FIFA Жаҳон чемпионати бюджетини қисқартирди – ОАВ
Спорт
−
15:16 760 2 дақиқа
FIFA АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати бюджетини 100 миллион доллардан ортиқ қисқартирди. Бу ҳақида “The Athletic” хабар берди.
Манбага кўра, FIFA’нинг 2024 йилги йиллик ҳисоботида 2023-2026 йиллар учун мўлжалланган бюджет тақдим этилган бўлиб, унда турнирнинг операцион харажатлари 1,12 миллиард долларни, мукофот пуллари ва телевидение операцияларини ҳисобга олганда эса, умумий бюджет 3,75 миллиард долларни ташкил этиши тахмин қилинган.
Нашрга маълум қилинишича, тўртта номаълум манба Жаҳон чемпионати харажатларининг 100 миллион доллардан ортиқ қисқариши FIFA ходимлари орасида хавотир уйғотганини билдирган.
“FIFA бутун дунё бўйлаб футболни ривожлантиришга иложи борича кўпроқ пул сарфлаш мақсадида харажатларни назорат қилинишини таъминлаб, бюджет ижросини доимий равишда кўриб чиқади. Бу ажабланарли эмас, чунки бюджет кўриб чиқишлари барча турнирлар ва тадбирларимиздан олдин мунтазам ўтказилади”, дея изоҳ берган FIFA вакили.
2026 йилги Жаҳон чемпионати биринчи марта 48 та миллий терма жамоа иштирокида бўлиб ўтади ва учта мамлакат – АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказиладиган биринчи мусобақа бўлади. Турнир жорий йилнинг 11 июнидан 19 июлигача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида Португалия, Колумбия ва Ямайка/Конго/Янги Коледония ўтиш ўйини ғолиби билан бирга “K” гуруҳидан жой олган эди.
Live
Барчаси