Қирғизистон Омбудсмани Президентнинг таклифига қарши чиқди

Олам

image
Жапаровнинг Конституцияга зид таклифи: 17 ёшли қиз билан боғлиқ воқеадан сўнг Президент Қирғизистонда ўлим жазосини тикламоқчи north_east

Жапаровнинг Конституцияга зид таклифи: 17 ёшли қиз билан боғлиқ воқеадан сўнг Президент Қирғизистонда ўлим жазосини тикламоқчи

Қирғизистон Омбудсмани Жамила Жаманбоева ўлим жазосини тиклаш ташаббусини қўллаб-қувватламайди. Бу ҳақда у БМТнинг доимий координатори Антье Граве ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Матильда Богнер билан учрашувда маълум қилди.

Жаманбоеванинг Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб айтишича, аёллар ва болаларга қарши жиноятлар сони ҳар йили 30 фоизга ошиб бормоқда.

“Биз жамият зўравонликнинг фожиали ҳолатларига қандай ҳиссий муносабатини тушунамиз, аммо ўлим жазосини тиклаш муаммони ҳал қилмайди, деб ҳисоблаймиз. Тергов сифатини оширишимиз, жазо муқаррарлигини таъминлашимиз ва жиноятчиликнинг олдини олиш чораларини кучайтиришимиз керак”, деди у.

Унинг сўзларига кўра, 2023 йилда Омбудсман институти ўлим жазосини қайтариш бўйича ўз позициясини бир гуруҳ парламент аъзолари Конституциявий судга ўлим жазосини тақиқлашни қайта кўриб чиқиш учун мурожаат қилганида билдирган.

Омбудсманнинг таъкидлашича, “Ақикатчи” институтининг позицияси ўзгаришсиз қолмоқда: ўлим жазосини қайта тиклаш Қирғизистоннинг халқаро мажбуриятларига, хусусан, мамлакат 2010 йилда ратификация қилган ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган Иккинчи факультатив протокол қоидаларига зиддир.

БМТ тизими вакиллари Омбудсман позициясини қўллаб-қувватлашини билдирди. Улар ўлим жазосининг тикланиши нафақат мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига зид эканини, балки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тарафдори бўлган давлат сифатидаги халқаро обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.

Маълумот учун, Қирғизистонда ўлим жазоси 2007 йилда расман бекор қилинган. Шу йилнинг 27 июнида Жиноят кодексига ўзгартириш киритилиб, ўлим жазоси ўрнига умрбод қамоқ жорий этилган. Аслида эса 1998 йилдан бошлаб қатл ижроси амалда тўхтатилган, яъни мораторий амал қилган. 2010 йилда Қирғизистон “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пакт”нинг иккинчи ихтиёрий протоколини ратификация қилиб, ўлим жазосини бутунлай бекор қилиш мажбуриятини олган.

Конституцияда ҳам “ҳеч ким ҳаётдан маҳрум этилмаслиги керак” деган норма бор. Шундан буён мамлакатда ўлим жазоси қўлланмайди, унинг ўрнини умрбод қамоқ эгаллаган. Айрим депутатлар ва сиёсатчилар кейинчалик, масалан, болаларга нисбатан оғир жиноятлар учун ўлим жазосини қайта тиклаш ҳақида таклифлар киритган, ҳатто референдум ўтказиш масаласи ҳам кўтарилган. Лекин ҳуқуқ фаоллари ва халқаро ташкилотлар буни қўллаб-қувватламайди ва ўлим жазосининг қайта тикланишини инсон ҳуқуқларига зид деб ҳисоблайди. Шу сабабли бугунги кунда Қирғизистон расмий равишда ўлим жазоси бутунлай бекор қилинган давлат ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Президент Садир Жапаров болалар ва аёлларга нисбатан ўта оғир жиноятлар учун ўлим жазосини тиклашни таклиф қилган эди. Бу ташаббусга жорий йилнинг 27 сентябрь куни ўғирлаб кетилган ва зўрланган 17 ёшли Ойсулув Мукашеванинг ўлдирилиши сабаб бўлган. Бу фожиа кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган эди.

Жапаров мамлакатда ўлим жазосини қайта тиклаш ташаббусига фақат халқ ҳақли эканини айтди. Шунингдек, у коррупция жиноятлари ўлим билан жазоланиши мумкин эмаслигини таъкидлади. У ўлим жазоси фақат шафқатсиз қотилликлар ва педофиллик учун бўлишини айтди.

Конституцияга ўлим жазосини қайта тиклашни назарда тутувчи ўзгартиришлар жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Қирғизистон БМТнинг ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги протоколини ратификация қилишни ҳам қайтариб олишни режалаштирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон БМТ Омбудсман ўлим жазоси Марказий Осиё Садир Жапаров Жамила Жаманбоева Ойсулув Мукашева Матильда Богнер Антье Граве

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг