ЙТҲда оёғи узилиб кетган қиз, ошаётган газ ва “свет”, Корея орзусида чув тушганлар, пластик карталар устидан назорат, Ўзбекистоннинг биринчи космонавти – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
17 Май 3866 21 дақиқа
Тугаётган ҳафта Ўзбекистонда оғир жиноятлар, коррупция, карта ўтказмалари устидан назорат ва электр ҳамда газ нархининг ошиши билан боғлиқ баҳслар марказда бўлди. Кореяга ишга юбориш ортидаги миллионлаб долларлик схемалар ва амалдорларнинг пора билан қўлга тушиши жамиятдаги оғриқли муаммоларни яна очиб ташлади. Шу билан бирга, Туркистонда Ўзбекистон қурган масжиднинг очилиши ва илк ўзбекистонлик космонавтнинг фазога парвози ҳақидаги хабарлар ҳам ҳафтанинг муҳим воқеалари қаторидан жой олди.
Янгиликлар таҳлилини ҳафта ичида содир бўлган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисасига оид хабар билан бошлаймиз. Мотоцикл ҳайдовчиси 15 ёшли қизни уриб юборди. Оқибатда пиёданинг чап оёғи тиззасигача, ўнг оёғининг товон суяги узилиб кетган. Воқеа 14 май куни соат 23:00 атрофида Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри, Амир Темур кўчасида 2003 йилда туғилган мотоцикл ҳайдовчиси иштирокида содир бўлган. Расмий идоралар хабарида айтилишича, қиз йўлнинг пиёдалар учун белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган бўлган. Қиз Олмалиқ шаҳар марказий шифохонасига жойлаштирилган, операция ўтказилиб, чап оёғининг тиззадан пастки қисми олиб ташланган, ўнг оёғи эса тўпиғидан гипсга ўралган.
Электр энергияси ва табиий газ нархи яна ошмоқда
Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июнидан электр энергияси ва табиий газ нархи яна ошмоқда. 15 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини белгилаш тўғрисида”ги қарори жамоатчилик муҳокамасига қўйилмай, фикрлар инобатга олинмай, қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, I ва II гуруҳ истеъмолчилари учун электр энергиясининг 1 кВт соати 1 100 сўм этиб белгиланди. IV гуруҳ истеъмолчилари учун ҳам электр энергиясининг 1 кВт соати 1 100 сўмни ташкил этади.
III гуруҳ, шу жумладан аҳоли учун табақалаштирилган тарифлар сақлаб қолинди. Хусусан, овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталар билан жиҳозланган кўп квартирали уйлар ва ётоқхоналарда яшовчи аҳоли учун ойига 200 кВт соатгача – 325 сўм, 201 кВт соатдан 500 кВт соатгача – 450 сўм, 501 кВт соатдан 1 000 кВт соатгача – 550 сўм этиб белгиланди.
Қолган маиший истеъмолчилар учун эса, ойига 200 кВт соатгача – 650 сўм (8,3 фоиз), 201 кВт соатдан 500 кВт соатгача 900 сўм (12,5 фоиз), 501 кВт соатдан 1 000 кВт соатгача – 1 100 сўмга (10 фоизга) оширилмоқда.
Юқори ҳажмдаги истеъмол учун оширилган коэффициентли тарифлар сақланиб қолади.
Табиий газ бўйича барча истеъмолчилар учун (алоҳида тоифалардан ташқари) 1 куб метр газнинг нархи 2 000 сўм этиб белгиланди. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари учун тариф 1 куб метр учун 2 750 сўмни ташкил этади.
Аҳоли учун табиий газ тарифлари ҳам табақалаштирилганича сақланиб, иситиш мавсумида ойига 500 куб метргача, бошқа мавсумларда эса 100 куб метргача истеъмол учун 1 куб метр газ 1 100 сўмдан ҳисобланади.
Ҳукумат ушбу қарорни қабул қилишга сўнгги йилларда жаҳонда юз бераётган геосиёсий зиддиятлар ва кескинликлар, глобал иқтисодиётдаги, шу жумладан, халқаро нефть бозоридаги узоқ муддатли ноаниқликлар ва халқаро юк ташишлар бозори конъюнктурасининг ўзгариши шароитида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан ишончли таъминлаш, шунингдек, ёқилғи-энергетика корхоналари молиявий ҳолатини барқарорлаштириш туртки бўлганини айтмоқда. Бироқ, Ўзбекистоннинг глобал энергетика бозоридаги топиш ва йўқотишлари, иштироки, нарх сиёсати оддий ўзбекистонликларга маълум эмас, энергетика бозоридаги йирик шартномалар, халқаро импорт ва экспорт, айтайлик Россия газини Ўзбекистон қанчадан сотиб олаётгани сир сақланади.
Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, эҳтиёжманд оилаларга газ ва электр учун компенсация тўловлари давом эттирилади. “Свет” ва газ нархи ошиши муносабати билан эҳтиёжманд оилалар учун ажратиладиган компенсация миқдори ҳам оширилади. Янги тартибга мувофиқ электр энергияси учун базавий меъёрдан ошган 150 кВт соатгача бериладиган компенсация 30 000 сўмдан 37 500 сўмга, табиий газ учун иситиш мавсумида базавий меъёрдан ошган 250 куб метргача компенсация 200 000 сўмдан 225 000 сўмга, бошқа мавсумларда базавий меъёрдан ошган 150 куб метрга компенсация 120 000 сўмдан 135 000 сўмга оширилади.
Айтиш ўринлики, Ўзбекистонда охирги марта электр энергияси ва табиий газ учун тарифлар 2025 йилнинг 1 майидан оширилган эди.
Тарифларнинг йил сайин ошишига иқтисодчи Отабек Бакиров ўз фикрини билдирди: “Янгича услубият бўйича тушунтирилишича, электр энергияси ҳамда табиий газни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва тақсимлаш харажатларининг якуний истеъмолчилар учун белгиланган тарифдан ошган қисми Давлат бюджетидан маблағ ажратиш орқали қопланади.
Яъни, самарасиз энергетика учун устиданам (тарифлар орқали), остиданам (солиқлар орқали) тўлов ундириш тўхтамайди. Чунки, таркибига капитал қиймати ҳам киритилган услубият формуласига кўра, активларни тартибга солиш базаси кенгайиб бораверади. Таннарх шишаверади, унинг ортидан тариф ва субсидия қуваверади”.
Карта ўтказмаларига ҳам солиқ жорий этилиши мумкин
Асосан шаҳар четидаги дўконларда, бозорларда бирор нарса харид қилганингизда, терминалимиз ишламаяпти, картага ташлаб беринг деган важларни кўп эшитамиз. Ана шуларнинг касрига бутун халқ қолиб, энди одамларнинг карталаридаги ўтказмалари текшириладиган бўляпти. Солиқ қўмитаси тугаётган ҳафтада P2P, яъни бир шахс картасидан бошқа шахснинг пластик картасига пул ўтказмалари янада қаттиқ назорат қилинишини билдирди.
Билдирилишича, айни пайтда солиқ органлари томонидан савдо фаолияти билан шуғулланувчи айрим хўжалик юритувчи субъектларда савдо амалиётлари P2P – бир пластик картадан иккинчи пластик картага пул ўтказмалари орқали амалга оширилаётган ҳолатлар таҳлил қилинмоқда. Солиқ қўмитасига кўра, бундай операциялар орқали тушган айрим даромадлар солиқ ҳисоботларида акс эттирилмаслиги оқибатида давлат бюджетига тегишли тушумлар тўлиқ шаклланмай қолмоқда.
Шу ҳолатлар юзасидан солиқ органлари томонидан юридик шахсларда фаолият юритувчи раҳбар ходимларнинг банк пластик карталарига келиб тушган маблағлар юзасидан таҳлилий ўрганишлар олиб борилмоқда. Аниқланган ҳолатлар асосида солиқ ҳисоботларида акс эттирилмаган даромадлар бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда ҳамда солиқ тўловчиларга хабарномалар юборилмоқда.
Манбага кўра, бу жараён жазолаш ёки босим ўтказиш эмас, балки иқтисодий адолатни таъминлаш, яширин айланмаларни қисқартириш ва ҳалол меҳнат қилиб, қонун доирасида иш юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Шу ўринда савол туғилади? Картадан картага ўтказмаларни амалга ошириш учун ўзи қандай чекловлар мавжуд? Марказий банк ва Бош прокуратура ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг 2017 йил 17 апрелдаги қарорига мувофиқ мижознинг банк картасидан банк мобил иловаси орқали бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг ёки ундан ошадиган умумий суммада пул маблағларини бир ёки бир нечта банк карталарига ёхуд электрон ҳамёнларга ўтказилиши гумонли операция деб тан олинишига асос сифатида белгиланган эди. Бу эса, 30 кундаги ўтказмалар 206 миллионни ташкил этиши ёки ундан ошиши кераклигини англатади.
Бироқ Марказий Банк ва департаментнинг жорий йил 8 майдаги “Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарори билан картадан картага ўтказмалар 30 кун ичида базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан ошиши борасида белгиланган тартиб, 175 миллион сўмга туширилмоқда. Аммо, ўзгаришлар ҳали кучга кирмаган.
Солиқ қўмитаси кимнинг шахсий картасидан қанча пул чиқиб, кимникига қанча пул келиб тушганини қандай аниқлайди? Албатта, банклар берадиган ҳисоботлар орқали. 2003 йил 30 август куни қабул қилинган “Банк сири тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасида мижозларнинг операциялари, ҳисобварақлари ва омонатларига доир маълумотлар банк сири сифатида эътироф этилган.
Аммо, парадоксни узоқдан қидирмай, шу қонуннинг ўзидан топасиз, яъни мижозга оид маълумотларни яна шу қонуннинг бошқа моддалари асосида Ҳисоб палатасига, Адлия вазирлигига, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, прокуратура, дастлабки тергов, суриштирув органлари ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга, судга, давлат ижрочисига, давлат солиқ хизмати органларига улар зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириши учун зарур бўлса тақдим этилиши белгиланган. Хўш, бу қанақа қонун ўзи? Мижозга доир шахсий маълумотлар банк сири бўлса-ю, исталган важ билан исталган ташкилот уни олаверса?! Ушбу масалага ҳуқуқшунос Суҳроб Бобожонов қуйидагича муносабат билдирди.
“Охирги тўрт кун ичида бизга ЯТТ, МЧЖ, оилавий корхона раҳбарлари ва оддий фуқаролардан жуда кўп мурожаатлар бўлди. Уларнинг барчаси солиқ органлари томонидан пластик карталардаги пул айланмалари текширилаётганини билдиришмоқда. Солиқ идоралари юборган огоҳлантириш хатларида фуқароларнинг карталарига уч йил давомида тушган маблағлардан 4% (айланмадан олинадиган солиқ) ёки 12% даромад солиғи, айрим ҳолатларда эса, ҳатто 12% қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) тўлаш талаб қилинмоқда. Бундай расмий огоҳлантириш хатларига ўзимиз ҳам бевосита гувоҳ бўлдик.
Табиийки, аҳолида ҳақли савол туғилмоқда: «Банк сири тўғрисида»ги қонун қаерда қолди? Тўғри, Ўзбекистон Республикасининг худди шу номли қонуни мавжуд. Унинг 3-моддасига кўра, мижознинг ҳисобварағидаги маблағлар ва амалга оширилган операциялар банк сири ҳисобланади. Бироқ, амалиётда бу қонун мукаммал эмас. Сабаби, қонуннинг 11-моддасида солиқ органларига, ундан олдинги моддаларда эса прокуратура, дастлабки тергов, суриштирув органлари ва кредит ташкилотларига бу маълумотларни сўраб олиш ҳуқуқи берилган. Натижада, банк сири амалда ўз мазмунини йўқотган.
Мутахассис сифатида айтишим мумкинки, бундай шароитда «банк сири» тушунчаси шунчаки номигагина мавжуд. Мазкур вазиятнинг салбий оқибати ўлароқ, келгусида аҳоли ва тадбиркорлар электрон пул ўтказмаларидан (P2P) воз кечиб, яна оммавий равишда нақд пулда ҳисоб-китоб қилишга ўтиб кетиши мумкин. Бу эса, биринчи навбатда, банк тизимига ҳамда иқтисодиётни таҳлил қилувчи давлат органларига жиддий зарар етказади. Шу бошланаётган жараёнларни ҳисобга олиб, огоҳ ва эҳтиёт бўлишни тавсия қиламан”, дейди юрист.
