Ғазода ҳали-ҳамон болалар очарчиликдан азият чекмоқда 

Олам

image

Ғазодаги очликдан азият чекаётган болаларнинг аҳволи сулҳга қарамай ҳануз оғирлигича қолмоқда. Минглаб болалар тўйиб овқатланмаслик сабаб шифохоналарга ётқизилган. Бу ҳақда кеча, 9 декабрь куни БМТга таяниб, “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, Ғазода тўйиб овқатланмасликка қарши курашаётган энг йирик ташкилот UNICEF октябрь ойида икки йиллик Исроил-ҲАМАС урушига барҳам беришга қаратилган келишувнинг биринчи босқичи кучга кирганидан сўнг 9300 нафар бола ўткир тўйиб овқатланмасликдан даволанганини билдирди. 

Бу эса ёрдам оқимининг ҳануз етарли эмаслигидан далолат беради, деди UNICEF вакили Тесс Инграм Женевада бўлиб ўтган матбуот брифингида. 

“Бу ҳали ҳам ҳайратланарли даражада юқори рақам. Даволанган болалар сони февраль ойига қараганда беш баравар кўп. Биз бу рақамлар анча камайишини кутяпмиз”, деди у.

Инграм шифохонага ётқизилган, туғилганида 1 килограммдан кам вазнга эга чақалоқлар билан учрашганини айтиб, уларнинг ҳар бир нафаси тирик қолиш учун кураш эканини таърифлади.

UNICEF'га кўра, 10 октябрдаги келишувдан кейин ёрдам олиб кириш бироз осонлашган бўлса-да, жиддий тўсиқлар ҳали ҳам мавжуд. Юкларнинг чегарада кечиктирилиши ёки ортга қайтарилиши, айрим ўтиш йўлакларининг ёпилиши ҳамда хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар шулар жумласидандир. 

Шунингдек, у Ғазода тижорий маҳсулотлар, айниқса, озиқ-овқат етишмаётганини, масалан, гўштнинг 1 килограмми 20 доллар атрофида бўлиб, кўпчилик оилалар учун жуда қимматлигини айтди. 

Маълумот ўрнида, август ойида БМТ қўллаб-қувватлаган очлик кузатув платформаси очарчилик шароитлари ярим миллионга яқин одамга Ғазо аҳолисининг тахминан тўртдан бир қисмига таъсир қилаётганини аниқлаган эди. Мутахассислар уруш давом этар экан, болаларда очлик оқибатлари узоқ муддатли ва жиддий зарар келтириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазо харобалари орасида 54 жуфтлик учун оммавий тўй ўтказилгани ҳақида хабар берилганди. Ғазо секторининг жанубидаги Хон Юнус шаҳрида жорий йилнинг 2 декабрь куни БААнинг 54 йиллик иттифоқ куни муносабати билан Абу-Даби томонидан қўллаб-қувватланган байрамда 54 жуфтлик учун оммавий тўй бўлиб ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ болалар озиқ-овқат UNICEF Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг