Энди Ўзбекистонда четдан қарз олган йирик корхоналар тоифаланади
Жамият
−
27 Октябрь 2880 2 дақиқа
Энди Ўзбекистонда четдан қарз олган йирик корхоналар “паст хатарли”, “ўрта хатарли” ва “юқори хатарли” деб тоифаланади. Бу ҳақда ҳукуматнинг жорий йилнинг 24 октябрь куни қабул қилинган 670-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тартиби тўғрисида”ги низомда сўз боради.
Низом Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар, уларга тегишли бўлган корхоналар ва уларга ўзаро алоқадор корхоналар гуруҳи томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилишни назорат ва мониторинг қилиш тартибини белгилайди.
Йирик қарздорларнинг молиявий ҳолати бўйича хатарлар даражаси “паст хатарли”, “ўрта хатарли” ва “юқори хатарли” деб тоифаланади.
Йирик қарздорларнинг тоифаси:
- “Паст хатарли” бўлганда, жалб этилаётган янги молиявий қарз миқдоридан қатъи назар;
- “ўрта хатарли” бўлганда, жалб қилинаётган янги молиявий қарз миқдори мавжуд молиявий қарзлари қолдиғининг 5 фоизидан ёки 20 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлган ҳолларда;
- “юқори хатарли” бўлганда, жалб қилинаётган янги молиявий қарз миқдори мавжуд молиявий қарзлар қолдиғининг 1 фоизидан ёки 5 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлган ҳолларда Мувофиқлаштирувчи комиссияни хабардор қилган ҳолда, молиявий қарзлар жалб этилади.
Йирик қарздорлар молиявий ҳолати ёмонлашганда, Мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан уларни молиявий соғломлаштириш бўйича қуйидаги молиявий усуллардан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилади, жумладан:
- Мавжуд қарзларни тўлаш учун янги, қулайроқ шартларда қарзлар (ташқи ва ички қарз, кредит) олиш;
- қарздорликни қайта кўриб чиқиш (муддатини узайтириш, тўлов жадвалини ўзгартириш, фоиз ставкасини пасайтириш, валюта турини ўзгартириши).
Йирик қарздорлар Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг молиявий қарзни жалб қилишни рад этиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкинлиги белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 ойи якунида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарз ҳажми 72,2 млрд долларни ташкил қилиб, шундан давлат ташқи қарзи ҳажми 36,8 млрд доллар ҳамда корпоратив ташқи қарз ҳажми 35,4 млрд долларга тенг бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси