Путин қўрқяпти: Ғалаба паради “ҳувиллаган” майдонда ўтказилади
Таҳлил
−
08 Май 3092 10 дақиқа
Россияда бу йил ғалаба паради қисқартирилган ҳолда ўтказилади. Унга таклиф қилинганлар орасида Марказий Осиё мамлакатлари президентлари йўқ, нега? Таҳлилчилар Путин қўрқаётганини, қурол-яроқлари ва ҳарбий техникалари кам қолганини айтмоқда. Бу қанчалик рост? Зеленский эса, бошқа давлат вакилларига 9 майда Россияга бормасликни маслаҳат берди. У ҳужум уюштирмоқчими? II жаҳон уруши тугаганидан бери Россия ва МДҲ мамлакатларида алоҳида эътибор қаратиладиган, аммо бу йил Москвада кутилмаган сценарий асосида ўтказилиши кутилаётган 9 май — “Ғалаба куни” ва унинг атрофидаги шов шувли ўзгаришларни кўриб чиқамиз.
1945 йил Москва вақти билан 9 май санасида Берлинда немис қуролли кучларининг сўзсиз таслим бўлгани тўғрисидаги якуний ҳужжат имзоланади. Шундан сўнг, СССР раҳбари Иосиф Сталин 9 майни "Ғалаба байрами" деб эълон қилиш ҳақида фармон чиқараган. Москва радиосининг машҳур диктори Юрий Левитан 9 майга ўтар кечаси соат 02:10 да СССР халқига Германия тўлиқ таслим бўлгани ва уруш тугагани ҳақида хушхабарни ўқиб берган.
Иккинчи жаҳон уруши якунланган кундан бери Россия ва МДҲ давлатларида 9 май санаси катта тантана билан нишонланиб келинади. Айниқса, Россиянинг ўзида бу кун рус ҳукумати ва ҳарбий қудратининг рамзига айланган. Москвадаги Қизил майдонда ўтказиладиган ҳарбий парад эса, йиллар давомида “қудратли рус” ғоясининг асосий ёювчи воситаларидан бирига айланган. Ҳар йили май ойининг бошида Москва маркази танклар шовқини, қирувчи самолётлар парвози ва минглаб ҳарбийларнинг тантанали юриши билан тўларди.
Аммо бу йилги “Ғалаба куни” аввалгиларидан анча фарқ қилиши айтилмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, 2026-йилги парад қисқартирилган форматда ўтказилади. Ҳарбий техникалар ва ҳаво намойишлари бекор қилинди. Россия расмийлари хавфсизлик сабабларини асосий омил сифатида кўрсатмоқда. Кремль эса, бунда Украинани айбламоқда. Уруш бошланганига уч йилдан ошган бир пайтда, авваллари дабдаба ва ишонч рамзи бўлган “Ғалаба куни” камтарона байрамга айланиб қолмоқда. Хўш, нега?
Москвада 9 май қандай ўтади?
2026-йилги 9 май “Ғалаба куни” парадига саноқли кунлар қолган бир пайтда Москва одатдаги тантанали кайфиятдан кўра, хавфсизлик масалалари билан кўпроқ банд бўлиб қолди. Россия Мудофаа вазирлиги ва Кремль вакиллари бу йил Қизил майдондаги асосий ҳарбий парад “қисқартирилган форматда” ўтказилишини расман тасдиқлади. Энг катта ўзгаришлардан бири — параднинг асосий рамзларидан ҳисобланган ҳарбий техникалар колоннаси намойиш қилинмаслиги бўлди. Одатда Қизил майдонда танклар, ракета тизимлари, зирҳли машиналар ва бошқа оғир техникалар намойиш қилинарди. Бу йил эса, улар парад дастуридан олиб ташланган. Айрим ҳарбий ўқув муассасалари курсантлари, кадетлар ва ёшлар ҳарбий ташкилотлари ҳам тадбирда қатнашмайди.
Аслида бу йилги параднинг қисқартирилиши ҳақидаги хабарлар анча олдин тарқала бошлаганди. Аввалроқ, Z-блогерлар анъанавий парад бутунлай бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. “Fighterbomber” канали муаллифи Иля Туманов апрель ойи бошида параднинг ҳаво қисми машғулотлари бекор қилинганини маълум қилганди. Баъзи нашрларнинг ёзишича эса, бу йил Москвада одатда 9 майдан камида икки ҳафта олдин бошланадиган биринчи машғулот ҳали эълон қилинмаган. Одатда машғулотлар Москва вилоятидаги “Алабино” полигонида бошланади, апрелнинг 20-саналарига келиб Москва транспорт департаменти парад машғулотлари сабабли йўллар ёпиладиган саналарни эълон қиларди ва йўлларга махсус белгилар чизиларди. Аммо бу сафар бундай тантанага тайёргарликлар анча кеч бошланди. Март ойи охирида Кремль параднинг бош машғулоти 7 майда бўлиб ўтишини маълум қилганди.
27 апрель куни Россияда "хорижий агентлар" рўйхатига киритилган сиёсатшунос Екатерина Шулман ва журналист Александра Прокопенко ўз манбаларига таяниб, бу сафар парадга ҳарбий техника киритилмаслигини хабар қилишганди.
“Путин учун муқаддас маросим ҳисобланган 9 май паради Қизил майдонда ҳарбий техникаларсиз, фақат пиёда аскарлар сафи иштирокида бўлиб ўтади. Манбаларга кўра, тадбирда одатдагидек минглаб эмас, балки бир неча юзлаб меҳмонлар иштирок этади. Бутун томоша бир соатдан камроқ давом этади. Тарғибот машинаси буларнинг барчаси бошиданоқ режалаштирилганини ва дронларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини даъво қилади”, деб ёзади Александра Прокопенко ўзининг Х саҳифасида.
Буни қарангки, орадан икки кун ўтиб, 29 апрель санасида Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бу қарорни тасдиқлаб, буни “Украина томонидан давом этаётган террорчилик фаоллиги” билан изоҳлади. Россия томони сўнгги ойлар давомида Украина дронлари Россия ҳудудининг ичкарисига, жумладан Москва атрофидаги ҳудудларгача етиб келаётганини айтмоқда. Шу сабабли, хавфсизлик чоралари кучайтирилгани, парад имкон қадар қисқартирилгани таъкидланмоқда.
“Хавфни минималлаштириш учун барча чораларни кўрмоқдамиз. Шу туфайли бу йилги Ғалаба парадида ҳарбий техника ёки курсантларнинг иштирок этмаслигини маълум қиламиз”, дейди Песков.
Мутахассисларнинг ёзишича, Кремль айниқса узоқ масофали дрон ҳужумлари эҳтимолидан хавотирда.
7 май куни Украина Президенти Владимир Зеленский Россияга яқин давлатларга мурожаат қилиб, 9 май куни Москвага бормасликни тавсия берди. Телеграм-каналида ёзиб қолдирган постида у Украина махсус операция кучлари ва бошқа ҳарбий бўлинмаларига миннатдорлик билдириб, Россия ҳудудидаги бир нечта муҳим объектларга узоқ масофали зарбалар берилганини айтган. Зеленскийнинг ёзишича, Украина Россияга яна бир бор ўт очишни тўхтатишни таклиф қилган. Бу сафар 6 майдан бошлаб тўлиқ сукут режимини жорий этиш таклиф этилган. Украина томони бунга тайёр бўлганини билдирган, аммо жавобан Россия томонидан янги зарбалар ва таҳдидлар бўлган.
“Улар Украинадан ўз парадларини хавфсиз ўтказиш учун рухсат сўраётгандек. Бир соат тинч туриб, кейин яна одамларимизни ўлдириш ва урушни давом эттиришни хоҳлашяпти. Бу ғалати ва мутлақо ноадекват мантиқ. Россияга яқин айрим давлатлар Москвадаги тадбирларда иштирок этиш учун ўз вакилларини юборишни режалаштиришяпти. 9 май куни Москвага бориш истагининг бўлиши ғалати. Биз буни тавсия қилмаймиз”, деган Украина президенти.
Россия пойтахтида хавфсизлик чораларининг кучайгани аллақачон кундалик ҳаётга ҳам таъсир қила бошлаган. Москванинг айрим аэропортлари вақтинча ёпилган, марказий ҳудудларда мобил алоқа ва интернет чекловлари жорий этилган. Шаҳар марказида қўшимча текширув пунктлари пайдо бўлган, айрим жойларда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва қуролланган хавфсизлик кучлари кучайтирилган. Британиянинг “The Guardian” нашри Москва кўчаларида снайперлар ва қўшимча ҳарбий постлар жойлаштирилгани ҳақида маълумот бермоқда.
Россия Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, параднинг пиёда қисми сақлаб қолинади, лекин Суворов ҳарбий ва Нахимов денгизчилик билим юртлари ҳамда кадет корпуслари тарбияланувчилари парадда қатнашмайди. Яъни ҳарбийлар саф тортиб юриши давом этади. Айрим манбаларда Су-25 ҳужумчи самолётларининг анъанавий учиш дастури қолиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда. Бироқ асосий эътибор техник парад эмас, хавфсизликка қаратилгани сезилмоқда.
