Германия Туркияда фожиавий вафот этган оила ишини назоратда тутмоқда

3-саҳифа

image

Германия Ташқи ишлар вазирилиги Туркиянинг Истанбул шаҳрига саёҳати давомида заҳарланиш оқибатида вафот этган оиланинг терговини кун тартибида тутмоқда ва жараён назорат остида. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмийсига таяниб, “Deutsche Welle” ёзмоқда. 

“Истанбулдаги Германия Бош консуллиги марҳум оиланинг қариндошлари ва маҳаллий ҳокимият органлари билан яқин алоқада”, дейди расмий.  

Вазирлик қурбонларнинг қариндошлари ҳақида уларнинг шахсий ҳуқуқларининг бузилиши эҳтимолидан келиб чиқиб, батафсил маълумот бермайди.

“Биз ўлим сабабини аниқлаш учун олиб борилаётган тергов ва ўзгаришларни диққат билан кузатиб бормоқдамиз”, дейди ТИВ расмийси. 

Германия фуқароларининг заҳарланиш оқибатида ўлиши ортидан Берлин Туркияга саёҳат бўйича тавсияларни қайта кўриб чиқяптими, деган саволга ТИВ вакили қуйидагича жавоб қайтарган:  

“Биз саёҳат ва хавфсизлик бўйича тавсияларни заруратга қараб доимий равишда кўриб чиқамиз ва янгилаймиз”. 

Маълум қилинишича, Германиянинг Истанбулдаги Бош консуллиги воқеани ва ўлимнинг аниқ сабабини тезкор ҳамда ҳар томонлама аниқлаш учун фаол музокаралар олиб бормоқда. Бош консуллик бу мақсадда турли даражадаги Туркия расмийлари билан алоқада бўлиб турибди.  

Немис оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, бўлиб ўтган фожиавий воқеадан сўнг мамлакатдаги туризм мутахассислари сайёҳларнинг ҳаётидан хавотирда. 

“Германия сайёҳлик саноати учун меҳмонлар ва туризм ходимларининг хавфсизлиги энг муҳим устувор вазифадир. Германия сайёҳлик агентликлари ассоциацияси ўлароқ биз ушбу ҳолат бўйича Туркия меҳмонхоначилари федерацияси ва Берлиндаги Туркия элчихонаси билан боғландик. Биз меҳмонхоналарда фақат ваколатли ва тасдиқланган дезинфекция воситалари ва ускуналаридан фойдаланишни ва уларнинг тегишли равишда қўлланилишини таъминлаш учун Туркиядаги меҳмонхоналар билан зудлик билан алоқа ўрнатдик”, дейди Германия сайёҳлик агентликлари ассоциацияси. 

Туркияда германиялик оила фожиаси

Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Германиянинг Гамбург шаҳридан Истанбулга саёҳат учун келган оила – Сарват Бўжек (ота, 36 ёш), Чиғдам Бўжек (она, 27 ёш), Муҳаммад Бўжек (ўғил, 6 ёш) ва Масал Бўжек (қиз, 3 ёш) Фотиҳ туманидаги “Harbour Suites Old City” меҳмонхонасига жойлашган. 10 ва 11 ноябрь кунлари улар Ўртакўй сайёҳлик марказида мидия, пита нони, тантуни, кокореч ва турк локумлари каби маҳаллий кўча таомларини истеъмол қилган. 12 ноябрь куни улар эрта тонгда кўнгил айниши ва қусишни бошдан кечирган. Оила аъзолари шифохонага мурожаат қилган ва уларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилган. Шундан сўнг, улар яна меҳмонхонага қайтиб келган. 

13 ноябрь куни соат 3:00 атрофида оила яна тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамай, болалар вафот этган. 14 ноябрь куни уларнинг онаси ҳам ҳаётдан кўз юмган. Сарват Бўжек эса 17 ноябрь куни оламдан кўз юмган.

Оила жойлашган меҳмонхонада 11 ноябрь куни зараркунандалар ва ҳашаротларга қарши дори пуркаш ишлари олиб борилган. Воқеа жойини текшириш гуруҳидан оғзаки олинган маълумотларга кўра, оила жойлашган 201-хона кимёвий воситалар пуркалган 101-хонанинг тепасида жойлашган ва ҳаво алмашиш тизими бўлмаган. Худди шу меҳмонхонада тунаган яна икки чет эл фуқароси 15 ноябрь куни шунга ўхшаш шикоятлар билан шифохонага ётқизилган.

Шунингдек, меҳмонхона дезинфекцияси пайтида ишлатилган кимёвий моддалар ва идишлар, она Чиғдам Бўжекнинг, ота Сарват Бўжекнинг шифохонада олинган биринчи қон намунаси ва ошқозон таркиби, икки чет эл фуқаросининг шифохонада олинган биринчи қон намуналари ва оила жойлашган 201-хонадаги чойшаблар Истанбул Бош прокуратураси томонидан текшириш учун Суд-тиббиёт институтига юборилган. 

Ҳисоботда болаларнинг танасида ўлимга олиб келиши мумкин бўлган жароҳат аломатлари аниқланмагани қайд этилган. Экспертизада ошқозон деворида доғли қон кетиш ва қизаришдан ташқари ҳеч қандай муҳим топилмалар кузатилмаган.

Ҳолат ортидан Истанбул Бош прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилди. Тергов доирасида тўрт киши, жумладан, мидия дўкони, турк локумлари дўкони ва оила овқатланган рестораннинг эгаси ҳибсга олинди, ресторан муҳрланди. Истанбул шаҳар полицияси эса яқин атрофдаги пиширилган картошка (кумпир) дўконларида текширувлар ўтказди. Меҳмонхона хонаси, ресторан ва кўча таомлари сотувчиларидан таҳлиллар олинган ва хавфсизлик камераси тасвирлари кўздан кечирилган.

Ҳибсга олинганлар орасида меҳмонхонанинг икки ходими ва зараркунандаларга қарши дезинфекция ходими ҳам бор. Тергов доирасида қўлга олинганлар жами 11 кишини ташкил этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Заҳарланиш Туркия Фожиа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг