Германия, Франция ва Британия Ғазода оташкесимга чақирди

Олам

image

Кеча, 25 июль куни Германия, Франция ва Буюк Британия биргаликда баёнот эълон қилиб, Ғазо секторидаги барча томонларни зудлик билан оташкесимга эришишга чақирди. Бу ҳақда Германия ҳукумати расмий сайтида эълон қилинди.

Маълум қилинишича, томонлар оташкесим эълон қилиниши билан бир вақтнинг ўзида, 2023 йилнинг 7 октябридан бери ҲАМАС томонидан ушлаб турилган исроиллик гаровдагиларни озод қилишга чақирган. 

“Оташкесим тўғрисида келишувга эришиш – гаровдагиларни уйларига қайтариш, уларнинг оилалари азиятини тугатиш ва Ғазодаги тинч аҳоли аҳволини енгиллаштиришнинг энг яхши йўлидир”, дейилади баёнотда. 

Томонлар ҲАМАСни қуролсизлантириш зарурлигини ва ушбу ташкилот келажакда Ғазо бошқарувида иштирок этмаслиги кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, АҚШ, Қатар ва Мисрнинг воситачилик ҳаракатлари қўллаб-қувватланиши қайд этилган. 

Баёнотда Ғазо секторидаги инсонпарварлик инқирози жиддий аҳволда экани таъкидланган. Озиқ-овқат ва ичимлик суви каби асосий эҳтиёжлар шошилинч таъминланиши лозимлиги қайд этилган. Европа мамлакатлари Исроилни ёрдам етказиш бўйича чекловларни бекор қилишга ва БМТ ҳамда инсонпарварлик ташкилотларига ҳудудда эркин фаолият юритишига йўл очишга чақирган. Шу билан бирга, Исроил халқаро гуманитар ҳуқуқ қоидаларига риоя этиши шартлиги уқтирилган.

Европа мамлакатлари БМТ ва бошқалар билан ҳамкорликда мукаммал ва аниқ келгуси босқич режасини ишлаб чиқиш ниятида эканини билдирган.

Бу режа қуйидагиларни назарда тутади:

  • муваққат бошқарув ва хавфсизлик механизмлари;
  • кенг қамровли гуманитар ёрдам етказиш;
  • Исроил қўшинларини ҳудуддан олиб чиқиш;
  • ҲАМАСни Ғазонинг сиёсий тизимидан четлаштириш.

Эслатиб ўтамиз, 24 июль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон БМТ Бош Ассамблеясининг сентябрдаги сессиясида мамлакати Фаластин давлатини расман тан олишини маълум қилганди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакати бу қадамни кескин қоралаши ва Фаластин давлати ташкил этилишини ўз хавфсизлигига таҳдид сифатида кўришини айтди. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳам Қўшма Штатлар Франциянинг Фаластин давлатини тан олиш ниятида қўллаб-қувватламаслигини билдирди. АҚШ Президенти Дональд Трамп эса Франция етакчисининг Парижнинг Фаластин давлатини тан олишга тайёрлиги ҳақидаги сўзлари ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Франция Британия Ғазо оташкесим

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг