Гулнора Каримова ошхонада суд қилинганми? Ўзбекистон ҳукумати баёнот берди
Жамият
−
09 Июль 39597 6 дақиқа
Аввалроқ, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти марҳум Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2014 йилда ҳеч қандай ордерсиз ва тушунтиришларсиз, ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган деб ҳисоблаётгани хабар қилинганди. Бунга жавобан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг расмий баёноти эълон қилинди.
Ўзбекистон ҳукумати Ишчи гуруҳнинг фикри манба томонидан тақдим этилган бир томонлама субъектив маълумотлар асосида шакллантирилгани, ҳукуматнинг бу борада расмий жавоби тақдим этилгани, аммо у расмий процессуал муддатлар туфайли эътиборга олинмаганидан ташвиш билдирган.
“Бундай ёндашув БМТ органлари амал қилиши зарур бўлган холислик ва беғаразлик принципларига путур етказади”, дейилади ҳукумат баёнотида.
Шунингдек, Ўзбекистон ўзаро ҳурмат, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш ва икки ёқлама стандартларга йўл қўймаслик тамойилларига асосланган мулоқот ва халқаро ҳамкорлик учун ҳамиша очиқ экани қайд этилган.
“Гулнора Каримовага нисбатан барча жиноий ишлар жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилик нормаларига қатъий риоя қилган ҳолда, шунингдек, мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини, жумладан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини инобатга олган ҳолда қўзғатилган ҳамда кўриб чиқилган”, дейилади расмий баёнотда.
Билдирилишича, Каримованинг ҳимояга бўлган ҳуқуқ ва одил судлов ҳуқуқи жиноят процессининг барча босқичларида таъминланган. Гулнора Каримова мустақил равишда танланган ёки белгиланган тартибда тайинланган ҳимоячиларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Шунингдек, жиноят ишига оид материаллар билан танишиш, қарорлар устидан шикоят қилиш ҳамда ҳимоячи билан мулоқотнинг махфийлиги тамойилига риоя қилинган.
“Гулнора Каримова иши бўйича суд қарорлари ваколатли судлар томонидан оғир ва ўта оғир жиноятлар, жумладан солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, жиноий даромадларни легаллаштириш, давлат мулкини ғайриқонуний ўзлаштириш, фирибгарлик ва давлатга жуда катта миқдорда зарар етказган бошқа жиноятлар содир этилганлигини тасдиқловчи етарли далиллар асосида чиқарилган”, дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримованинг 2014 йилда гўёки ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани, узоқ муддат уй қамоғида сақлангани, “ошхонадаги суд” ва бошқа шу каби даъволар асоссиз эканини билдирган. Билдирилишича, барча процессуал ҳаракатлар ва суд муҳокамалари процессуал қонунчилик нормалари ва талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтказилган. Ҳозирги вақтда маҳкума суд қарорлари устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
“Ўзбекистон Республикаси ҳукумати мазкур иш бўйича сиёсий сабаблар мавжудлиги тўғрисидаги даъволарни қатъиян рад этади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг барча ҳаракатлари фақат судланувчининг жиноий ҳаракатларни содир этишдаги айбини тўлиқ тасдиқловчи ҳуқуқий ва далилий жиҳатларга асосланган бўлиб, унинг қонуний иқтисодий фаолияти ва/ёки сиёсий мавқеи ёки қарашларига дахл қилмаган”, дейилади ҳукумат баёнотида.
Шу нуқтаи назардан, 2022 йилда Швейцария Конфедерацияси билан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасидаги битим доирасида Гулнора Каримова илгари жиноий йўл билан орттирган ва қайтарилган молиявий маблағлардан Ўзбекистон ҳукуматининг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун фойдаланиш мақсадида “Vision 2030” жамғармаси ташкил этилгани таъкидланган. Жамғарма бошқаруви БМТнинг Кўп томонлама шериклик траст жамғармаси орқали амалга оширилмоқда.
“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини виждонан бажариб келмоқда ва БМТ механизмлари, жумладан махсус тартиб-таомиллари билан конструктив мулоқотни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлайди.
Ҳукумат халқаро тузилмаларда ўз обрўсини ҳимоя қилиш, шунингдек, ишончли ахборотни манфаатдор томонларнинг кенг доирасига тушунтириш бўйича кейинги қадамларни қўйиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”, дейилади баёнотда.
Маълумот учун, жорий йил бошига қадар Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сон аёллар учун ихтисослаштирилган колонияда сақланган эди. QALAMPIR.UZ'даги маълумотларга кўра, 2025 йил январь ойида Каримова Зангиота туманидаги 42-сонли манзил-колонияга ўтказилган.
Унга қўйилган айбловларга назар ташласак, Каримова Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бош прокуратуранинг 2017 йилда берган маълумотларига таянадиган бўлсак, унда Каримовага 2013 йил 24 октябрда бир нечта МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилгани, мазкур жиноят ишини тергов қилиш давомида Гулнора Каримова 2001-2012 йилларда Содиқов, 2013 йилнинг январь ойидан октябрь ойига қадар Мадумаров раҳбарлик қилган уюшган гуруҳнинг жиноий фаолиятига бевосита кўмаклашиб келгани аниқлангани айтилади.
Ўша вақтда прокуратура Гулнора Каримова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик), 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 179-модда (Сохта тадбиркорлик), 184-модда (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), 227-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш билан айбланганини айтган. Юқорида айтганимиздек, Каримова 2017 йилнинг декабрь ойида 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ўшанда унга инсонпарварлик нуқтайи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганини эътиборга олган ҳолда Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилганди.
Бу жазони ўташ жойи этиб, унинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланган. Шу билан бирга, маҳкума Гулнора Каримова зиммасига қонунчиликда назарда тутилган қатор чекловлар, шу жумладан, яшаш жойидан чиқиб кетмаслик, алоқа воситаларидан ва интернетдан фойдаланмаслик ҳамда зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган.
Кейинчалик, Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгилангани айтилди ва у Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясига жойлаштирилган.
Олий суднинг 2020 йилда берган маълумотига кўра, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган ва судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топган.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.
Live
Барчаси