Фаластинлик болалар Ўзбекистонда бепул таълим олади
Жамият
−
15 Август 6296 3 дақиқа
Ўзбекистонга олиб келинган фаластинлик болалар таълимга жалб этилади. Бу кеча, 14 август куни қабул қилинган Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистондаги бир гуруҳ фаластинлик фуқароларга давлат ғамхўрлиги, меҳр-шафқат тамойиллари асосида кўмак бериш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонида белгиланган.
Фармонда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қуйидаги чораларни кўриши белгиланган:
- меҳмонлар яшаш манзиллари бўйича уларнинг фарзандларини давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга жойлаштириш;
- меҳмонларнинг ҳар бир фарзанди ўқув ва тарбия жараёнига мослашиши учун мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларнинг директорлари ўринбосарларини бириктириш;
- Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда таълим ташкилотларида меҳмонлар фарзандларининг мослашуви ва ҳар томонлама камол топиши юзасидан доимий мониторинг амалга ошириш.
Бундан ташқари, Ўзбекистонга келтирилган фаластинликлар давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловидан 2028 йил 1 январига қадар озод этилади. Уларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари талабномаси асосида жойлаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–12-сон қарори доирасида фаластинликларнинг фарзандларини давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида қўшимча таълимга (касб-ҳунар, ахборот технологиялари, олий таълим ташкилотларига тайёрлаш йўналишида) жалб қилиш ҳамда уларни ўқитиш харажатларининг 100 фоизи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги эса икки ой муддатда фаластинликларнинг хорижий давлатда умумий ўрта махсус, касб-ҳунар (профессионал), олий таълим, қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини тан олишни тест синовларисиз ва йиғим ундирмаган ҳолда амалга оширади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонга келтирилган фаластинликларнинг яшаш манзиллари бўйича оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ҳисобга қўйилишини таъминлайди ва уларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатишда камбағал оилаларга мансуб шахслар тоифаси қаторида йўлланма ажратиб боради.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 11 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев навбатдан ташқари араб-ислом саммитида нутқ сўзлаб, урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини билдирган эди. Шундан сўнг QALAMPIR.UZ бунинг учун мамлакат тиббиёт тизими қай даражада тайёр эканига қизиқди ва Соғлиқни сақлаш вазирининг болалар ва аёллар масалалари бўйича ўринбосари Элмира Боситхонова билан боғланганди. У фаластинлик болаларни даволашга Ўзбекистоннинг имконияти етарли эканини айтганди.
2024 йил 27 декабрь куни 100 нафар яраланган фаластинлик болалар ва аёллар ҳамда уларнинг ҳамроҳлари Ўзбекистонга эвакуация қилинди. Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси Мансурбек Қиличевга кўра, эвакуация қилинган фаластинликлар Ўзбекистонда меҳмон бўлиб, ўз ватанларига қайтгунларига қадар мамлакатдаги шароитлардан фойдаланади.