Fitch Ўзбекистон кредит рейтингини “барқарор”дан “ижобий”га оширди
Жамият
−
03 Июнь 1496 2 дақиқа
Fitch халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги прогнозини “барқарор”дан “ижобий”га яхшилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унинг билдиришича, глобал беқарорлик ҳамда молия бозорларидаги мавҳумлик шароитида Президент раҳбарлигида Ўзбекистон изчил ислоҳотларни қатъият билан давом эттирмоқда.
“Ушбу ўзгаришларни халқаро ҳамкорларимиз эътироф этаётгани биз учун алоҳида аҳамиятга эга — Fitch халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги прогнозини “барқарор”дан “ижобий”га яхшилади”, дейди Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари.
Шунингдек, у мазкур ҳолат халқаро инвесторлар томонидан Ўзбекистонга билдирилган юксак ишонч белгиси эканини қайд этган.
“Бу халқаро инвесторлар томонидан мамлакатимизга билдирилган юксак ишонч белгисидир. Мамлакатимизнинг суверен кредит рейтингини ошириш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари сифатида алоҳида таъкидламоқчиманки, биз ҳамкорларимиз билан фаол алоқаларни давом эттирамиз. Стратегик мақсадимиз – 2030 йилга қадар юртимиз рейтингини “инвестициявий” даражага олиб чиқиш”, дейди Саида Мирзиёева.
Маълумот учун, 2025 йилнинг июнь ойида Fitch томонидан Ўзбекистон кредит рейтинги “BB-”дан 1 поғона юқорига – “BB” даражасига оширилган. 2014 йилдан буён фақатгина 15 та мамлакат 12 ой ичида рейтинг баҳоси ва кутилмасини кетма-кет оширишга эришган.
Ўзбекистон кредит рейтинг кутилмасининг “ижобий”га оширилиши бир неча сабаблар билан изоҳланган. Жумладан, глобал ноаниқликларга қарамай, ислоҳотлар натижадорлиги ва макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган сиёсатнинг давом эттирилиши орқали ўрта муддатда барқарор иқтисодий ўсиш ва макроиқтисодий кўрсаткичларнинг яхшиланиши кутилмоқда.
Шунингдек, фискал ва монетар ислоҳотларнинг давом эттирилиши макроиқтисодий сиёсат ва шаффофликни мустаҳкамлаш орқали бюджет тақчиллигини пасайтириш ҳамда халқаро захираларнинг сезиларли ошишига хизмат қилади. Шу билан бирга, ислоҳотлар бошқарув сифати кўрсаткичларига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Live
Барчаси