Қашқадарёда 2300 йиллик шаҳар қолдиқлари топилди

Жамият

image

Ўзбекистонлик археологлар Қашқадарё воҳасида 2300 йилдан кўпроқ вақт олдин мавжуд бўлган қалъа-шаҳар қолдиқларини аниқлади. Бу ҳақда Украинанинг “The New Voice” нашри хабар берди.

Тадқиқотларга кўра, маҳаллий аҳоли “Бобуртепа” деб атаб келган ушбу маскан қарийб минг йил давомида аҳоли яшаган йирик шаҳар сифатида фаолият юритган. Шаҳар 6 гектар (14,8 акр) майдонни эгаллаган бўлиб, эҳтимол, Бухоро ва Хоразмни боғлаб турувчи муҳим савдо маркази вазифасини бажарган.

Икки йил давомида археологлар учта секторда қазиш ишларини амалга ошириб, мустаҳкамлаш иншоотлар – қалъа, қўриқлаш постлари ва мудофаа деворлари қолдиқларини топган. Лойиҳа раҳбари Санжар Абдураҳимов маълум қилишича, шаҳарнинг марказий қисми, эҳтимол, сарой ёки маросим зали бўлган. Бу ерда кенг хона, унга туташ хоналар, шунингдек, ўша давр бадиий анъаналаридан далолат берувчи ёрқин деворий суратлар (фрескалар) парчалари топилган.

Тадқиқотлар шаҳар ҳунармандчилик ишлаб чиқариш маркази бўлганини ҳам кўрсатмоқда. Археологлар кулолчилик устахоналари, тошга ишлов бериш жойлари, катта ҳажмли сақлаш идишлари ва кўплаб сопол буюмларини аниқлаган.

Мақолада таъкидланишича, бу кашфиёт Қашқадарё воҳасида археологик фаоллик кучайган бир пайтга тўғри келмоқда. 2025 йил давомида тадқиқотчилар 100 дан ортиқ аввал ҳужжатлаштирилмаган археологик ёдгорликларни рўйхатга олган. Самарқанд институти ушбу қазиш ишларини узоқ муддатли лойиҳа сифатида давом эттиришни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти археологлари томонидан Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳомийлигида амалга оширилаётган археологик қазишмаларнинг навбатдаги кунида ноёб топилма – милодий 10-11-юзйилликларга оид деворий суратлар аниқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё шаҳар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг