Греция ҳам болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тақиқлайди

Олам

image

Грецияда 2027 йилнинг 1 январидан бошлаб 15 ёшдан кичик ўсмир болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тақиқланади. Бу ҳақда Греция ҳукуматига таяниб, BBC хабар берди.

Қайд этилишича, Грецияда ёш болаларнинг ижтимоий тармоқларга қарам бўлиб қолиши ортидан ҳукумат 2027 йилнинг 1 январидан бошлаб 16 ёшга тўлмаган ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни бутунлай тақиқлайди. Шу орқали Греция болаларнинг онлайн платформаларга киришини чеклаган сўнгги Европа давлатларидан бирига айланади. 

Греция Бош вазири Кириакос Митсотакиснинг айтишича, бу ёшлар орасида ортиб бораётган стресс ва уйқу муаммолари ҳамда ижтимоий тармоқларга “қарамлик инстинкти”дан қутулиш учун катта қадам бўлади. 

“Биз бу қарор орқали фарзандларимизни илҳом, билим ва ижод манбаи бўлган теҳнологиялардан узоқлаштиришни эмас, балки уларни соғлом ва ақлли тарзда вояга етишларини таъминлашни мақсад қилганмиз. Биз режалаштирган чекловлар қийин бўлиши мумкин, аммо улар болаларимизнинг келажаги учун жуда зарур аҳамиятга эга”, дейди Греция Бош вазири.

Шунингдек, Митсотакис Еврокомиссия Президенти Урсула фон дер Ляйенга мактуб йўллаб, Греция вояга етмаганларни ҳимоя қилиш бўйича Европанинг ривожланган давлатлари даражасида ҳаракат қилиш учун махсус платформа режасини тақдим этган.

Унинг таклифларига кўра, платформада 15 ёшгача бўлган барча болаларнинг ёшини мажбурий текшириш, ушбу ёш гуруҳи учун умумевропа қоидалар бандини жорий этиш ва ҳар олти ойда фойдаланувчиларнинг ёшини қайта кўриб чиқиш зарур.

Маълумот учун, Буюк Британия парламентида ҳам 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Агар қарор тасдиқланса, Британияда ҳам келгуси йилдан ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ҳуқуқи бутунлай чекланиши мумкин. Бундан ташқари, Франция, Австрия ва Испанияда ҳам шунга ўхшаш чекловлар эълон қилинмоқда. 

Австралия 2025 йилнинг декабрь ойида вояга етмаган болаларнинг Snapchat, You Tube ва TikTok каби етакчи платформалардан фойдаланишини тақиқлаган эди. Шу орқали мамлакат болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаган дунёдаги илк давлатга айланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испания ҳукумати ҳам 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашга қарор қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Ҳожиакбар Муҳаммаджонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Греция ижтимоий тармоқлар тақиқланади

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг