Қамбарота ГЭС-1 қурилишига 4,2 млрд доллар кетади – Энергетика вазири

Жамият

image

Қамбарота ГЭС-1 қурилиши қиймати 4,2 млрд долларни ташкил этади, шу билан бирга, халқаро молия институтларининг молиялаштириш портфели эса 5,6 млрд долларга етган. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, сентябрь охирида Брюсселда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Энергетика вазирларининг Қамбарота ГЭС-1 қурилиш лойиҳаси бўйича учинчи давра суҳбати бўлиб ўтган. Жаҳон банки шафелигида ўтказилган ушбу йиғилишда 10 га яқин турли молиявий институтлар, шу жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, ОПЕК фонди, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Осиё тараққиёт банки, шунингдек, Италиянинг молиявий институтлари қатнашган.

Музокаралар иштирокчиларининг барчаси Қамбарота ГЭС-1 ҳудудий ҳамкорлик лойиҳаси бўлгани учун минтақада уникал ташаббус эканини қайд этган ва ҳали лойиҳа ҳужжатлари тайёр бўлмасдан туриб, ушбу лойиҳани молиялаштиришга тайёрлигини билдирган.

“Олдин бундай лойиҳаларни муҳокама қилиш у ёқда турсин, улар ҳақида гапира олмасдик ҳам. Гапириш тақиқланарди. Ҳозир ушбу бўлаётган музокараларни, бўлаётган мулоқотни халқаро молиявий институтлари юқори даражада тан олишяпти. Бунда Ўзбекистон Президентининг роли катталигини барча эътироф этди. Ўзбекистоннинг имижи, ҳозирги кунда дунё ҳамжамиятидаги ўрни, қилаётган ислоҳотлари, қилаётган иқтисодий ўзгаришлари, иқтисодий ўсиши натижасида улар ресурс ажратишга тайёр. Унга минтақавий ҳамкорликни ифодаловчи лойиҳа сифатида қарашмоқда ва лойиҳада иштирок этаётган давлатларнинг узоқ муддатли иқтисодий салоҳиятига, иқтисодий ўсишига ишонмоқда”, дейди вазир.

Жўрабек Мирзамаҳмудов лойиҳани амалга ошириш доирасида ҳукуматлараро келишув тайёрланиши, оператор ташкил қилиниши ва қўшма корхона тузилишини эслатган.

“Лойиҳа халқаро стандартлар бўйича – экология, хавфсизлик, иқтисодий жиҳатлар бўйича – халқаро консультантлар томонидан тайёрланган ҳужжатлар асосида, миллий манфаатларни ҳам инобатга олган ҳолда амалга оширилади”, дея қўшимча қилди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, Қамбарота ГЭС-1 нафақат иқтисодий лойиҳа, балки “яшил” энергетика лойиҳаси ҳамдир, у қайта тикланувчи энергия ресурслардан фойдаланиш имкониятини беради, шунингдек, у барча учта давлатга сув ресурсларини ҳам тўғри бошқариш имкониятини тақдим этади.

“Экологик тарафдан лойиҳанинг афзаллиги шундаки, кўп лойиҳаларни амалга оширганда, тўғон қилингандан кейин маълум бир ҳудудда сув кўпаяди ва у ерда аҳоли пунктлари ёки қандайдир бошқа объектлар бўлса, кўчириш керак бўлади. Ушбу лойиҳада бу нарсаларнинг олди олинган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ресурсларни тўғри бошқариш орқали ёзги вегетация вақтида қўшимча сув ресурсларини етказиб бериш имкониятини ҳам яратади. Фақатгина ўша режимларни, иш тизимини тўғри ташкил қилиш керак бўлади”, дейди Энергетика вазири.

Жўрабек Мирзамаҳмудов лойиҳада Қирғизистон улуши 34 фоиз, Ўзбекистон ва Қозоғистонники 33 фоиздан эканини эслатди. Шунга мувофиқ, ҳар бир мамлакат ўз улушига нисбатан электр энергиясини сотиб олиш ҳуқуқига эга.

”Лекин бу тижорий лойиҳа ҳисобланганлиги учун, ўша вақтда агарда бозор яхши бўлса, ҳудуддаги барча давлатларда истеъмол ошиб борса, ўзгаришларга имконият бор: қайсидир давлат кўпроқ олиши, қайсидир давлат талабидан келиб чиққан ҳолда камроқ олиши мумкин. Шунинг учун ҳам айтяпман, биргаликда бошқарилади, қўшма корхонада талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда”, дея аниқлик киритган вазир.

Маълумот учун, Қамбарота ГЭС – Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Норин дарёсида жойлашган энг йирик энергетик лойиҳа. Бўлажак ГЭСнинг қуввати 1860 МВтни ташкил қилади. ГЭСнинг сув омбори ҳажми 5,4 миллиард куб метр, тўғон баландлиги 256 метр. Станция йилига ўртача 5,6 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. ГЭСнинг қурилиши 10 йил давом этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қирғизистон Энергетика вазирлиги Европа Иттифоқи Қамбарота ГЭС-1 қурилиши учун 1 миллиард доллар ажратишини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ГЭС Энергетика Жўрабек Мирзамаҳмудов Қамбарота

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг