Италия Соловьёвнинг ҳақоратлари ортидан Россия элчисини чақиртирди
Олам
−
22 Апрель 10509 2 дақиқа
Россиянинг Римдаги элчиси Алексей Парамонов телебошловчи Владимир Соловьёвнинг Италия Бош вазири Жоржа Мелони ҳақидаги баёнотлари ортидан Италия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Бу ҳақда вазирлик раҳбари Антонио Таяни Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Таяни ўз баёнотида Соловьёвнинг Россия телевидениесида айтган гапларини “ўта жиддий ва ҳақоратли” деб атаб, Италия ҳукумати номидан расмий норозилик билдирганини айтган. У шунингдек, Мелонига тўлиқ ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш изҳор қилган.
ANCA агентлиги маълумотига кўра, Соловьёв “Тўлиқ алоқа” дастурида Мелони ҳақида итальян ва рус тилларида ҳақоратли иборалар ишлатган. Жумладан, у Бош вазирни фашизмда айблаган, “аҳмоқ Мелони” деб атаган ва сайловчиларига хиёнат қилганини таъкидлаган.
Италия Президенти Сержо Маттарелла Мелонига қўллаб-қувватлов хати йўллаб, ушбу баёнотлардан ғазабланганини билдирган.
Давлат телеканали устидан назорат қилувчи парламент комиссияси раҳбари Барбара Флоридиа ва Нои Модерати партияси вакили Мариастелла Гелмини ҳам бундай баёнотларни мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини, уларни сиёсий танқид сифатида оқлаб бўлмаслигини таъкидлаган.
Бундан ташқари, бу каби ҳолат аввал ҳам юз берган. 2025 йил ноябрида ҳам Парамонов Италия ТИВга чақирилган эди. Ўшанда Россия ТИВ вакили Мария Захарова Рим марказидаги Торре деи Сонти минорасининг қисман қулашини Италия сиёсати билан боғлаб изоҳлаган. Ушбу ҳодиса Римдаги Ларго Коррадо Риччи майдонида реставрация ишлари вақтида содир бўлган.
Захарова ўшанда Италияда “маъносиз харажатлар” давом этса, мамлакат “иқтисоддан тортиб минораларгача қулашини” айтган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 январь куни россиялик телебошловчи, Кремлга яқин пропагандист Владимир Соловьёв ўзининг жонли эфирида Украина ҳудудига уюштирилган “махсус ҳарбий амалиёт”ни “Россия таъсир доирасидаги бошқа ҳудудларда” ҳам, жумладан Марказий Осиё давлатлари ва Арманистонда ўтказиш зарурлигини айтганди.
Соловьёвнинг фикрича, Россия ҳозир қайси ҳудудлар унга тегишли эканини аниқ ва қатъий айтиши лозим. Шунингдек, журналист бу ҳаракатлар йўлида худди Украинага қилинган юриш каби “махсус ҳарбий амалиёт” бошлаш зарурати борлигини айтган.
Орадан бироз вақт ўтиб, Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Соловьёвнинг Россия Марказий Осиё ва Арманистонга “махсус ҳарбий операция” бошлаши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.
Захарованинг қайд этишича, россиялик журналистнинг фикрлари расмий Москванинг позициясини кўрсатмайди ва журналист бу гапларни ўзининг каналида айтган, холос. Захарова расмий баёнотни ваколатли шахслар бериши, бу диванда ётиб олиб гапирадиган таҳлилчиларнинг иши эмаслигини қўшимча қилган.
Live
Барчаси