Қирғизистонда ўқувчилар оммавий заҳарланди

Олам

image

Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги мактаблардан бирида оммавий заҳарланиш ҳолати юз берди – шифохонага жами 58 киши мурожаат қилган, шундан 54 нафари болалар. Уларнинг барчаси шаурма истеъмол қилгани аниқланган. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, кеча, 31 октябрь куни кечқурун Республика юқумли касалликлар клиник шифохонасига қайта-қайта қусиш, диарея ва кучли оғриқ белгилари билан беморлар олиб борилган.

Аниқланишича, уларнинг барчаси тушлик пайтида мактаб ошхонасида тайёрланган шаурмадан истеъмол қилган. Жами 58 киши шифокорларга мурожаат қилган, шундан 54 нафари болалар, тўрт нафари эса катталар.

9 нафар бемор шифохонага ётқизилган, уларнинг аҳволи барқарор. 49 киши эса кўрикдан сўнг зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, уй шароитида даволаниш учун юборилган. Беморларнинг ошқозони ювилган, зарур таҳлиллар олинган. Ҳодиса юзасидан эпидемиологик тергов ишлари бошланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятининг Фориш туманида жойлашган 4 та мактабгача таълим муассасаларида 37 нафар бола оммавий равишда овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Бишкек оммавий заҳарланиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг