Қирғизистонда амалдорлар учун янги чекловлар жорий этилди
Олам
−
18 Февраль 795 2 дақиқа
Жорий йилнинг 17 февраль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров амалдорларга хорижда ҳисоб рақам очишни тақиқловчи “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Қонунга кўра, эндиликда амалдорлар хорижий банкларда ҳисоб рақам оча олмайди (фақат баъзи расмийлар бундан мустасно). Шунингдек, амалдорларнинг қариндошлар бизнесига кўмаклаша олмайди, қариндошлари билан боғлиқ компаниялар билан иш қилолмайди, давлат ресурсларини шахсий мақсадда ишлата олмайди ва протокол совғаларидан ташқари совға ололмайди.
Бундан ташқари, давлат идоралари коррупция ҳақида хабар бериш учун хавфсиз йўл яратиши ва хабар берганларни ҳимоя қилиши шарт қилиб белгиланган.
Қонунда “коррупция манбаи”, “коррупциявий хавф”, “коррупцияга қарши текширув” ва “коррупцияга қарши стандартлар” каби тушунчалар киритилган, шунингдек, “яқин қариндошлар” ва “боғлиқ шахслар” тушунчалари аниқлаштирилган.
Биринчи марта қонунчилик даражасида коррупцияни олдини олиш учун махсус ваколатли давлат органи ташкил этилган. Бу орган давлат сиёсатини шакллантириш, коррупциявий хавфларни таҳлил қилиш, чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш ва йил якунида мамлакатдаги коррупция ҳолати бўйича ҳисобот бериш билан шуғулланади.
Молиявий назорат ҳам олдингидан кучайтирилган: мазкур қонунга мос тушадиган шахслар ўз акцияларини ишончли бошқарувга топшириши, даромад, харажат ва мол-мулкларини, жумладан, хорижий банк ҳисоблари ва компанияларни декларация қилиши шарт. Солиқ идоралари ва молиявий разведка хизматлари даромад ва харажатларнинг мослигини текширади, ноқонуний бойлик белгиси аниқланса, материаллар прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.
Қонунда, шунингдек, коррупциявий хавфни баҳолаш, норматив ҳужжатларни коррупцияга қарши текшириш, коррупцияга оид жиноятлар реестрини юритиш ва соҳа бўйича ҳуқуқий статистика тузиш мажбурияти белгиланган.
Қонун эълон қилинганидан 10 кундан сўнг кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда давлат хизматчилари учун қирғиз тилини билиш талаблари кучайтирилгани хабар қилинган эди.
Live
БарчасиАрманистонда отишма юз берди. Қурбон бор
18 Февраль