ҳақда бугун, 30 июль куни мамлакат Таълим ва фан вазири Раҳим Саидзодага таяниб, “Khovar” хабар берди.

Вазирнинг таъкидлашича, янги баҳолаш тизимига ўтиш миллий таълим тизимини халқаро стандартларга яқинлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда. Ҳозирда янгиланган мактаб журналлари ва бошқа ҳужжатларни 10 баллик тизимга мослаштириш ишлари якунланмоқда.

“Кўп балли тизимни жорий этиш таълим сифатини ошириш ва ўқувчилар билимини баҳолашда янада объективликни таъминлашга қаратилган”, деган вазир. 

Мутахассисларнинг фикрича, янги тизим тожик мактаблари битирувчилари хориждаги олий таълим муассасаларига киришда дуч келаётган айрим тўсиқларни бартараф этишга ёрдам беради. Шунингдек, у ўқувчиларнинг билим ютуқларини янада аниқ ва мослашувчан баҳолаш ҳамда уларни ўқишга рағбатлантириш имконини беради.

Маълум қилинишича, кўп балли баҳолаш тизими ривожланган таълим тизимига эга бўлган Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Франция ва Эрон каби мамлакатларда кенг тарқалган. Бу мамлакатларда 10, 12 ёки 20 баллик баҳолаш тизимларидан фойдаланилади.

Тожикистонда янги тизимни жорий этиш жараёни ўқитувчилар учун ўқув семинарларини ташкил этиш, услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш ва замонавий стандартларга мос рақамли воситалар яратиш билан бирга олиб борилади.

Кўп балли баҳолаш тизимига ўтиш мамлакат таълим тизимини модернизация қилишнинг муҳим босқичига айланиши ва мактабларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб Тожикистон баҳо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг