Қўли қонга беланган кундош – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 6,8 миллион сўмга етган, пойтахтда эса бу кўрсаткич 11 миллиондан ошган бир пайтда, мамлакат ҳаётидаги бошқа муҳим воқеалар ҳам кун тартибидан жой олди. Гулнора Каримованинг Швейцариядаги иши кутилмаганда тўхтатилди, Фарғонада тарих ва туризмни уйғунлаштирган улкан лойиҳалар ишга туширилди. Шу билан бирга, Сирдарё ва Деновдаги қонли воқеалар жамоатчиликни ларзага солди. Отабек Бакиров иши эса, суд тизимига оид кўплаб саволларни кун тартибига олиб чиқди. Ҳафта давомида юз берган энг муҳим воқеалар тафсилоти — QALAMPIR.UZ дайжестида. 

Гулнора Каримованинг Швейцариядаги жиноий иши тугатилди

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – собиқ Фонд форум Васийлик кенгаши раиси, бир қанча иқтисодий жиноятларда айбланиб, ҳозирда ҳибсда сақланаётган 53 яшар Гулнора Каримова устидан Швейцарияда суд бошланди. Аммо пул ювиш бўйича суд жараёни узоққа чўзилмай, Гулнора Каримовага Ўзбекистонни тарк этишига рухсат берилмагани важи билан тўхтатилди. 

Бунгача ҳар қандай айбловларни рад этган Каримова пора олишда ва 2005—2013 йиллар давомида Швейцариядаги ҳисоб рақамларига юзлаб миллион долларларни йўналтирган “Офис” номли жиноий ташкилотга раҳбарлик қилишда айбланаётган эди.

Каримованинг адвокати Грегуар Манжеанинг айтишича, Швейцария Федерал жиноий суди томонидан Гулнора Каримова фойдасига чиқарилган қарор Швейцария қонунчилигига кўра оқловга тенгдир. Суд жараённи давом эттириш учун доимий тўсиқ мавжуд, деб ҳисоблаган.

Гулнора Каримова Ўзбекистонда 2028 йил декабригача қамоқ жазосини ўтамоқда. Швейцария Бош прокуратураси томонидан илгари сурилган айбловлар бўйича даъво муддати эса, айнан ўша йили тугайди.

Швейцария Бош прокуратурасининг даъвосига кўра, Гулнора Каримова Ўзбекистон бозорига кирмоқчи бўлган телекоммуникация компанияларидан пора ундириш билан шуғулланувчи “офис” деб номланган кенг тармоқли тармоқ тузган. 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси Каримова ва унинг бизнес шеригига нисбатан жиноий иш очган. Улар коррупция, жиноий ташкилотда иштирок этиш ва пул ювишда айбланаётган эди. 

2015 йилда Женевадаги Lombard Odier хусусий банкининг собиқ ходими тергов остига олинган. У 2008–2012 йиллар давомида “Идора”га алоқадор шахслар учун банк ҳисоблари очиш ва бошқариш орқали маблағларнинг келиб чиқишини яширишга ёрдам берганликда айбланмоқда.

Ўзбекистонда Каримовага нисбатан 2013 йилда ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича иккита жиноят иши қўзғатилган. 2015 йилда биринчи иш бўйича унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган. 2017 йилда эса, иккинчи иш бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, 2020 йил март ойида Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани тил бириктириш, товламачилик, ўзлаштириш, талон-торож қилиш, пул ювиш ва бошқа жиноятларда айблаб, 13 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган.

Фарғона тарихининг шон-шараф китобига янги саҳифалар битилди

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда туристик марказлар шу қадар кўпайяптики, уларни бориб кўришга вақт етмаяпти. Март ойида Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Темурийлар тарихи музейи, Самарқандда Имом Бухорий мажмуаси фойдаланишга топширилди. Энди навбат Фарғонага. Вилоятда ишлар жадал. Тугаётган ҳафтанинг ўзида бир неча йирик марказлар очилиши ўтказилди. Бири Бурҳониддин Марғиноний мажмуаси бўлса, иккинчи “Каркидон” сув омбори ҳудудидаги туристик мажмуа. Хуллас, тугаётган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига борди.

“Бу табаррук шаҳар кўплаб илм ва маърифат эгаларини вояга етказган. Тарихий манбаларда айтилишича, мазкур қутлуғ маскан “Маърифат аҳлининг ватани” деган юксак шарафга сазовор бўлган.

Биз ана шундай қудратли маънавий меросимизга таяниб, Марғилон, бутун Фарғона тарихининг шон-шараф китобига янги саҳифалар битмоқдамиз. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди”, деди Президент.

Давлат раҳбари энг аввало Қўқонда барпо этилган “Янги Ўзбекистон” массиви билан танишди. Массивни барпо этиш учун жами 1 триллион 850 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Ҳудудда 25 минг нафар аҳоли яшашига мўлжалланган яхлит инфратузилма шакллантирилмоқда. 84 та кўп қаватли уй билан бирга замонавий мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, олий ўқув юрти, бизнес ва савдо марказлари ҳамда аҳоли дам олиши учун боғлар барпо этилиши кўзда тутилган.

4 минг 394 та хонадондан иборат 56 та ўн қаватли уй фойдаланишга топширилган. Тайёр таъмирли хонадонлар аҳолига 35 фоизлик бошланғич тўлов асосида, йиллик 16 фоиз ставка билан 20 йил муддатга берилмоқда.

Қўқон Президент Шавкат Мирзиёевга бегона эмас. Давлат раҳбарининг турмуш ўртоғи Зироат Мирзиёева Қўқондан. Президент Қўқондан Марғилонга янги электропоездда борди. Гап шундаки, Фарғона водийсида Қўқон, Наманган, Андижон ва Марғилон шаҳарларини боғловчи 324 километрлик янги электропоезд қатнови йўлга қўйилди. Чипта нархи бор-йўғи 15 минг сўм. У кунига 1,5 минг йилига 600 минг йўловчига хизмат қилади. 

Янги поезд Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводида ишлаб чиқарилган. Олти вагондан иборат, 586 ўринли поезд соатига 120 километргача тезликда ҳаракатлана олади.

Мирзиёев Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида барпо этилган маданият ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари билан танишиб, унинг очилиш маросимида иштирок этди.

35 гектар майдонни эгаллаган мажмуа Ислом ҳуқуқшунослиги институти, мақом театри, очиқ амфитеатр, ўлкашунослик музейи, адиб ва санъаткорлар хиёбони, ҳунармандлар маркази, меҳмонхона ва сервис шохобчалари сингари кўплаб бино ва иншоотларни ўз ичига олади. Келгусида бу ерда бизнес марказ, 1500 ўринли масжид, меҳмонхоналар, 400 та савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтаси ҳамда 300 ўринли бозор ташкил этилади.

Режага кўра, мажмуа тўлиқ ишга тушгач, вилоятга йилига ўртача 200-250 минг нафар хорижий сайёҳ жалб этилиши кутилмоқда. Бунинг натижасида 2 мингта иш ўрни яратилиши, бюджетга 52 миллиард сўм тушум ва 30 миллион долларлик хизматлар экспорти таъминланиши мумкин. 

Шунингдек, Президент Фарғона вилояти футбол ассоциациясига қарашли футбол маркази ва “Нефтчи” болалар футбол академиясида ҳам бўлиб, у ерда таҳсил олаётган ёш футболчилар билан мулоқот қилди. 

Давлат раҳбари ташрифнинг иккинчи кунида вилоят фаоллари билан йиғилиш ўтказди. Унда Фарғонани иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масаласи муҳокама қилинган. Йиғилишда сўз олган Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёдига эски даврларни солди. 

