Испанияда дунёга машҳур помидор фестивали ўтказилди (видео)
Бу қизиқ
−
28 Август 4830 2 дақиқа
Кеча, 27 август куни Испаниянинг Валенсия яқинидаги кичик Буньоль шаҳрида мамлакатнинг рамзи бўлган “La Tomatina” помидорлар фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Valencia Secreta” хабар берди.
Жорий йилда фестивалга минглаб одамлар йиғилиб, бир-бирларини 120 тонна помидор билан “сийлади”.

Бутун дунёга танилган помидор жанглари ҳар йили август ойининг сўнгги чоршанбасида ўтказилади. Анъанага кўра, байрам ёғланган устунга чиқиб, унда осилган хамон таомини қўлга киритиш мусобақаси билан бошланади. Кечга яқин шаҳар майдонига юк машиналарида помидор олиб келинади, сув пуркагичлар орқали берилган махсус ишорадан кейин эса ҳақиқий жанг бошланади.

Фестивалда 2013 йилдан буён махсус чипта тизими жорий қилинган бўлиб, унда иштирокчилар сони 20 минг одам билан чекланади. Масалан, 2012 йилда фестивалга 50 минг киши келган эди. Тадбирга бутун дунёдан сайёҳлар ташриф буюради ва помидор жанглари тахминан бир соат давом этади. Кўп қатнашчилар ўзини бутунлай қип-қизил қилиш учун оқ футболка кийиб олади. Отишмалар якунида шаҳар кўчаларидаги помидор қолдиқлари сув шланглари ва ўт ўчириш машиналари ёрдамида тозаланади.

Маълумот учун, фестивалнинг тарихи 1945 йилга бориб тақалади. Ўшанда бозор савдогарлари жанжал пайтида бир-бирларига помидор улоқтирган. Бу маҳаллий аҳолига ёқиб қолгани сабабли кейинги йили помидор улоқтириш махсус ташкил этилган. 1980 йилларда эса фестивалнинг оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилиши уни бутун дунё бўйлаб машҳур қилди ва минглаб сайёҳларни унга жалб қилди. Ҳозирги кунда “La Tomatina” мусиқий ва рақс дастурлари, шоулар билан ҳам бойитилган.

Live
Барчаси