Исроил Хон-Юнус аҳолисининг эвакуациясини талаб қилмоқда
Олам
−
03 Июль 5915 2 дақиқа
Исроил ҳарбийлари Ғазо секторининг жанубидаги Хон-Юнус шаҳри аҳолиси яшаётган бир нечта ҳудудни бўшатишни талаб қилиб, у ерларга кучли ҳаво зарбалари берилиши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Исроил армияси вакили Авихай Адрае ўзининг Telegram саҳифасида ёзди.
У жойлаштирган харитада Ғазо сектори турли қисмларга бўлинган ва “тақиқланган ҳудудлар” қизил рангда белгиланган. Харита бўйича Хон-Юнусдаги 36, 40 ва 89-участкалар эвакуация зонасига киритилган. Адрае бу жойларга яқин вақт ичида кучли зарбалар берилишини маълум қилиб, маҳаллий аҳолига Ғазонинг шимолий қисмида жойлашган Дейр ал-Балаҳ шаҳрига кўчишни ва орқага қайтмасликни тавсия қилган.
Маълумот учун, 2023 йилнинг 7 октябрида бошланган Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳужумлари оқибатида ҳозиргача камида 56 минг 647 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 134 минг 105 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган.
Шунингдек, 2024 йилнинг 19 январидан бошлаб жорий этилган ўт очишни тўхтатиш режими бузилиб, 18 мартдан бошлаб яна янги ҳужумлар бошлангач, 6315 киши ҳалок бўлган, 22 минг 64 киши яраланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Ғазо секторида олиб борилаётган ҳарбий амалиётларни янги ҳудудларга кенгайтиргани ҳақида хабар берганди. Армиянинг маълумотига кўра, 30 июнь куни давомида Исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан 140 та ҳарбий нишон йўқ қилинган.
Live
Барчаси