Тадбиркорлар диққатига! Пулдор харидорларга тўла бозор сизни кутмоқда
Бизнес
−
14 Январь 9548 3 дақиқа
Ички бозори импортга боғланган, ташқи бозордан ҳар йили қарийб 90 млрд долларлик харидларни амалга оширадиган Ироқ дунёга ўз эшикларини очмоқда. Бугунги кунда Ироқ Ўзбекистон билан ўзаро савдо айланмасини йилига 20 миллион АҚШ доллардан 1 млрд долларга етказмоқчи.

Жорий йилнинг 12 январь куни 150 га яқин йирик бизнес вакилларидан иборат Ироқ делегацияси Ўзбекистон билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида амалий ташриф билан Тошкентга келди. Уларга шахсан Ироқ Савдо вазири Асир Довуд Салмон ал-Ғурайрий бошчилик қилаётгани эса мақсад қанчалик жиддийлигини кўрсатади.
“Ушбу ташриф Ироқ ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Аввало шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирги Ироқ 20 миллион АҚШ долларилик кўрсаткичи мавжуд салоҳиятимизга асло мос эмас. Савдо ҳажмини ошириш, тажриба ва маданият алмашиш, турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятларимиз кенг”, дейди Ироқ расмийси.
Бу ташрифнинг асосий мақсади – қурилиш, электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат, мебель ва автомобилсозлик соҳаларидаги корхоналар фаолиятини бевосита ўрганиш, маҳсулот сифати ҳамда ишлаб чиқариш салоҳиятини таҳлил қилиш эканлиги айтилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан бизнес вакиллари ишлаб чиқариш жараёнлари билан бевосита танишиши, объектларни жойида кўриши ва реал имкониятларни баҳолаши учун пойтахтнинг турли нуқталардаги йирик компанияларга танишув ташрифи ташкил этилди.
.jpg)
“Ростини айтсам, озиқ-овқат маҳсулотлари йўналиши менда жуда катта қизиқиш уйғотди, чунки, мен айнан шу соҳа мутахассисиман. Бағдод шаҳрида хурмо сиропи ишлаб чиқарувчи заводларим бор. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати жуда юқори, айниқса қадоқлаш услуби ниҳоятда чиройли, замонавий ва профессионал даражада амалга оширилган. Менда энг кўп қизиқиш уйғотган маҳсулот – мурабболар бўлди. Ўзбекистон мураббо маҳсулотларини ўз заводларимга олиб киришни истайман”, деди Ироқ Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш фонди (ННТ) вакили Худа Ҳафедҳ Аҳмад.
.jpg)
Ўтган йилнинг декабрь ойида Ироққа расман ташрифни амалга ошириб, ўз кўзи билан талаб ва имкониятларни кўриб қайтган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Ироқдаги вазият кўпчилик ўйлаганидек салбий эмаслигини айтди.
“Аҳолининг яшаш имконияти яхши, энг кам даромади 700 АҚШ долларига тенг. Мамлакатда ишлаб чиқариш деярли йўқ. Асосий урғу нефтни қайта ишлашга қаратилган. Шу сабабли кўп маҳсулотлар импорт қилинади. Ўзбекистон маҳсулотлари меҳмонларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Бизнинг тадбиркорларимиз учун Ироқ яхши бизнес майдони бўлиши аниқ”, дейди Даврон Ваҳобов.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг қўшимча қилишича, товар ва маҳсулотларни етказиб бериш масаласи ҳам у қадар қийинчилик туғдирмайди.
.jpg)
“Икки давлатдан кейин Ироқ, яъни Бухородан ўтилгач, Туркманистон, ундан кейин Эрондан чегарасидан чиқилса исталган маҳсулот тахминан ўн беш кун ичида Бағдодга кириб боради. Бу тадбиркорларимиз учун жуда қулай бўлиб йўл харажати тахминан 3500-4000 долларни ташкил этади. Тадбиркорларга нима керак? Маҳсулотини тезроқ сотиш, харидорга эса товарни тезроқ қабул қилиб олиш. Шу боис, Афғонистон ва Ироқ бозорларига кўпроқ урғу бериляпти. Тадбиркорлар ушбу бозорларда тезроқ ўз ўрнини топишига ишончимиз комил”, деди Савдо-саноат палатаси раҳбари.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, февраль ойида Ироқ давлатида ҳам кўргазма ташкил этилади. Унда Ўзбекистондан 50 дан зиёд ишлаб чиқарувчи компаниялар ўз маҳсулотлари билан иштирок этиши режалаштирилган.
Live
БарчасиСурияда КИП қўмондони ўлдириб кетилди
21 Январь