Қандай ухлаш энг фойдали экани айтилди

Бу қизиқ

image

Ёнбошлаб – эмбрион ҳолатида ёки “қаламча” ҳолатида (қўл-оёқлар чўзилган ҳолда) ухлаш умуртқа поғонасига тушадиган юкни камайтиради, кислота рефлюкси аломатларини енгиллаштиради ва қон айланишини оптимал даражада сақлайди. Бу ҳақда Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати шифокори Дебора Ли “Daily Mail” нашрига маълум қилди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, “қаламча” ҳолатида ухлаш кўплаб афзалликларга эга. Мэйо клиникаси маълумотларига кўра, тананинг бундай ҳолати ички аъзоларга босимни камайтиради ва дам олиш вақтида соғлом қон айланишига ёрдам беради.

“Мутахассислар одатда ёнбошлаб, тана ва бош бир томонга қаратилган ҳолда ухлашни тавсия этишади. Бу бўғимларга тушадиган юкни камайтиради, умуртқа поғонасининг тўғри ҳолатини сақлайди ва оғриқларнинг олдини олади”, дейди Ли.

Шифокорнинг қўшимча қилишича, эмбрион ҳолати – ёнбошлаб, тиззаларни кўкракка тортиб ухлаш ҳам умуртқа поғонасини текислашга ёрдам беради, хуррак отиш хавфини камайтиради ҳамда ҳомиладор аёллар ва бел оғриғидан азият чекадиганлар учун қулайлик яратади. Бироқ танани ҳаддан ташқари букиш бўғимларда қотиш ҳиссини келтириб чиқариши ёки чуқур нафас олишни қийинлаштириши мумкин.

Энг зарарли ҳолатлар қаторида шифокор чалқанча ухлашни тилга олди. “Аскар” ҳолати уйқу апноэсини – уйқу вақтида нафас бузилишини кучайтиради, шунингдек, кислота рефлюкси, яъни ошқозон кислотасининг қизилўнгачга қайтиш хавфини оширади. Бу айниқса ёстиқ баландлиги етарли бўлмаганда тез-тез кузатилади.

“Аскар” ҳолатида умуртқа поғонаси тўғри ҳолатда бўлади, бироқ унга тушадиган юкни камайтириш учун икки тизза остига ёстиқ қўйиш мақсадга мувофиқ – бу бел қисмидаги эгилишни юмшатади. Бундай ҳолат елкаларда ноқулайлик туғдириши мумкин, бундай вазиятда қўллар ён томонга ёзилган, “денгиз юлдузи”га ўхшаш ҳолат ёрдам беради”, дея хулоса қилди Ли.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Пенсильвания университети олимлари тадқиқот ўтказиб, смартфондан эрта фойдаланишни бошлаш билан ўсмирларда руҳий ва жисмоний муаммолар хавфи ортиши мумкинлигини аниқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

уйқу ухлаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг