Иккиламчи бозорда уй-жой нархи бир йилда 7,4 фоизга қимматлади
Жамият
−
20 Ноябрь 2059 2 дақиқа
Октябрь ойида уй-жой олди-сотди битимлари 12 фоизга ошиб, 27,1 мингтани ташкил этди. Бу 2023 йил августидан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг октябрь ойидаги Ўзбекистон уй-жой бозори динамикаси бўйича янгиланган таҳлилида маълум қилинди.
Таъкидланишича, октябрь ойида уй-жой бозоридаги фаоллик ўсиши республиканинг барча ҳудудларида қайд этилган. Энг катта ойлик ўсиш Хоразм, Бухоро ва Тошкент вилоятларида кузатилиб, бу ҳудудларда уй-жой олди-сотди битимлари ўртача 26 фоизга кўпайган. Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида эса ўсиш мӯътадил бўлиб, мос равишда тахминан 2% ва 4 фоизни ташкил этган. Мамлакатдаги уй-жой олди-сотди битимларининг тахминан 30 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Ўтган ой пойтахтда савдо ҳажми ойлик ҳисобда 5,3 фоизга, йиллик ҳисобда эса 32 фоизга ошган.
Таҳлилда келтирилишича, иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар динамикаси октябрь ойида бироз тезлашган. Бир ой ичида 1 квадрат метр учун ўртача нарх 2,4 фоизга ошган, сентябрда бу кўрсаткич 0,6% бўлган.
Шунингдек, ўтган йил октябрига нисбатан ҳисоблаганда, иккиламчи бозорда ўртача нарх 1 кв. метр учун 7,4 фоизга ўсгани қайд этилди. Энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё ва Наманган вилоятларида қайд этилиб, бу ҳудудларда уй-жой нархлари тахминан 20 фоизга ошган.

Тошкентда уй-жой бозори
Октябрь ойида Тошкентда иккиламчи уй-жой бозорида нархлар деярли ўзгармасдан қолди, ўртача ўсиш 0,7% атрофида бўлди. Йиллик ҳисобда, ўтган йил октябрь ойига нисбатан, пойтахтда иккиламчи уй-жой нархлари 1 фоизга пасайган. Энг сезиларли тушиш Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида қайд этилган, бу ерда ўртача нархлар тахминан 5 фоизга арзонлашган.
Пойтахтнинг бирламчи уй-жой бозорида эса аксинча, нархлар ўсиши кузатилмоқда. Октябрь ойида бир квадрат метр учун ўртача нарх йиллик ҳисобда 2,1 фоизга ошган. Энг юқори ўсиш Бектемир, Яшнобод, Миробод ва Яккасарой туманларида қайд этилган бўлиб, бу ҳудудларда нархлар ўртача 5,5 фоизга ўсган.

Тошкентда ижара бозори
Октябрь ойида пойтахтда ўртача ижара ставкалари ўтган ой даражасида қолиб, 1 кв.м учун 8,5 долларни ташкил этди. Энг юқори ижара нархлари пойтахтнинг марказий ҳудудлари Миробод, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида сақланмоқда, бу ҳудудларда 1 кв. метр учун ўртача ижара ҳақи тахминан 10,2 долларни ташкил этади.
Шу билан бирга, ўтган йил октябрига нисбатан Тошкентда уй-жой ижара нархлари 1,6 фоизга ошган. Энг катта ўсиш Бектемир, Яшнобод ва Сергели туманларида қайд этилган, бу туманларда ижара нархлари ўртача 9 фоизга кўтарилган.