Солиқ қўмитаси томонидан P2P ўтказмалари янада қаттиқ назорат қилиниши ҳақида тарқатилган ахборотда Президентнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асос сифатида келтирилган.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу фармонда P2P операциялари бўйича назорат чоралари ва амалий ҳаракатлар белгилаб берилмаган. Аксинча, пандемия давридаги иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, ушбу фармон билан 2022 йилнинг 1 январгача бўлган муддатга умумий овқатланиш соҳасидаги кичик тадбиркорлик субъектларининг банк карталари ва контактсиз тўловлардан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслардан олинган даромадлари умумбелгиланган солиқларни тўлашга мажбурий тартибда ўтиш мақсадида умумий даромадга киритилмаслиги тартиби жорий этилган.
Айни вақтда Солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига директорнинг шахсий банк картасига ўтказмалар бўйича Excel шаклида маълумот тақдим этиш мазмунида хатлар юборилаётгани ҳақидаги гаплар ҳам таҳририятимизга етиб келди. Тадбиркорлар эса, шахсий картасига келиб тушган ҳар қандай пулни Солиқ органларига исботлаб беришдек можароли вазият қаршисида қолмоқда.
Эндигина дизайн код, “снос” балоларидан қутулган бизнес эгалари олдида энди Солиқ органларига ўзининг ҳалоллигини исботлашдек улкан вазифа турибди. Ва энг ёмони, бугун амалда жорий қилинаётган тартиб тадбиркорларни ҳам четлаб ўтиб, оддий одамлар, икки дўст ўртасидаги қарз, гапнинг пули, ёрдам пули дегандек олди-бердиларга ҳам солиқ солишгача етиб боришидан қўрқув бор. Экспертларнинг фикрича, Ҳукумат яширин иқтисодиётни йўқотиш важи билан қош қўяман деб кўз чиқаряпти, яна нақд пул айланмасининг ошиши, банкоматларда босим ортиши хавфи юқори.
Енг остида иш қилган судьяларнинг қилиғи фош бўлди
P2P бўйича тартиб, шахсий банк карталари устидан текширувлар бўйича идоралараро ҳужжатлар муҳокамаларсиз қабул қилиниб, пластик карталардан мобил иловалар орқали ўтказмалар устидан назорат кучайтирилаётган бир пайтда амалдорлар, давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш бўйича қонун ҳамон пайсалга солиниб келинмоқда ва бу ҳақидаги илк эълон янграганига ҳам 5 йил тўлди. Айни шу унутиш ва унуттириш фонида давлат хизматчиларининг пора билан қўлга тушиш ҳолатлари ҳам ортган.
Шу ҳафтанинг ўзида судья катта ёрдамчиси 53 минг, райгаз ходими 21 минг, ҳоким ўринбосари 12 минг АҚШ доллари миқдорда пора билан ушлангани ҳам вазият қай даража жиддийлигини кўрсатади. Бу эса, енг остидан чиққанлар холос. Масалан, Сурхондарё вилояти судининг судья катта ёрдамчиси жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича 2 нафар судланувчига нисбатан аниқланган 6,3 млрд сўмлик зарар миқдорини қайта баҳолаш тўғрисида суд ажрими чиқариш орқали камайтириб, уларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиш ва дастлабки тергов даврида қўлланилган “қамоқ” эҳтиёт чорасини бекор қилдиришни ваъда бериб, судланувчиларнинг қариндошидан 53 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари ходимлари томонидан қўлга олинган. Ҳозирда ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Тошкентнинг Сергели туманидаги газ таъминоти бўлими ходими эса, ноқонуний дўконни танишлари орқали 16 минг АҚШ долларига расмийлаштириб бериш ҳамда ушбу савдо дўконига газ тармоғини улаш учун рухсатнома олиб беришни ваъда қилиб, 5 минг АҚШ долларини олганда ушланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4- қисми “а” банди, 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, Бухоро вилоятининг Когон тумани ҳокими ўринбосари ҳам 12 минг доллар пора олаётганида қўлга олинди. У фермернинг мурожаатига асосан экин майдонларига келадиган сувни очиб бериш эвазига 15 минг доллар талаб қилган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “б”, “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Банк ходими мижознинг омонатига чангал ташлади
Юқорида келтирганимиздек, банклар “Банк сири тўғрисида”ги қонун билан нафақат мижозларга оид маълумотларни сақлай олмаяпти, балки айримлари уларнинг омонатларига ҳам чангал соляпти. Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида тижорат банкининг масъул шахслари мижознинг банкка омонат учун қўйган 500 минг доллар пулини талон-торож қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Учтепа тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тижорат банкининг масъул шахслари фуқаронинг банк омонатига қўйган 500 000 АҚШ долларини сохта ҳужжатлар асосида қўлга киритиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Кореяга юборишни касб қилиб олганлар ушланди
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва хусусий бандлик агентликларининг бир гуруҳ собиқ мансабдор шахслари томонидан амалга оширилган коррупцион схема аниқланди. Ушбу схема қайси давлат билан боғлиқ, деб ўйлайсиз? Тўғри ўйладингиз, албатта, Корея! Йиллардирки, ҳатто, биринчи маъмурият даврида ҳам Кореяга кетиш учун одамлар Америкага кетишдан-да кўпроқ ҳаракат қилгани, у ёки бу ўқув курсига қатнагани ва оқибатда барибир кимгадир пул қистиргани, пул миқдори эса анча катталиги қулоғимизга чалинган.
Гап шундаки, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, хусусий бандлик агентликлари собиқ мансабдорларидан иборат уюшган жиноий гуруҳ Корея давлатига меҳнат муҳожири сифатида ишга юбориш билан боғлиқ коррупцион схема яратиб, 35 нафар фуқародан жами 263,5 минг АҚШ долларини киссасига ургани аниқланди. Айни вақтда Департамент томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Терговда маълум бўлишича, Кореяга ишга юбориш учун жиноий гуруҳ томонидан расмий тўловлардан ташқари фирибгарлик йўли билан 7-12 минг АҚШ долларидан қарийб 90 млн доллар йиғилган.
Департаментнинг билдирилишича, Кореяга ишга юборилмаган 600 дан зиёд фуқародан келиб тушган мурожаатлар бўйича етказилган зарар миқдори аниқланиб, ундириш чоралари кўрилмоқда. Савол шу: айбланганлар бу пулларни қайтарармикан ё “срок” олиб, кейин шоҳона ҳаёт кечириш йўлини танлармикан?
Қинғир ишлар шу билан тугамади. Олиб борилган текширувлар натижасида яна бир гуруҳ шахслар Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, хусусий бандлик агентликлари собиқ мансабдорлари ва бошқалар 230 нафар фуқарони Кореяга ишга юбориш эвазига 580 минг АҚШ доллари, Кореяга юборилган 1000 нафар фуқародан ноқонуний равишда 5,6 млн АҚШ доллари жами 45 млн АҚШ долларини олгани маълум бўлган.
Шунингдек, бу ҳафта Жиззах вилоятида ҳам Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарлик аниқланди. Департамент томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро 8 000 АҚШ доллари эвазига бошқа бир фуқарони Миграция агентлигида юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали Кореяга юбориши учун ишчи визасини расмийлаштириб бериши ва ишга жойлаштириб қўйишини айтиб, олдиндан 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Департамент Кореяга юбориш бўйича фирибгарликларни кун тартибига олиб чиққанидан кўп ўтмай, Миграция агентлигининг собиқ бўлим бошлиғи, Андижон вилоятида туғилган 35 ёшли Азизбек Тоштемиров Ўзбекистон сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилди.
Маълумотларга кўра, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида Кореядаги ваколатхона раҳбари лавозимида фаолият олиб борган Азизбек Тоштемиров 2025 йилнинг март ойида турли қонунбузарликлар учун ишдан бўшатилган. Ҳозирда у фирибгарликда гумон қилинмоқда.
Азизбек Тоштемиров лавозимдалиги даврида Жанубий Кореяга ишга кетиш учун ўтказиладиган баъзи EPS–Topik имтиҳонлари вақтида айрим номзодлар ўрнига бошқа шахслар киритилгани, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг баъзи ходимлари эса, уларга тестдан ўтишда гўёки ёрдам бергани ҳолатлари кузатилган ва эҳтимолий қонунбузарлик тўғрисида фуқаролардан бир қанча мурожаатлар келиб тушган.
2025 йилнинг августида фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юбориш эвазига ноқонуний равишда пул олган Миграция агентлигининг Наманган вилояти филиали бош мутахассиси ва агентлик марказий аппарати бош мутахассисига жиноят иши қўзғатилганидан сўнг, агентликнинг Сеул шаҳридаги ваколатхонасида фаолият юритган барча ходимлар тўлиқ ўзгартирилган.
Томошабин консулликлар ва ахлат қутисидаги тақдирлар
Мигрантлар мавзусидан узоқлашмаймиз. Интеграция муҳим жараён. Янги Ўзбекистон биринчи маъмурият давридагидек, дунёнинг турли бурчакларида ишлаётган, ўқиётган, пул топиб, оиласига юбораётган, рўзғор тебратаётган меҳнаткашларидан уялаётгани, улардан ор қилаётгани йўқ. Аксинча, шароитини яхшилаш, янада даромадли соҳаларни эгаллаши учун ҳаракат қиляпти. Нега? Чунки, мигрант юбораётган пул кам эмас, у иқтисодиётнинг асосий локомотивига айланган. 2025 йил якунлари бўйича хориждан Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми рекорд даражага – 18,9 миллиард долларга етди. Бу 2024 йилга нисбатан 27,7 фоизга ёки 4,1 миллиардга кўп.
Бироқ, ҳукумат олдида мигрантларни бугун ишга жойлаш билан бирга уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқий кўмак кўрсатиш масаласи ҳам кўндаланг турибди. Афсуски, кўплаб мамлакатларда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ жиноий ҳолатлар содир бўлиши, улар жиноят қурбони бўлиши ёки жиноят содир этиши, ўзи истиқомат қилаётган мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан хўрланиши, рейдларда сазойи қилиниши ортгандан ортган, мисоллар талайгина.
Бундай вазиятда айрим мамлакатлардаги элчихоналар ва консулликлар томошабин бўлиб туришдан нарига ўта олмаяпти. Айрим мамлакатлардаги ўзбекистонликлар эса, ўзи истиқомат қилаётган давлатдаги Ўзбекистон элчихонаси ёки консулликларига мурожаат қилиб, саволларига жавоб, муаммоларига ечим тополмаётганидан ёзғиради.
Гап мигрантлар ҳақида борар экан, жорий йилнинг январь ойида Туркияда содир бўлган икки қотиллик – ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимова ва Сайёра Эргашалиеванинг ўлдирилгани, жасадлари бўлаклаб, Истанбул шаҳрининг турли ҳудудларидаги чиқинди қутиларига ташлаб кетилгани билан боғлиқ жиноят тафсилотлари ва давом этаётган суд жараёнларига тўхталишнинг айни вақти.
Икки аёлни ўлдирганликда гумонланаётган эркаклар бегона эмас, улар ҳам ўзбекистонлик. Тугаётган ҳафтада судда давлат айбловчиси томонидан ҳибсдаги гумонланувчилар – 31 яшар Дилшод Турдимуротов ва 29 яшар Ғофуржон Камолхўжаевга оғирлаштирилган умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси сўралди.
Суд терговида гумонланувчилар тилидан янграган маълумотларга кўра, икки йигит ва аёллар бир бирини яхши таниган ва шахсий муносабатлари бўлган. 2026 йилнинг 23 январь куни Сайёра Эргашалиева ўлдирилиб, 24 январь куни унинг жасадлари бўлакланиб, ахлат қутиларига улоқтирилган бўлса, худди шу куни унинг дугонаси Дилдора Ҳакимованинг жасади ҳам Истанбулнинг Шишли туманидаги ахлат қутисидан топилган.
Аввал хабар берганимиздек, 2025 йилнинг 28 декабрь куни ишлаш мақсадида Ўзбекистондан Туркияга келган 32 яшар Сайёра Эргашалиева билан 2026 йилнинг 23 январидан буён оиласи боғлана олмаган. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига келиб тушган хабар асосида олиб борилган қидирувларда Сайёранинг охирги марта ўзбекистонлик Дурдона Хакимова бўлаклаб ўлдирилган уйда қолгани аниқланган.
Тергов гуруҳи камера ёзувларини ўрганиб, 23 январь куни уйга кирган Сайёранинг ортидан Ҳакимованинг қотиллари Дилшод Турдимуротов ва Ғофуржон Камолхўжаев ҳам кирганини аниқлаган. Кузатув камераси ёзувларида 24 январь куни гумонланувчиларнинг уйдан бир неча бор қора чиқинди қоплари билан чиққани, сўнгра оқ рангли жомадон билан манзилни тарк этгани аниқланган.
Гумонланувчиларнинг тижорат таксисида Фотиҳ туманига келиб, жомадондаги тана қисмларини бир чиқинди контейнерига ташлагач, Еникапи Мармарай бекатига пиёда кетгани маълум бўлган. Тергов доирасида Дурдона Ҳакимованинг қотиллиги сабабли ҳибсда сақланаётган Дилшод Турдимуротов ва Ғофуржон Камолхўжаев билан ўтказилган сўроқлар давомида Сайёра Эргашалиева ҳам 23 январь куни ўша уйда тиғли жисм билан ўлдирилгани, жасади эса бўлакланиб, Истанбулнинг турли туманларидаги чиқинди контейнерларига ташлаб кетилгани аниқланди.
Судда қотилликни содир этганликда гумонланган шахсларнинг иккиси ҳам ўз айбига иқрор бўлган ва қизларни қандай ўлдирганини айтиб берган. Бу ҳақда алоҳида кўрсатув тайёрлаганмиз, уни YouTube’даги каналимизда томоша қилишингиз мумкин.
Куёв бўлажак аёлини ўлдириб қўйди
Қотиллик билан боғлиқ мудҳиш жиноятлар фақат хориждаги ўзбекистонликлар билан кузатилаётгани йўқ. Ўзбекистоннинг ўзида ҳам бундай фактлар етарлича топилади. Масалан, шу ҳафта Наманган вилоятининг Косонсой туманида йигит рашк туфайли ўзи билан унаштирилган, 11 синфда таҳсил оладиган севгилисини пичоқлаб ўлдиргани ўртага чиқди.
Воқеа жорий йилнинг 6 май куни Косонсой тумани “Ёшлик” маҳалласида содир бўлган. Йигит рашк туфайли унаштирилган севгилиси билан ўзаро жанжаллашиб, уни ўлдириш мақсадида ёнидаги пичоқни қизнинг кўкраги ва қорин қисмига бир неча марта санчиб, воқеа жойидан қочиб кетган. Қиз шифохонага олиб кетилган ва ўша ерда вафот этган.
Косонсой туман прокуратураси томонидан йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, у Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
Куёвини ўлдирмоқчи бўлган амма қўлга олинди
Ёдингизда бўлса, ўтган ҳафта эркак иккинчи хотинини ўлдириш учун 10 минг долларга киллер ёллагани ҳақида хабар бергандик. Бу ҳафта эса Навоийда ҳам куёвини ўлдириш учун киллер ёллаган амма қўлга олинди. Ўзбекистонликларга нима бўляпти ўзи? Пули кўпайиб кетганми ё жангари, мафиялар ҳақидаги фильмларни кўп кўришяптими? Қаердан бунча “дух”?
Гап шундаки, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида яшовчи ёш оилада келишмовчиликлар содир бўлган. Албаттаки, бизда оилавий келишмовчиликларни эр-хотин ҳал қилишга ҳаққи йўқ. Бир ёндан ота-оналар, иккинчи ёндан аммо-хола, қариндош-уруғ жангга киради. Қарабсизки, ҳали иккаласи нимага жанжаллашгани ҳам эсдан чиқиб, тўртта бекорчи кайвониларнинг даҳанаки жанги бошланади. Бу ҳолатда ҳам худди шундай бўлган. Аразлаган келиннинг 54 ёшли аммаси ўзига таниш бўлган 1992 ва 1994 йилларда туғилган икки шахсни топиб, куёвининг “ақлини киритиб қўйишини”, эвазига эса катта миқдорда пул беришга тайёр эканини айтган.
Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари шу амманинг кўнгли тинчисин ва калаванинг учи топилсин деб, суиқасд саҳнасини ташкил этиб, жараённи видеога олган ва ижтимоий тармоқ орқали “заказчик” аммага жўнатган. Шундан сўнг, амма суиқасд буюртмаси учун келишилган 40 миллион сўмдан 2 млн 300 минг сўмни ёлланган шахсларнинг картасига ташлаб берган.
Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Зарафшон шаҳар Ички ишлар бўлими тезкор-қидирув хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан аммапошша қўлга олинган. Ҳозирда Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Туркистонда масжид барпо этди
Тариқат билимдони, Ислом олами мутафаккири Аҳмад Яссавий яшаб ижод қилган ва мангуга қўним топган Туркистон шаҳрининг туркий дунё учун аҳамияти беназир. Ўзбекистон ушбу шаҳарда масжид қурди. Шу ҳафта Туркистонда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг норасмий саммитида иштирок этиш учун Туркистонга сафар қилган Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан ушбу масжидда меҳмон бўлди.
Мажмуанинг умумий майдони 7 гектардан зиёдни ташкил этади, унда 5 мингдан ортиқ киши намоз ўқиши мумкин. Муҳташам ансамбль тўртта 70 метрлик минора ҳамда асосий зал ва анъанавий айвонларни ўз ичига олган уч қаватли бош бинодан иборат.
Президентларга Қозоғистон муфтийси Науризбой ҳожи Тағанули ҳамроҳлик қилган, Қуръон оятлари тиловат қилиниб, қардош халқларга тинчлик ва фаровонлик тилаб, дуо ўқилган. Сўнг, Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитида иштирок этган Президент Шавкат Мирзиёев бир қатор таклифларни илгари сурди. Улар орасида энг муҳими – киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича Туркий альянс тузиш.
“Терроризм, экстремизм ва ёт оқимларга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдормиз. Бу жараёнда киберхавфсизлик соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш ва замонавий мутахассислар тайёрлаш, тезкор ахборот алмашиш долзарб аҳамиятга эга”, дейди Ўзбекистон етакчиси.
Президентнинг сўзларига кўра, янги таҳдидларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш учун туркий дунё доирасида ягона хавфсизлик ва ишонч маконини яратиш лозим.
Кўп йиллардан буён НАТО иштирокчиси бўлган Туркиянинг охирги йиллардаги қуролланиши ҳамда муаммоли бўлган, ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикасини Туркий давлатлар ташкилотига қўшиш, аввал кузатувчиликка қабул қилиш ва ортидан аъзолик даъволарини тилга олиш фонида Туркий давлатлар ташкилоти атрофида айланадиган ташкилот ҳарбий тузилмага айланадими деган саволга Қосим-Жомарт Тўқаев жавоб берди.
“Туркий давлатлар ташкилоти – бу геосиёсий лойиҳа ҳам, ҳарбий ташкилот ҳам эмас. Бу биродар давлатлар ўртасидаги савдо, иқтисодий, юқори технологияли, рақамли ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган ноёб платформадир”, дейди Тўқаев.
Илк ўзбекистонлик космонавт (фазогир) фазога учирилади
Дастурни муҳим ва хушхабар билан якунласак, нима дейсиз? Ўзбекистон илк космонавтини (фазогирини) 2028 йил октябрь ойида фазога учиради. Парвознинг даврийлиги 14 кун бўлади. Космонавтни тайёрлашда Ҳукумат комиссияси тузилади ва номзодлар саралаб олинади.
Номзодларга асосий талаблар қуйидагилар: 27-40 ёшгача бўлиши керак, олий маълумот шарт, бўйи 160-190 см гача, вазни эса 50-95 кг гача бўлиши керак. Шунингдек, хорижий тилларни билиши керак.
Live
Барчаси