Айниқса, фарғоналик шоир, Ўзбекистон қаҳрамони Эркин Воҳидов, Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов билан боғлиқ хотиралар жонланди. Улар “запрет”га тушган йилларда Шавкат Мирзиёев билан мулоқотни сақлаб қолгани, Президент доим уларнинг холидан хабар олиб тургани эсланди. 

Эркин Воҳидовнинг невара куёви – Санжар Каримовнинг суд иши ниҳоялаб қолди

Марҳум шоир Эркин Воҳидов эсланганда шу масалага тўхталиб ўтмасак ва тармоқдаги баъзи гапларга барҳам бермасак бўлмас. Ҳа, тармоқда ёзилаётганидек “Real Sanjik” номи билан танилган тадбиркор-блогер Санжар Каримов ва бугун Интерпол орқали қидирувга берилган “Равшан золотой” номини олган Равшан Муҳитдинов Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг набира куёвлари. Аммо, уларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши, суд қилиниши ва қидирувга берилиши шоирнинг адабиёт, маданиятга қўшган улкан ҳиссаси, ўзбек халқи учун қолдирган бой маънавий мероси, шоирнинг ёрқин хотирасига соя солмаслиги керак. 

Санжар Каримовга оид жиноий суд ишида, Мирзо Улуғбек тумани прокурори ўринбосари Наврузбек Сапаров суддан айбланувчига нисбатан бир қатор моддалар бўйича жазо тайинлашни сўради. Жумладан, Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми бўйича БҲМнинг 25 баробари миқдорида жарима, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми бўйича БҲМнинг 500 баробари миқдорида жарима ҳамда 273-модда (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) бўйича 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси талаб қилинди.

Давлат айбловчиси Санжар Каримовнинг уйида ўтказилган 2025 йил октябрь ойидаги кечиктириб бўлмас тезкор тадбирда айбланувчининг хонадонидан Каримовнинг шахсий буюмини “ўйнаб” олиб чиқиб кетган ИИБ ходимига нисбатан хусусий ажрим чиқаришини сўради.
Мажлисда жабрланувчи Шаҳло Алимбаева уй-жойни қайтариб олгани боис, Санжар Каримовга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини маълум қилди.

Шунингдек, иккинчи жабрланувчи Феруза Раҳматуллаевага ҳам сўз берилди. У ўғли Шаҳзод Рисматов $220 минг доллар эвазига гаровга қўйган икки дона BMW русумли автомобиль бўйича етказилган зарарни қоплаш учун Санжар Каримовдан $300 минг доллар ундиришни сўради.

Сўз Каримовнинг ҳимоячиларига берилди. Адвокатлар томонидан прокурорнинг айблов хулосасига эътироз билдирилди. Унга кўра, давлат айбловчисининг важлари суд терговидан олдинги айбловлар билар бир хил. Суд мажлислари давомида, гувоҳлар сўроқ қилинганда аксар айбловлар ўз исботини топмаган. 

Бундан ташқари, Санжар Каримовнинг уйида ўтказилган тинтув жараёнида бошқа алоқадор бўлмаган ходимлар ҳам ишга аралашгани ҳамда етарлича холислар иштирокида тинтув ишлари амалга оширилмагани сабабли, ашёвий далиллар ва тинтув жараёни номақбул деб топилиши илтимос қилинди.

Суд тергови давомида Санжар Каримов Алимбаевларга тегишли бўлган уй-жой ва гаровдаги 2 та автомобиль учун Шаҳзод Рисматовга 220 минг АҚШ доллари бергани аниқланганди. Каримов Алимбоевларга ушбу уй-жойни ҳадя қилиб қайтариб бергани учун уни айбланувчи эмас, балки жабрланувчи деб эътироф этиш сўралди. Ҳозирда суд жараёни давом этмоқда. 

Сирдарёлик аёл кундоши ва унинг 5 яшар қизини пичоқлади

Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳарчасида норасмий никоҳдаги аёл эрининг қонуний хотини ва унинг 5 ёшли қизини пичоқлаб ўлдирди. 
Ҳолат жорий йилнинг 29 апрель куни содир бўлган. 29 ёшли аёл эрининг иккинчи хотини томонидан пичоқлаб ўлдирилган. Ҳодиса вақтида аёлнинг 3 ва 5 ёшли қизлари ҳам пичоқланган. Оқибатда 5 ёшли қизча воқеа жойида вафот этган, 3 ёшли қизча оғир аҳволда шифохонага олиб борилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “а”, “в”, “ж” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи Н.Х. процессуал тартибда ушланган.  

Деновда 32 ёшли эркак жиноий тўда томонидан ўлдирилди

Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида 32 ёшли эркак зўравонлар томонидан уриб ўлдирилди. Денов шаҳри “Боғишамол” маҳалласи ҳудудида жойлашган автомойка олдида 1970 йилда туғилган шахс ҳамда унинг фарзанди 32 яшар фарзандини пул олди-берди масаласида олдиндан ўзаро зиддиятда бўлган 1989 йилда туғилган жияни ҳамда унинг 30 ёшли икки ва 29 ёшдаги бир – жами уч шериги уриб, тан жароҳати етказиб, сўнг Gentra автомашинасида воқеа жойидан олиб кетган. 

Шу куни Денов туман Тиббиёт бирлашмасига ётқизилган жабрланувчи 32 яшар йигит ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари оқибатида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, вафот этган.

Ҳолат ортидан Денов тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 2-қисми “к”, “е” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тўрт нафар иштирокчи процессуал тартибда қамоққа олинган. Кейинроқ иш Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” бандига қайта малакаланган.

Ўзбекистонда сўз эркинлик даражаси баҳоланди

Қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни олдидан дунёнинг 180 та мамлакатидаги сўз эркинлиги ҳолатини баҳоловчи 2026 йилги матбуот эркинлиги индексини тақдим этди. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон ушбу соҳада жиддий муаммолари бўлган давлатлар қаторида қолмоқда.

Ўзбекистон рейтингда 147-ўринни эгаллади. Мамлакат ўтган йилга нисбатан бир поғона юқорилаган бўлса-да, умумий кўрсаткичлар ёмонлашган. 2026 йилда республика 100 баллдан 34,95 балл тўплаган, 2025 йилда эса, бу кўрсаткич 35,24 баллни ташкил этган.
Ташкилот экспертлари Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазиятни “жуда жиддий” тоифага киритишда давом этиб, медиа муҳитидаги чекловлар ва заифликлар сақланиб қолаётганини қайд этмоқда.

Дунё миқёсида ташкилот аҳволнинг ёмонлашаётганини кузатмоқда: мамлакатларнинг қарийб 75 фоизида матбуот эркинлиги “муаммоли” ёки “ўта оғир” деб баҳоланмоқда. Давлатларнинг ярмидан кўпи “мураккаб” ёки “жуда жиддий вазият” тоифаларида жойлашган. Сўнгги йилларда журналистлар ишлаши учун қулай шароитларга эга мамлакатлар сони кескин камайган, ОАВга сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий механизмлар орқали босим кучаймоқда.

Индексда анъанавий тарзда Шимолий Европа давлатлари – Норвегия, Дания ва Нидерландия етакчилик қилмоқда. Норвегия кетма-кет ўнинчи йил биринчи ўринни эгаллаб турибди. Рейтингнинг сўнгги қаторларида ОАВ учун энг қаттиқ чекловлар амал қилувчи давлатлар, жумладан, охирги ўриндаги Эритрея жойлашган.

Постсовет мамлакатлари орасида турли йўналишдаги динамика кузатилмоқда. Масалан, Россия 172-ўринга тушиб кетди ва пасайишда давом этмоқда. Беларусь 165-ўринни эгаллаб турибди. Туркманистон 173-поғонада жойлашган.

Шу билан бирга, Молдова ўз натижасини яхшилаб, 31-ўринга кўтарилди. Украина ҳарбий ҳолатга қарамай 55-ўринга кўтарилган. Арманистон ҳам ўз позицияларини яхшилаган, Грузия эса, 21 поғона йўқотиб, 135-ўринга тушиб қолган.

“Чегара билмас мухбирлар”нинг қайд этишича, глобал вазиятнинг ёмонлашуви журналистларга босимнинг ортиши, қонунчиликдан матбуот эркинлигини чеклаш мақсадида фойдаланиш ва ОАВ ходимлари хавфсизлигига таҳдидлар сонининг кўпайиши билан бирга кечмоқда.

“Свет” ўчишни танқид қилган блогернинг суди кечиктирилди

Ўзбекистонда халқаро ташкилотлар томонидан матбуот эркинилиги билан боғлиқ вазият ёмонлашгани қайд этиб турилган бир пайтда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг иқтисодчи, блогер, мамлакатдаги энергетик тизимнинг асосий танқидчиларидан бири бўлган Отабек Бакиров устидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига киритган аризаси қайта кўриб чиқиладиган бўлди. 

Ёдингизда бўлса, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан Сағбон подстанциясига оид 2023 йилда ёзилган пост бўйича прокуратура ва ИИВга шикоят аризаси киритган эди. Энергетика вазири ушбу пост мундарижасида ҳақорат ва обрўсизлантириш ҳолатлари мавжуд, деб ҳисоблаб, бу бўйича Бакировга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилишини сўраган. Ўша пайтда Энергетика вазирининг шикоят аризаси бўйича Тошкент шаҳар ИИББ жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган. Ўша вақтдаги бош бошқарма қарорида АОКАнинг Энергетика вазири шикоят аризасида кўрсатилган важлар мавжуд эмаслиги ҳақида тегишли экспертиза хулосаси, шунингдек, шикоятга сабаб бўлган пост ёзилганига 1,5 йилдан кўп вақт ўтганлиги асос қилиб кўрсатилган. 

2026 йил 25 март куни Тошкент шаҳар прокуратураси жиноят ишини рад этиш ҳақидаги қарорни бекор қилиш тўғрисида қарор қилган. Ҳозирда иш Яшнобод ИИБга туширилган. Бакировга кўра, Мирзамаҳмудов шикоятининг мазмуни “2024 йил декабрь ойида метан “заправка”ларда газ бор-йўқлиги ва навбатлар ҳақида маълумот беради”, дея тақдим этилган Avto24 иловасига билдирилган эътирозлар, шунингдек Тошкент туманида “режага чиқиш учун” “пайдар-пай газ-свет ўчирилишлар” билан боғлиқ.

Суд 1 май санасига белгиланган эди. Белгиланган вақтга QALAMPIR.UZ дохил мамлакатнинг бошқа оммавий ахборот воситалари ва фаоллар Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди олдида ҳозир бўлди. Бироқ суд жараёни яқин ҳудуддаги Яшнобод тумани 2 сонли ИИБ биносига кўчирилгани маълум қилинди. Ҳамма айтилган манзилга борди. Орадан ярим соатдан кўпроқ вақт ўтгач эса, яна иш суд биносида кўриладиган бўлгани маълум қилинди. Йиғилганларнинг барчаси такроран суд биносига қайтишга, 1 соатга яқин вақтини сарсонликда ўтказишга мажбур  бўлди.

“Адолатли бўладиган бўлса, суд бу масалани кўрмаслиги керак. Чунки, 2024 йилда бўлган ҳолат биринчидан ўтиб кетди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, маъмурий қилмиш иши оқибати бир йил, яъни суд ҳозир кўрмаса, тугатиши керак. Иккинчидан, 2026 йил март ҳолатига кўра, жиноят иши қўзғатиш рад қилинди, маъмурий иш қўзғатилди. Бундай ҳолатларда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасига кўра, бир ой муддат ичида иш кўрилиши керак. Бу муддат ҳам бой берилди. Агар бугун суд, масалан, Бакировга нисбатан биронта бир ҳолат кўриб, унга ҳуқуқий баҳо бериб, унга нисбатан жазо тайинлайдиган бўлса, бу албатта, нохолис бўлади”, дейди Ташанов.

Хуллас, у бинодан бу бинога кўчилса ҳам кутилган суд мажлиси бўлмади. Нега дейсизми? Негаки, белгиланган судья суд ҳужжатларини кўриб чиқиши, танишиши керак экан. Шу ҳолатнинг ўзи ҳам мамлакатда судлар фаолияти билан боғлиқ қатор саволларни кўндаланг қўйяпти. Одамларнинг вақтичи, қадри, қийматичи? Нега иш материаллари обдон кўриб чиқилмаган экан, суд куни, манзили, соати эълон қилиниб, одамлар сарсон бўлади? Нега суд ижро ҳокимияти биносида ўтказилиши керак? Суд мажлиси ички ишларда ўтказилгудек бўлса, унинг мустақиллигига ишониб бўлармиди? 

Шаҳрисабзда ерга кўмилган 46 килоли (килограммли) гашиш топилди

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманидаги дала майдонида кўмиб кетилган 46 кг гашиш гиёҳвандлик воситасини олиб кетмоқчи бўлган эркак қўлга олинди.

1964 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) ва 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан судланган шахс назоратга олинган. У Шаҳрисабз туманидаги дала майдонига қоп билан кўмиб кетилган 45 кг 768 гр “гашиш” гиёҳвандлик воситасини ўзига тегишли бўлган транспорт воситасига солиб, олиб кетмоқчи бўлган пайтда қўлга олинган.   

Билдирилишича, трансжиноий уюшманинг Ўзбекистондаги ташкилотчиларидан бўлган бу шахс 2008 йилдан буён халқаро жиноий уюшма тузган ҳолда тил бириктириб, тизимли равишда гиёҳвандлик воситаларини қўшни республикалар орқали Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш билан шуғулланиб келган. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Профилактика катта инспектори 10 минг доллар пора билан ушланди

Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика катта инспектори 10 минг доллар пора олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.

31 яшар инспектор йўқ жойдан бировни айбдорга чиқариш, жиноят иши қўзғатиш, яъни 2025 йилнинг декабрь ойида фуқарога тегишли МЧЖ ҳужжатларини сохталаштириш орқали IT-хизмати кўрсатиш эвазига фирибгарлик йўли билан чет эл фуқаросидан 450 минг АҚШ доллари олган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ва уни жавобгарликка тортишни ваъда бериб, эвазига 10 минг кўкида талаб қилган.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, жорий йилнинг февраль ойида ички ишлар органлари томонидан МЧЖ билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ҳозирда катта инспекторга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Ўзбекистонда ажримлар сони ортди

2025 йил ҳисоботларига кўра, Ўзбекистонда ҳар 1000 та оиладан 175 таси ажрашмоқда. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида никоҳ барқарорлиги юқори даражада сақланиб қолмоқда. Ажримлар бўйича пешқадамлик Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент вилоятига тўғри келмоқда. 2025 йилда республика бўйича 267 126 никоҳ тузилган бўлса, 46 914 оила бузилган. 

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Шавкат Мирзиёев Гулнора Каримова Самарқанд Ўзбекистон Сирдарё Шаҳрисабз Ислом Каримов Фарғона Зироат Мирзиёева Швейцария Эркин Воҳидов Имом Бухорий мажмуаси ойлик иш ҳақи пул ювиш суд иши Санжар Каримов шон-шараф китоби янги саҳифалар Темурийлар тарихи музейи туризм мажмуаси матбуот эркинилиги ажримлар сони Профилактика катта инспектори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг