Эрдўған ва Мерц тортишиб кетди (видео)
Олам
−
31 Октябрь 21384 2 дақиқа
Кеча, 30 октябрь куни Германия канцлери Фридрих Мерц ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқарада бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида оғзаки тортишувга киришиб кетди. Бу ҳақда “Milliyet” хабар берди.
Маълум қилинишича, икки етакчи Ғазодаги вазият бўйича келишмовчиликларга дуч келган. Мерц Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлаган, Эрдўған эса яна Исроил ҳукуматини геноцидда айблаган.
Нашрнинг ёзишича, турк журналистининг саволига жавобан канцлер Исроил миллионлаб Холокостдан (1933 йилдан 1945 йилгача нацистлар Германияси томонидан яҳудийларнинг таъқиб қилиниши) омон қолганлар учун бошпана бўлганини айтган.
“Шунинг учун Исроил ҳар доим Германия давлати томонидан қатъий қўллаб-қувватланади”, дея таъкидлаган канцлер.
Исроилнинг Ғазодаги операцияси ҳақида гапирар экан, у Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи, Германия ва бошқа кўплаб давлатлар томонидан “террорчи ташкилот” сифатида тан олинган ҲАМАС ҳаракатини айблаган.
“Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланган ва сон-саноқсиз кераксиз қурбонларнинг олдини олиш учун фақат битта ечим керак эди: ҲАМАС гаровга олинганларни олдинроқ қўйиб юбориши ва қуролларини топшириши керак эди. Шунда, бу уруш дарҳол тугайди”, деган германиялик етакчи.
Бироқ Туркия Президенти канцлерга тўғридан тўғри айтганидек, бунга қўшилмаган. Эрдўғаннинг фикрича, ҲАМАСда ядровий қурол ва бомбалар йўқ, Исроил эса мавжуд сулҳга қарамай, Ғазо секторини бомбардимон қилмоқда.
“Улар нафақат Ғазога ҳужум қилмоқда, балки ҳар доим очарчилик ва геноцид орқали Ғазони бўйсундиришни ният қилганлар ва бу бугунги кунгача давом этмоқда”, дея ўз позициясини билдирган Туркия етакчиси.
Шу билан бирга, у Германия ва Туркия Ғазо секторининг келажаги устида якдил ишлашларига ишонч билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҲАМАСни сулҳ битимини бузганликда айблаб, Ғазо секторига йирик зарбалар беришни буюрганди.
Кўп ўтмай, оммавий ахборот воситалари Ғазо шаҳрига зарба берилгани ҳақида хабар берди. ҲАМАС назоратидаги Ғазо расмийлари Исроил самолётлари ҳудудга камида учта ҳаво ҳужумини амалга оширгани ва тўққиз кишининг ўлганини даъво қилди.