Энди Россияда ракеталарга реклама жойлаштирилади

Олам

image

Кеча, 29 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин “Роскосмос”га ракеталар, сунъий йўлдошлар ва космик инфратузилма объектларида реклама жойлаштиришга рухсат берувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар берди.

Қайд этилишича, қонунда реклама учун тўлов миқдорини белгилаш тартиби, тўлов шакллари ва битимни ҳукумат билан келишиш зарурлиги кўзда тутилган.

Давлат Думасига киритилган қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш хатида ёзилишича, космик техникада реклама жойлаштириш бюджетга йилига 200 миллион рублгача, инфратузилма объектларидаги рекламалардан эса қўшимча 5 миллион рублгача даромад келтириши мумкин.

Қонун 2026 йил 1 январдан кучга киради.

Маълумот учун, Россия космонавтикасида реклама 1992-1998 йилларда қўлланилган. Биринчи марта реклама “Протон-К” ракета-ташувчисида пайдо бўлган бўлиб, ўша вақтда тамаки компанияси ўз логотипини ракетага жойлаштирган. Космосдаги реклама соҳаси 1998 йилда Халқаро космик станция ишга туширилиши билан сусайган. Ўшанда “Роскосмос” ва NASA техника ва жиҳозларда тўғридан тўғри рекламани чеклашга келишиб, лойиҳа учун нейтрал илмий имидж таъминлашга интилган. ХКСни 2030 йилга бориб Ер орбитасидан чиқариш режалаштирилмоқда. Якуний муддат ҳамкор давлатлар ўртасида келишилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Хитой Халқаро Ой тадқиқот станцияси (IRLS) қурилиши доирасида Ой юзасида атом электр станцияси (АЭС) ўрнатишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди. Хитой режасига кўра, Ойнинг жанубий қутбида яшашга мўлжалланган база қурилиши учун асос автоматик “Чанъэ-8” станцияси томонидан қўйилади. Унинг учирилиши 2028 йилга мўлжалланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия ракета реклама

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг