Иккинчи жаҳон урушига 80 йил: Ўзбекистондан олиб кетилган аскар, ишчи, қурол, озиқ-овқат ва пуллар

Таҳлил

image

70-80 миллион инсон ҳалок бўлган Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистон аҳолисининг 1/3 қисми сафарбар қилинган. Мамлакатга эвакуация қилинганлар сони эса 1,5 миллиондан ортиқ эди. Умуман олганда, уруш даври бутун дунёдаги каби Ўзбекистонда ҳам катта йўқотишларга сабаб бўлган. Собиқ Совет Иттифоқи узра “сталинча” ваҳший ва адолатсиз сиёсат гуркураётган бир пайтда ўзбек халқи ўзга минтақаларни қамраб олган навбатдаги жаҳон урушида иштирок этди.

Ўзбекистондан жаҳон урушига...

Иккинчи жаҳон урушининг 1939 йилда Адольф Гитлер бошчилигидаги фашистлар Германиясининг Польшага бостириб кириши билан бошлангани айтилса-да, аслида бу Биринчи жаҳон урушидан кейинги ҳал қилинмаган масала ва кескинликларнинг муқаррар жамланмаси эди. Дастлаб Европа минтақасида бўй чўзган уруш фашистлар Германиясининг 1941 йилнинг 22 июнидаги ҳужуми билан СССР ҳудудига кирди. Ўша куни “Улуғ ватан уруши” деб номланган 4 йиллик оғир ва қора кунлар бошланганди.

Жаҳон архивлари ўрганилиб, янги топилган маълумотлар таҳлил қилинганида Ўзбекистондан 1 миллион 950 минг 700 киши урушга сафарбар этилгани аниқланди. Бу ҳар учта ўзбекистонликнинг бир нафари урушда иштирок этганини англатади. Уларнинг 538 мингдан кўпроғи ҳалок бўлган, 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолган, 870 мингдан ошиғи турли жароҳатлар олган, 60 минг нафардан зиёди эса ногирон бўлиб қайтган.

Ўзбекистон етказиб берган ҳарбий техника, пул ва озиқ-овқатлар

Ўзбекистон уруш даврида фронтга энг қиммат ресурс ҳисобланган инсон, шунингдек, барча зарурий эҳтиёжларни етказиб берган. Хусусан, ҳарбий-техник, озиқ-овқат ва енгил саноат маҳсулотлари шулар жумласидан.

Ўша даврда саноатнинг асосий қисми ҳарбий қурол ишлаб чиқаришга йўналтирилиб, улар жанг майдонига узлуксиз юбориб турилган. Маълумоларга кўра, мамлакат уруш йилларида фронт учун 2 минг 100 та самолёт, 17 минг 342 та авиамотор, 2 миллион 318 минг дона авиабомба, 60 мингга яқин ҳарбий-кимёвий аппаратура, 22 миллион дона мина ва 560 минг дона снаряд, 1 миллион дона граната, 330 мингта парашют, ҳарбий эҳтиёж учун 100 минг километрдан ортиқ турли симлар, миналарни аниқлаб берувчи 4,5 минг дона қурилма, 2 миллион 861 минг дона армия этиклари ва 59 мингдан ортиқ от ва кўпгина бошқа ҳарбий анжомлар етказиб берган.

Урушнинг оғир даврида Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айлантирилиб, янги ишлаб чиқариш соҳалари – самолётсозлик, ва дастгоҳсозлик, қурол ва ўқ-дорилар, электр жиҳозлари ва фронт эҳтиёжлари учун зарур бўлган бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналари яратилган эди.

Бундан ташқари, жанг майдонларида жонбозлик кўрсатаётганлар учун бирламчи эҳтиёж воситалари ҳамда пул маблағлари ҳам узлуксиз етказилган.

“Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши даврида” китоб-альбомида ёзилишича, Ўзбекистон аҳолиси 1941-1943 йиллар давомида мудофаа фондига 475 миллион рублдан ортиқ маблағни, 22 миллион рубллик қимматбаҳо шахсий буюмларини ихтиёрий равишда топширган.

Манбаларда келтирилишича, Ўзбекистон жанг майдонларига озиқ-овқат етказиб беришда ҳам мислсиз ҳаракат қилган. Чунончи, 1 миллион 282 минг тонна ғалла, 482 минг тонна картошка ва сабзавот, минг тонна полиз маҳсулоти, қуруқ ва ҳўл мевалар шулар жумласидан.

Тарихчи профессор Ҳамид Зиёевга кўра, урушнинг тўрт йили давомида Ўзбекистон 4 миллион 806 минг тонна пахта, 54 минг 67 тонна пилла, 1 миллион 66 минг тонна ғалла, 195 минг тонна шоли, 108 минг тонна картошка, 374 минг тонна сабзавот ва ҳўл мева, 35 минг 289 тонна қуруқ мева, 57 минг 444 тонна узум, 1 миллион 593 минг тонна гўшт, 5 миллион 286 минг дона тери етказиб берган.

Меҳнатига раҳмат олмаган ўзбек

Россиядаги ҳарбий саноат зоналарига 155 минг кишидан иборат “Ишчи батальони”да ўзбекларнинг талай қисми сафарбар қилинган. Уларнинг кўпчилиги қишлоқ аҳолиси бўлиб, рус тилини билмаслиги ва совуқ ҳавога мослашмагани ортидан кўп қийинчилик ва машаққатларни бошдан кечирган. Яшаш шароитларининг оғирлиги ва эскирган кийимларда ишлашлари оқибатида ниҳоятда азоб-уқубат чеккан. Уруш йилларида айни навқирон ёшда бўлиб, ҳодисаларга ўз кўзи билан гувоҳ бўлган профессор Зиёев Россияга олиб кетилган ишчиларнинг кейинги тақдири ҳақида шундай дейди:

“Мен ўзим Сибир госпиталида даволанаётганимда, ўлкамиздан борганларнинг гадойчилик қилиб юрганига гувоҳ бўлганман. Уларнинг соч-соқоллари ўсган, кийимлари ямалган ва кир босган эди. Уларнинг айтишига қараганда, очлик ва касалликдан ўлаётганлар оз бўлмаган. “Ишчи батальони”даги кишилар Новосибирск, Москва, Тула, Бошқирдистон, Татаристон ва бошқа жойлардаги саноат корхоналари ва конларда ярим оч ҳолда меҳнат қилганлар. Ким қанчаси она юртидан узоқ жойларда кафансиз кўмилган”.

Таъкидлаш керакки, ҳарбий саноат корхоналарига мардикор сифатида олиб кетилган ушбу ўзбекистонлик ишчилар меҳнатига яраша ҳурматга лойиқ кўрилмаган. Уларнинг орасида оғир шароитларга қарамасдан, белгиланган режани ортиғи билан бажарганлари кўп бўлган. Аммо меҳнатга ҳақ тўлашда катта тафовутлар яққол кўзга ташланади. Мисол учун, Киров заводи ишчиларидан бири

“Харьков заводи ишчилари режани 100 фоизга бажарса, 1000 грамм нон олади. Мен 150 фоизга бажарсам-да, 700 грамм нон оляпман”, деб таъкидлаган.

Тадқиқотчи Обиджон Алимовнинг сўзларига кўра, Марказий Осиёдан борган ишчиларнинг ойлик маошлари жуда кам бўлган. Улар тўйиб овқатланмаган.
Ўзбекистондан борганларнинг жуда катта қисми тураржойга эга бўлмасдан завод ва фабрикаларда ётган. Челябинск ҳудудидаги металлургия заводи ишчиларининг эслашича: металл қуйиш заводидаги ўзбеклар рус тилини билмагани ва буйруқларни тўлиқ тушунмагани сабабли вазифаларни жуда ёмон бажарган. Улар қўлларини чўзиб кечирим сўрар, ишни тугатмагани учун калтакланиб, нон рационидан маҳрум қилинар эди. Улар ҳаддан ташқари гигиенанинг йўқлиги, дори-дармон ва озиқ-овқатнинг етишмаслиги ва иссиқ кийимга эга бўлмаганидан азият чеккан. Вафот этганларни аввал бошида диний қоидага кўра “оқ кафан”га ўраб кўмишган. Кейинчалик кафанлик учун мато берилмаганидан сўнг, вафот этганлар кафансиз кўмиб юборилган. Тадқиқотчи уларни “қуролсиз аскар” деб атайди:

“Саноат корхоналарида ишлаш малакасига эга бўлмаган ва рус тилини билмаган “қуролсиз аскарлар” хўрликлар, касаллик, очлик каби оғир кунларни бошдан кечиришларига қарамасдан ғалаба учун охирги кучи қолгунча меҳнат қилган”.

Бундан кўринадики, уруш ҳудудларидан эвакуация қилинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонга бошпана берган, 250 минг етим болага меҳр-оқибат кўрсатиб, сўнгги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрган ўзбекнинг ҳарбий саноат корхоналаридаги меҳнатлари давомида ҳатто ётоқ жой, кийим ва нон каби бирламчи эҳтиёжлари ҳам қондирилмаган ва ўзлари адолатсиз муносабатга дуч келган.