Бу йилги парад атрофидаги хавотирлар Россия-Украина урушининг янги босқичини ҳам кўрсатмоқда. Урушнинг дастлабки йилларида Москва ҳудуди нисбатан хавфсиз ҳисобланган бўлса, энди Украина дронлари Россия ичкарисидаги стратегик объектларгача етиб бораётгани ҳақида тез-тез хабарлар чиқмоқда. Reuters хабарига кўра, 7 май куни Россия ҳаво мудофааси тизимлари Москва томон учаётган ўнлаб дронларни уриб туширганини маълум қилган.
Аммо, ижтимоий тармоқларда 2026 йил 9 майдаги параднинг бекор қилиниши мумкинлиги ҳақидаги муҳокамалар фонида, Украина Президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк “Breakfast Show” YouTube канали эфирида Украина ҳарбийлари гуманитар сабаблар туфайли Москвадаги Ғалаба парадига ҳужум қилмаслигини, чунки у ерда тинч аҳоли вакиллари кўп бўлишини маълум қилди.
“Гуманитар тамойилларни ҳеч ким бекор қилмаган, ҳеч ким тинч аҳолига ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилмайди”, деди у.
“Ғалаба куни” фақат ички тадбир эмас, балки Кремль учун муҳим сиёсий ва дипломатик маросим ҳам ҳисобланади. Ҳар йили Москвага хорижий меҳмонлар, иттифоқчи давлатлар делегациялари ва айрим хорижий лидерлар таклиф қилинади. Бу йил ҳам бир нечта давлат вакилларининг келиши кутилмоқда. Словакия бош вазири Роберт Фицо Москвага боришини билдирган, бироқ у ҳарбий параднинг ўзида қатнашмаслигини айтган. Охирги кунларда Европа билан яқинлашишни бошлаган Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эса, очиқчасига парадга бормаслигини эълон қилди.
“Мен бу ҳақда апрель ойида Россияга қилган ташрифим чоғида ушбу мамлакат Президентига хабар бергандим”, дейди у журналистларга.
Ўтган йили қарийб 27 давлатдан вакил келган байрамга бу сафар ташриф буюрувчилар сони жуда ҳам кам. 7 май куни Кремль матбуот хизмати томонидан Ғалаба кунини нишонлаш учун Москвага ташриф буюрувчи “хорижий делегациялар” раҳбарларининг рўйхати эълон қилинди. Маълум қилинишича, тадбирда Абхазия президенти Бадра Гунба, Беларус резиденти Александр Лукашенко, Лаос Президенти Тхонглун Сисулит, Малайзия Олий ҳукмдори султон Иброҳим, Словакия Бош вазири Роберт Фицо ва Жанубий Осетия президенти Алан Гаглоев иштирок этади.
Россияда “Ғалаба куни” парадлари Иккинчи жаҳон урушида қозонилган зафарнинг асосий рамзи сифатида кўрилади. Айниқса Владимир Путин даврида бу тадбир давлат қудрати, тарихий хотира ва ҳарбий салоҳият намойишига айланган эди. Қизил майдондаги парадларда минглаб ҳарбийлар, юзлаб техникалар ва замонавий қуроллар намойиш қилинар, осмонда эса қирувчи самолётлар учарди. Аммо 2026-йилги парад сўнгги йиллардаги энг камтар тадбирлардан бири бўлиши кутилмоқда.
Айтилмаган сабаблар
2026-йилги 9 май парадида танклар, ракета тизимлари ва зирҳли техникалар бўлмаслиги ҳақидаги хабар Россияда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Одатда парад давомида “Ярс” ядровий ракета мажмуалари, “Т-90” танклари, “Искандер” тизимлари ва бошқа замонавий қуроллар намойиш қилинарди. Бу сафар эса, Россия Мудофаа вазирлиги “жорий оператив вазият” сабабли ҳарбий техникалар колоннаси бекор қилинганини эълон қилмоқда.
Расмий Москва бунинг асосий сабабини Украина дрон ҳужумлари хавфи билан изоҳлади. Сўнгги икки йил ичида Украина урушни Россия ҳудуди ичкарисига олиб кира бошлади. Дронлар нефть базалари, ҳарбий заводлар, аэропортлар ва ҳатто Москва атрофидаги ҳудудларгача етиб бормоқда. Айниқса, 2025 йил охири ва 2026 йил бошидан бошлаб Россия пойтахти атрофида дрон таҳдиди сезиларли кучайди. Шу сабабли Кремль бу йил парадни максимал даражада хавфсиз форматга ўтказишга уринмоқда.
Аслида хавфнинг ўзи фақат парад куни билан боғлиқ эмас. Ҳарбий техникалар парадга бир неча ҳафта олдин тайёрлана бошлайди. Танклар ва ракета тизимлари Москва ташқарисидаги махсус ҳудудларга олиб келинади, у ерда репетициялар ўтказилади. ОSINT (очиқ манбалар асосидаги разведка) таҳлилчиси ва Conflict Intelligence Team асосчиларидан бири Руслан Левиевга кўра, айнан шу тайёргарлик ҳудудлари энг заиф нуқта ҳисобланади. Унинг айтишича, катта техникаларни яшириш қийин ва дронлар учун бундай объектлар жуда қулай нишонга айланиши мумкин. Агар битта зарба натижасида парад учун тайёрланган техникалар йўқ қилинса ёки шикастланса, бу нафақат ҳарбий, балки кучли мафкуравий зарба ҳам бўлади.
Россия ҳарбий блогерлари ҳам бу қарорни “мажбурий эҳтиёт чораси” сифатида баҳоламоқда. “Комсомолская Правда” нашрининг мухбири Александр Коцнинг ёзишича, аслида параднинг ўзи ҳам бекор қилиниши мумкин эди. Унинг фикрича, Кремль хавфга қарамай “анъанани сақлаб қолиш” учун ҳеч бўлмаганда пиёда парадини қолдиришга қарор қилган.
Бу йилги параддаги ўзгаришларнинг яна бир жиҳати — Россия энди урушни узоқ фронт эмас, ички хавфсизлик муаммоси сифатида ҳам ҳис қила бошлаганидир. Сўнгги кунларда Москва аэропортлари бир неча марта ёпилди, мобил интернет чекловлари жорий қилинди, шаҳарда қўшимча текширув пунктлари пайдо бўлди. Британиянинг “The Guardian” газетаси Москва марказида снайперлар ва кучайтирилган хавфсизлик постлари жойлаштирилганини ёзди.
Австриялик ҳарбий тарихчи ва Винер-Нойштадтдаги ҳарбий академия ўқитувчиси Маркус Райснернинг сўзларига кўра, Россия Қуролли кучларининг анжомлари ва техникаси, шунингдек, уларни ташиш учун логистика воситалари аллақачон фронтга жалб қилинган ва айнан шу сабабли парадда иштирок этмайди.
Песков айтаётган "террорчилик таҳдиди" туфайли эмас, балки уруш барча ресурсларни ютиб юбораётгани сабабли парад қисқартирилмоқда. Россия томонида етарли даражада техника мавжуд, бироқ уларни фронтдан парадга ва ортга ташиш ўта юқори харажатларни талаб қилади”, дейди у.
Яна бир ҳарбий эксперт Ян Матвеевнинг фикрича, уруш вақтида иқтисодий қийинчиликларга дуч келаётган аҳолига ҳарбий қуролларни кўрсатиш уларда агрессияни ошириб юбориши мумкин.
"Яна бир сабаб, уруш муваффақиятсизлиги фонида ҳарбий техникага жуда кўп эътибор қаратишни истамаслик, аллақачон норози бўлган жамоатчиликни ғазаблантирмасликдир", дейди Матвеев.
Қизиғи шундаки, Россия “Ғалаба куни” парадини сўнгги йигирма йил давомида айнан ҳарбий қудратни кўз-кўз қилувчи шоуга айлантириб юборган эди. 2008 йилдан бошлаб Қизил майдонга оғир техникалар қайтарилганди ва бу Путин давридаги янги милитаристик имижнинг муҳим қисмига айланиб улгурган. Айниқса, Украина уруши бошланганидан кейин парад Кремль пропагандасининг марказий саҳнасига айланди. Россия телеканаллари фронтдаги аскарлар, янги қуроллар ва “тарихий миссия” ҳақидаги чиқишларни айнан 9 май билан боғлаб кўрсатарди. Шу сабабли техникаларсиз парад кўплаб кузатувчилар учун ноодатий кўринмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бу галги парад Кремль ичида кетаётган хавотирлар ва уруш келтириб чиқарган оғир иқтисодий вазиятнинг ҳосиласидир. Мутахассислар урушда Россия ғалабасини ҳар қанча башорат қилмасин, замонавий технологиялрга таянувчи ассиметрик жанглар бугун Москвани ҳам ҳужумкор эмас, ҳимоя позициясига ўтишга мажбур қила олмоқда.
Live
Барчаси