Исроил ва Ливан келишувга эришди, аммо…
Олам
−
04 Июнь 2138 2 дақиқа
Исроил ва Ливан Ҳизбуллоҳ ҳужумларни тўхтатиши шарти билан ўт очишни тўхтатиш бўйича янги келишувга эришди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар қилди.
Билдирилишича, келишувнинг амал қилиши Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ҳизбуллоҳ гуруҳининг Исроилга қарши барча ҳужумларни тўлиқ тўхтатишига боғлиқ. Шунингдек, Ҳизбуллоҳ жанубий Ливанда Исроил назорати остидаги ҳудудлардан чиқиб кетиши керак бўлади.
Келишувга кўра, Литани дарёсидан Исроил чегарасигача бўлган ҳудудда Ливан Қуролли кучлари тўлиқ назоратни қўлга олади. АҚШ эса, мазкур ҳудудларда давлатга қарашли бўлмаган қуролли тузилмаларсиз хавфсизлик зоналарини ташкил этиш жараёнига кўмаклашади.
Янги келишув апрель ойида эришилган сулҳнинг бир неча бор бузилиши ортидан қабул қилинган. Кеча, 3 июнь куни Исроилнинг жанубий Ливанга берган зарбалари оқибатида камида 9 киши ҳалок бўлган, Ҳизбуллоҳ эса, шимолий Исроилга ракета ҳужумларини амалга оширган эди. АҚШ давлат котиби Марко Рубио келишувдан аввал журналистлар билан суҳбатда Ливанда Ҳизбуллоҳдан мустақил хавфсизлик тизимини шакллантириш бўйича амалий режа ишлаб чиқилишига умид билдирган.
Келишув доирасида Исроил ва Ливан вакиллари 22 июнь куни яна музокаралар ўтказади. Томонлар кенг қамровли тинчлик келишувига эришиш имкониятларини муҳокама қилади. Бироқ Ҳизбуллоҳ ҳозирча келишув юзасидан расман изоҳ бермаган. Ташкилот сиёсий кенгаши аъзоси Маҳмуд Қамати BBC’га берган интервьюсида Вашингтондаги музокаралар қарорларини тан олмасликларини айтган.
“Бу музокаралар бизга дахлдор эмас. Биз уларнинг қарорлари ва хулосаларини тан олмаймиз, чунки уларни принципиал жиҳатдан рад этганмиз”, деган Қамати.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 3 июндаги Исроил зарбалари қурбонлари орасида икки нафар тез ёрдам ходими ҳам бўлган. Вазирлик Исроил армиясини халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларини бузишда айблаган. Ливан армияси ҳам Исроилнинг ҳаво ҳужумлари натижасида бир ҳарбий ҳалок бўлгани ва икки нафар аскар яраланганини маълум қилган.
2026 йил 2 мартдан буён давом этаётган можаро оқибатида Ливанда камида 3516 киши ҳалок бўлган. БМТ маълумотларига кўра, мамлакатда бир миллиондан ортиқ киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Исроил эса, уруш давомида 26 нафар ҳарбий ва 4 нафар фуқароси ҳалок бўлганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Мудофаа кучлари 31 май куни Ливан жанубида жойлашган машҳур Бофорт (Қалъат аш-Шақиф) қалъасини эгаллаб олган эди.
Live
Барчаси