Бир умр ёрини кутган аёл, 13 фашистни уриб ўлдирган йигит ва урушдан қайтмаган уч ака-ука – уруш қаҳрамонлари

Хориж фильмларида кўп бора гувоҳ бўлганимиз, узоқ йиллар жуфтини кутиб ўз садоқатини намоён қилган аёл сиймоси эри урушга кетиб, қайтмаган минглаб ўзбекистонлик аёлларда ҳам мужассам. Улардан бири урушда ҳалок бўлган қашқадарёлик Соли Ражабовнинг беваси Чинни ая Камолова эди. Уйланганига бир неча ой бўлиб-бўлмай, Соли Ражабов урушга йўл олади, 18 ёшли келинчак Чиннихон эса ёлғиз қолади. Уруш тугаб, тинчлик даври бошланса-да, Соли Ражабов қайтмайди, аммо Чинни ая уни умрининг охиригача кутади...

Бешафқат уруш ўчоғида миллионлаб ўзбек фарзанди жон олиб, жон берган. Шундай қаҳрамонлардан яна бири душман билан кечган тўғридан тўғри қўл жангида 13 фашистни ўлдирган 18 ёшли Шоди Шоимов эди. 385-ўқчи дивизия сафида жанг қилаётган ўзбек паҳлавони 1944 йилнинг 27 июнида Беларусь ҳудудидаги Днепр дарёсини кечиб ўтиш чоғида фашистлар билан юзма-юз олишади. Кураш давомида олган тан жароҳатлари оқибатида эса 28 июнда вафот этади. Шундан сўнг, у Совет Иттифоқи Қаҳрамони бўлади. Ўзидан бир дона ҳам сурат қолдирмаган Шоди Шоимовнинг бюстини тиклаш учун орадан йиллар ўтиб синглиси Тиловатнинг расмидан фойдаланилади. Бу сурат ҳозирда Беларуснинг Дашковкадаги музейида сақланмоқда.

Аслида уруш даврида фронт ва фронт ортида хизмат қилган ҳар бир ўзбек қаҳрамон эди. Гарчанд ҳеч қандай унвон ва орденсиз бўлса ҳам. Урушнинг совуқ нафаси кириб бормаган хонадон қолмаган. Ҳаттоки, бир эмас, бир неча фарзанди урушга сафарбар этилган оилалар ҳам кўп эди. Шундай қисмат бойсунлик уч ака-ука Ҳасановларни ҳам ўз домига тортди. Беш ўғилни ўстираётган Ҳасан ота ва Бибисора ая чексиз надомат билан паҳлавондек уч ўғлини бирин-кетин урушга жўнатади. Йигитларнинг онаси Бибисора ая колхоз раисидан нега ўғилларининг учаласи ҳам олиб кетилаётганини сўраганида у “кўпдан кўп олинади”, деб жавоб беради. Ҳали уйланиб ҳам улгурмаган Ҳасанов Бозор, Ҳасанов Бобоназар ва Ҳасанов Хидирназар исмли бу ака-укалар бошқа қайтиб келмайди.

“Отам уч акасининг қайтмаганидан момомиз Бибисора аянинг ичикиб ўтганларини кўп айтар эди”, дейди йигитларнинг укаси Чори Ҳасановнинг қизи Ойимгул Ҳасанова.

Унинг сўзларига кўра, урушдан қайтган қишлоқдошларининг бири жанг майдонларида ака-укаларнинг бирини кўриб қолиб, суҳбатлашгани ва унинг разведкада хизмат қилаётган бўлганини айтган. Шунда йигит “муҳим топшириқ билан кетаётгани ва қайта кўришмасликлари мумкинлиги”ни билдирган ва шундай ҳам бўлган.

Урушдан тўхтамаётган дунё

20 миллион инсон ўлимига сабаб бўлган Биринчи жаҳон уруши ва 80 миллион инсон вафот этган Иккинчи жаҳон урушини кўрган дунё ҳамон уруш ичида яшамоқда. Узоқ йиллардан буён тинчимаётган Яқин Шарқ: Ғазо ва Исроил ҳамда Сурия, уч йилдирки ниҳоя топмаётган Россия ва Украина ҳамда яна кескинлашаётган Ҳиндистон ва Покистондаги вазият бунга мисол. Аслида рўйхат бундан ҳам узун.

“Урушни сиёсатчилар бошлайди, бойлар қурол сотади, халқ фарзандини беради. Уруш тугайди. Сиёсатчилар келишувга эришади. Бойлар яна пул топади, аммо халқ фарзандини қайтариб ола олмайди”, деган ҳақиқат ўз исботини топмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Иккинчи жаҳон уруши фронт ўзбек аскарлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг